islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мулла Али Қори яшаган даврдаги сиёсий вазият

XVI аср бошларида Афғонистон тахти учун Сафавийлар ва Темурийлар ўртасида кураш борар еди. Сафавийлар шоҳи Тахмасп (1524-1576) кучли қўшин билан келиб Қандаҳорни босиб олади. Бобур Мирзонинг ўғли Ҳумоюн Ҳиндистон тахти учун курашда Шерхонга мағлуб бўлади.

1554 йилга келиб, яхши тайёргарлик кўрган Ҳумоюн ўз тахтини яна қайтариб олади.[1] У мамлакатнинг шимолий қисмини қўлга киритиб, Шерхоннинг тарафдорларига қарши кураш олиб боради. Уларни мағлуб етади, кўп ўтмай ўзи вафот етади. Унинг ишини ўғли Акбаршоҳ давом эттиради.

Акбаршоҳ Ҳиндистон тахти учун кураш олиб бораётган бир пайтда, Сафавийлар вазиятдан унумли фойдаланади ва Қандаҳорни босиб олади. Сўнгра Афғонистон 37 йил мобайнида Сафавийлар ҳукмронлиги остида бўлади.

1595 йилда Акбаршоҳ катта куч тўплаб Қандаҳорни қайтариб олади ва бу шаҳар 1622 йилга қадар Темурийлар қўл остида бўлади.[2]

Мулла Али Қорининг таваллуд топган жойи Ҳирот ўша даврларда илм-фан ва маданият тараққий етган марказлардан бири эди. У ерда адабиёт ва шеърият гуллаб-яшнаган бўлиб, олимлар ва фозиллар ижод қилишар еди. Бу ердаги кўплаб мадрасаларда диний ва дунёвий билимлар ўргатилар эди. Ана шундай ижтимоий-сиёсий ва тарихий жараёнлар рўй бераётган бир пайтда Мулла Али Қори дунёга келиб, вояга етди умрининг бир қисмини шу диёрда ўтказди.

Араб диёрларидан бири бўлган Ҳижоз [3] еса ўша пайтда Усмонли турк империяси таркибидаги бир вилоят еди. XVI асрда дерли барча араб мамлакатлари турк ҳукмдорлари томонидан босиб олиниб, Усмонли турк империяси таркибига киритилган эди. Араб мамлакатлари ичида биринчилардан бўлиб Сурия ва Миср ўз мустақиллигини йўқотди. Ҳижоз еса ўша вақтларда Миср таркибида еди. Ҳижознинг деҳқон ва бадавий арабларига мамлуклар томонидан турли хил зулмлар ўтказилар еди. Миср ҳукмдорларининг Ҳижоз халқи бошига катта солиқлар солиб, уларга зулм  ўтказиши  турк империясининг Мисрни босиб олишига сабаб ва улар учун анча қўл келадиган вазият бўлган еди. Турк султони Салим I Миср мамлукларини 1516 йили Ҳалаб яқинида мағлубиятга учратди.[4]

1517 йили турклар Салим I бошчилигида Қоҳирани ҳеч қандай қаршиликсиз, осонлик билан қўлга киритишади.Усмонли турк империясининг Мисрни босиб олганлиги ўз-ўзидан Ҳижоз ҳудуди устидан ҳам ҳукмронликни қўлга киритиши еди. Ўша вақтларда дунёнинг турли жойларидан минглаб ҳажилар зиёратга борадиган Макка-и Мукаррама ва Мадина-и Мунаввара  шаҳарларини озиқ-овқат билан таъминлаш ишлари Миср ҳукумати томонидан амалга оширилар еди. Миср Усмонли турк империяси қўлига ўтгандан сўнг бу борада саъйи-ҳаракатларни турклар ўз қўлларига олдилар. Турк султони Салим I Қоҳирада яшаган охирги Аббосийлар халифасидан халифалик унвонини олди. Ўшандан эътиборан халифалик усмонли турклар империяси томонига ўтади. Салим I Каъбанинг калитини олиб, “Ходимул-ҳарамайн аш-шарийфайни” (икки муқаддас ҳарам хизматкори) унвонини ҳам қўлга киритади.[5]

Турклар бошқаруви билан бир қаторда Араб мамлакатларига тасаввуф ҳам кириб келди. Ўша даврларда тасаввуфдан чуқур кетиб, адашган баъзи бир фирқалар ҳам пайдо бўлган эди. Мулла Али Қори еса уларга қарши бир неча раддиялар билан жавоб қайтардилар.

Манбалар асосида Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти талабаси

Мухаматдинов Ҳазаратдин тайёрлади.  

 

[1] В.М. Масон, В.А.Ромодин “История Афганистана”. М.: М.Наука. 1965 г., 2-т. 17-стр.

[2]В.М. Масон, В,А.Ромодин “История Афганистана”. М.: М.Наука. 1965 г., 2-т. 18-стр.

[3] Ҳозирги Арабистон ярим оролининг қадимги номи (муал.)

[4] Стенли Лен-Пулъ. “муслъманские династи” – Т.: Узбекистон, 1996 г. 350-стр.

[5] Всемирная история (в 10-ти томах). -М.: Издателство социално-экономической литературы”, 1958 г, 4-том, 591-601 стр.

425670cookie-checkМулла Али Қори яшаган даврдаги сиёсий вазият

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: