Жин тегишининг асосий сабабларидан бири шуки, содда-нодон одамларнинг “халоскори” бўлмиш фолбин, парихон, бахшилар кофир, зараркуранда жинлар ила ҳамкорликда ишлайдилар. Кўп ҳолларда шулар томонидан жинларни ишга солиб ўзига ёки пулдор мижози (клиенти, харидори) га ёқмаган ёки душманлиги бор одамларни сеҳрлаш, турли зарарлар етказиш кўпайган ҳозир.
Ҳаётнинг ҳамма томонини қамраб олган, ҳеч бир жабҳасини эътиборсиз қолдирмайдиган мукаммал динимиз – Ислом таълимотлари ва кўрсатмаларида шунинг учун мусулмон киши ҳар жойга тик туриб, бавл, пешоб қилиб, таҳоратини ушатиб, ҳожатини чиқариб кетавермаслиги таъкидланган-да!
Ҳа азизлар, Ислом ҳаётий диндир. Бу арзимас масала-ку деб, ҳаётнинг бирор масаласига беписандлик, лоқайдлик, совуққонлик билан ёндашган эмас. Балки “касални даволашдан кўра касалликнинг олдини олиш керак ”, деган қоида Исломнинг қоидасидир. Ҳар қандай мавзуда уни қандай қилиб олдини олиш керак, бордию, бепарволик билан олдини олинмай қолганда, уни энди қандай бартараф этиш мумкинлигини ипидан игнасигача тўлиқ баён қилиб, ёритиб беришни ўзининг масъулияти деб биладиган ва буни фахр билан бажарадиган ягона ҳақиқий таълимот – Ислом таълимотидир.
Жумладан, жин тегишининг ҳам олдини олиш, шунга мубтало бўлиб қолган кимсанинг қандай қутқариш йўлини ҳам тўлиқ ва мукаммал баён қилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закоти (Фитр садақаси) ни сақлаб, қўриқлаб туришга вакил қилдилар. Қуриқлаб турсам, кечаси биттаси келиб, озиқ-овқатлардан ҳовучлаб ола бошлади. Шунда уни ушлаб олдим-да: “Қасамки, (эрта билан) сен ўғрини Расулуллоҳнинг олдиларига олиб бораман (ва У зот нима десалар, шуни қиламан)”, дедим. У эса: “Мен шунга муҳтожман, оилам, бола-чақам бор, жуда эҳтиёжманд (қашшоқ) ман”, деди. Ха, майли, ундай бўлса деб қўйиб юбордим. Шундай қилиб, тонг-саҳарда Расулуллоҳнинг ҳузурларига бордим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Ҳурайра, кеча тунда асиринг нима қилди”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, у менга жуда муҳтожлиги ва серфарзандлигини арзиҳол қилди. Шунда раҳмим келиб, қўйиб юбордим”, – дедим. У зот: “Ха, у сени алдабди-ку, майли, ҳали у яна қайтиб келади”, дедилар. Мен уни пойладим. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ айтганларидек келди ва озиқ-овқатлардан ҳовучлаб ола бошлади. Шунда уни ушлаб олдим-да: “Қасамки, (эрта билан) сен ўғрини Расулуллоҳнинг олдиларига олиб бораман (ва У зот нима десалар, шуни қиламан)”, дедим. У эса: “Қўйиб юбор. Мен шунга муҳтожман, оилам, бола-чақам бор, энди қайтиб келмайман”, деди. Мен яна рахмим келиб, қўйиб юбордим. Мен яна саҳар пайтида Расулуллоҳнинг ҳузурларига бордим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Ҳурайра, кеча тунда асиринг нима қилди”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, у менга жуда муҳтожлиги ва серфарзандлигини арзиҳол қилди. Шунда раҳмим келиб, қўйиб юбордим”, – дедим. У зот: “Ха, у сени алдабди-ку, майли, ҳали у яна қайтиб келади”, дедилар. Мен уни учинчи кеча ҳам пойладим. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ айтганларидек келди ва озиқ-овқатлардан ҳовучлаб ола бошлади. Шунда уни ушлаб олдим-да: “Қасамки, (эрта билан) сен ўғрини Расулуллоҳнинг олдиларига олиб бораман (ва У зот нима десалар, шуни қиламан). Мана энди бу учинчиси охиргиси. Сен ўзингча ҳар сафар қайтиб келмайман деб, яна келаверар экансан”, дедим. У эса: “Мени қўйиб юбор. Мен сенга бир неча сўзларни ўргатиб қўяман. Улар сабабли Аллоҳ сенга манфаат берур”, деди. Мен: “Нима экан у ўргатадиган сўзларинг”, дедим. Шунда у: “Тўшагингга ётган вақтингда “Оятал-алкурсийни”, ўқи: “Аллоҳу ла илаҳа илла ҳувал ҳайюл қайюм…” ни то оятни охиригача ўқигин. Шундай қилсанг, тонгача сени устингдан Аллоҳ таоло томонидан (таъйинланган) бир қўриқчи-сақловчи узилмайди ва сенга ҳаргиз шайтон яқинлаша олмайди”, деди. Шунда мен уни қўйиб юбордим ва яна саҳар пайтида Расулуллоҳнинг ҳузурларига бордим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Ҳурайра, кеча тунда асиринг нима қилди”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, у менга Аллоҳ менга улар билан манфаат берадиган бир неча сўзларни ўргатиб қўйишини” айтди. Шунда мен уни қўйиб юбордим”, – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима экан у ўргатадиган сўзлари?”,
дедилар. Мен унинг (ўғри, асиримнинг): “Тўшагингга ётган вақтингда “Оятал-алкурсийни”, ўқи: “Аллоҳу ла илаҳа илла ҳувал ҳайюл қайюм…” ни то оятни охиригача ўқигин. Шундай қилсанг, тонгача сени устингдан Аллоҳ таоло томонидан (таъйинланган) бир сақловчи, қўриқловчи узилмайди ва сенга ҳаргиз шайтон яқинлаша олмайди”, деганини айтдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ха, бу сафар сенга тўғри гапирибди. Ўзи у доимо алдайдиган ёлғончи”, дедилар-да: “Эй
Абу Ҳурайра, сен ўзи уч кечадан буён ким билан гаплашаётганингни биласанми ”, дедилар. Мен: “Йўқ”, дедим. Шунда У зот алайҳисалоту вассалом: “У шайтон эди”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадиси шарифдан қуйидаги маънолар олинур:
- Инсон уйқуга ётишида “Оятал-курсий”ни ўқиб, Аллоҳдан паноҳ сўраб ётиши билан Аллоҳ таолога боғланиб қолиши ва унга шайтон-у жинлар яқинлаша олмаслиги. Буни шайтоннинг ўзи ўз тили билан иқрор қилган экани.
- Шайтон ҳам мўмин-мусулмонларга фойдаси тегадиган баъзи нарсаларни билиши мумкин экани.
- Ёлғончи ҳам баъзида рост сўзлаши мумкин экани.
- Фосиқ-фожир, гуноҳкор одам ҳам ҳикмат (фойдали илм)ни ўрганиб олиб, ундан ўзи фойдалана олмаса ҳам, бошқалар ундан ўрганиб, фойдаланиши мумкин экани ва бошқалар.
Юқоридаги ривоят қилинган воқеадан маълум бўлади-ки, уйқуга ётишдан олдин “Оятал-курсий”ни ўқиш жин тегишининг олдини олувчи кафолатли қурол экан. Буни кимсан, жинларнинг бобоси бўлмиш шайтоннинг ўзи айтган экан.
Энди бунга амал қилмай, жиндан сақланиш йўлларини билмай, тик туриб бавл қилибми ёки бошқа бир сабаб биланми – Аллоҳнинг тақдири энди – нимадир бўлиб жин тегиб, шундан азоб чекиб юрган одам нима қилиши кераклиги ҳақида ҳам мукаммал динимиз Ислом ўзининг халоскор ва қутқарувчи воситаларини кўрсатган. Уларнинг баъзиларини айтиб ўтамиз:
- Жин теккан ё сеҳрланган одамга ихлос билан, Аллоҳ таолодан шу бандасини бу балодан Ўзи қутқаришини умид қилиб, “Фотиҳа” сурасини ўқиб дам солиш. Бунинг натижаси, эффекти ҳам саҳобалар ҳаётида синалгани машҳур ва маълум;
- “Ихлос” сурасини ўқиб дам солиш;
- “Фалақ” ва “Нос” сураларини ўқиб дам солиш. Бу суралар айнан Пайғамбаримиз Лабид томонидан сеҳрланганларида туширилган ва шуларни ўқишлари билан ўша вақтнинг ўзида тузалганлар;
- “Кофирун” сурасини ўқиб дам солиш;
- “Оятал-курсий” ни ўқиб дам солиш;
- “Ёсин” сурасини ўқиб дам солиш.
- “Бақара” ва “Оли Имрон” сураларини ўқиб дам солиш. Ҳадиси шарифларда бу икки сура ҳар қандай сеҳрнинг кучини бекор қилиши таъкидланган. Жин воситасида қилинган сеҳрми ёки бошқа йўл биланми фарқи йўқ.
Шуни таъкидлаш лозим-ки, ривоятларнинг аксарида, балки барчасида шундай касалланган одамларга ихлосли, тақволи кишилар томонидан бир марта дам солинганида, беморнинг тузалгани айтилади. Бунинг учун дам солувчи одам аввало, тақволи, холис ниятли бўлиб, бемор шу дардидан халос бўлишини Аллоҳдан сўраб, бор имкониятини ишга солган ҳолда қайси сурани неча марта ўқиса шу дарддан қутиладиган бўлса, шунча марта астойдил ўқимоғи шарт. Бугун фалонча, эртага пистон марта, индинга унча-бунча қилиб, беморнинг бироз касали енгиллаганини кўриб, кейин ўзини пайсалга солиб: “Бугун вақтим йўқ, эртага ўқийман”, деб нархини ошириш билан иш самара бермайди. Ора ичида беморнинг ҳам ихлоси қолади.
Кейин яна бир нарса, баъзи саҳобалар “Руқя” дам солишга бемордан бирор нарса берсанг, кейин дам соламан деганлари шундай қилиш фарз дегани эмас. Саҳобалар ҳам дам солиб ҳақ олганлар-ку, деб, бу ишни мўмай даромад манбайига айлантириб олган баъзи кимсалар ҳам йўқ эмас. Улар ўша ўзларига далил ва дастак қилиб олган ривоятларини тўлиқ ўқиб ҳам чиқмаган, кўплари. Ўқиган бўлса ҳам ўзига қарши жойини билмасликка олади. Имом Бухорий ва Термизий боболаримиз хабар берган ўша ривоят қуйидагича:
Саҳобалар сафарда кетаётганларида ҳеч бир егуликлари қолмай, бир маҳалла аҳлидан: “Биз мусофирмиз, егани егулигимиз қолмади. Бизни бир бор меҳмон қилиб, қорнинимизни бироз тўйдиринглар, деб илтимос қилишади. Шунда ҳалиги маҳалла аҳли: “Йўқ”, жавобини берадилар. Ночор қолган саҳобалар умидни узиб яна йўлга равона бўладилар. Аллоҳнинг тақдири ила ҳалиги бахил маҳалланинг бошлиғини бир нарса чақиб олади. Ҳеч бир даво топилмагач, саҳобаларнинг ортидан одам юбориб, аҳволни тушунтиришади. Шунда бир саҳоба: “Менда унинг давоси бор. Лекин энди мен ҳам бир неча қўй бермасангиз, даволамайман”, дейди. Шунда улар рози бўлишади. Ҳалиги саҳоба бориб, “Фотиҳа” сурасини ўқиб, дам сола бошлайди. Шунда ҳалиги бахил маҳалла бошлиғи тузалади ва келишилган нарсани беради. Шундан сўнг баъзи оч қолган саҳобалар уни еймиз, деганларида ҳалиги дам солган саҳоба рози бўлмайди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраймиз ва У зотнинг ҳукмларига қараб иш тутамиз, дейди. У зот алайҳиссалоту вассаломга бўлиб ўтган ҳолатни айтилганида кулдилар ва: “Сенга у (“Фотиҳа” сураси)нинг “Руқя” (касалга шифо ниятида ўқилиб, дам солинадиган сура) эканини ким ўргатган”, дейдилар-да, “Олаверинглар, менга ҳам бир бўлак улуш олиб қўйинглар”, деганлар.
Мана, ривоятни кўрдингиз. Бунинг бирор жойида ҳақ олмаса, эм бўлмайди, шифо бўлмайди, даво бўлмай қолади, деган даъволардан асар ҳам йўқ. Саҳобалар қандай вазиятда ҳақ олишга қарор қилганларини ҳам кўриб турибсиз. Кимлардан ҳақ талаб қилмоқдалар? Мусулмон одамларданми ёки бошқаларданми? Ночор аҳволга тушиб қолиб, мажбурликдан талаб қилишга қилдилар-ку, ейишга ботина олмадилар. Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан уни ейиш ҳукми нима эканини сўрамай туриб, ейишга журъат қила олмадилар. Бу тақво эмасми? Парҳезкорликнинг энг чўққиси эмасми?
Бугунги кунда дам солишни савдогарликка айлантириб олиб, савдолашаётган дам солувчилар ёки бироз камбағаллик ва етишмовчилик сабабли озроқ пул берган одамнинг муолажасини ортга суриб, телефонини ўчириб олиб, кўпроқ берадиган мижоз, клиентига ўзининг шахсий машинасида айтилган вақтдан илгарироқ бориб, дам солувчи баъзи кимсалар, бир марта ихлос билан дам солса, тузалиб, соғайиб кетадиган бой беморни етти марта келишга мажбурловчи жинкаш-у парихонлар ҳам бу ишларининг ҳукмини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрасалар, У зот нима деб жавоб беришларини бир хаёлларига келтириб қўйсинлар. У зот: “Майли, шу ишингиз дуруст”, десалар, марҳамат, ёқимли иштаҳа…
Тошкент ислом институти
4-курс талабаси Абдулахатов Орзубек