Қуръони карим қиёматга қадар ўзгармайдиган илоҳий китоб бўлиб, унинг муҳаббати мусулмонлар қалбини забт этиб келади. Шунингдек, ушбу илоҳий китоб ҳақида мусулмон олимларидан ташқари номусулмон олимлар ҳамда Қуръонни ўрганиб чиққанидан сўнг исломга кирган бир қанча соҳа вакиллари ҳам талайгина. Улар қуръони карим ҳақида бир-биридан гўзал сўзларни айтганлар. Қуйида эътиборингизга шундай инсонларнинг Қуръон ҳақидаги фикрларидан иқтибослар келтирамиз.
“Мен Қуръони каримни ўрганиб чиқдим. Мақсадим, Қуръон матнлари ҳамда замонавий илм кашфиётлари орасидаги мувофиқлик даражасини тадқиқ қилиш эди. Унда замонавий илмлар тарафидан танқид қилиниши мумкин бўлган биронта сўз йўқлигига амин бўлдим” – Морис Бокай, франциялик олим.
“Қайсидир замонда Таврот инсонни тўғри йўлга бошловчи ва ҳаёт йўлининг асоси бўлган. Исо алайҳиссалом келгач, Инжил таълимотларига эргашилди. Кейин Қуръон иккаласининг ўрнига келди. Шунингдек, у уларда содир бўлган ўзгариш ва бузилишларни тузатди. Қуръон ҳамма нарсани ўз ичига олган. Ҳамма қонунларни ўзида жамлаган. Чунки у самовий китобларнинг охиргисидир” – Вашингтон Ирвинч, америкалик шарқшунос.
“Қуръон раҳмдиллик ва покликка ҳамда юксак ахлоқ йўлларига чақиради. Аллоҳ таоло халифа Усмон розияллоҳу анҳуни фазл-марҳамати билан тақдирлади. Яъни Усмон розияллоҳу анҳу Қуръон нусхаларининг кўплиги сабабли пайдо бўладиган хатарларни бартараф қилишга ҳисса қўшди. Мусулмонлар ўзларига нозил қилинган китобларининг матнлари у тарафидан жамланганлиги туфайли авлодлар оша бир китобга эътиқод қилиб келмоқдалар. Албатта, Қуръон фақатгина маъно ва таълимотлари билан мўжиза бўлиб қолмай, уни аввало инсоният тақдим қилган ва улуғлаган туҳфалардан олийроқ бўлган гўзал адабий туҳфа дейиш мумкин. Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бошланишда янги динга қарши қаттиқ курашувчиларидан бўлишига қарамай, Қуръондан бир парча эшитганидан кейиноқ ушбу дин ёрдамчиларининг баҳодирларидан бирига айланди. Эъжоз (Қуръоннинг мўъжизакорлиги ҳамда ожиз қолдирувчи экани) – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг сўзларини тасдиқловчи мўъжизадир” – Р.Блашер, франциялик олим.
Тошкент ислом институти талабаси
Турсунбоев Абдулаҳад