islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Йўлда юриш одоби: Иймон кўзгуси ва жамият синови

Бугунги кунда йўлларда содир бўлаётган тартибсизликлар, қўполлик, бепарволик ва масъулиятсизлик фақатгина техник муаммо эмас. Бу – ахлоқий ва маънавий инқирознинг очиқ кўринишидир. Ислом дини инсон ҳаётининг ҳар бир жиҳатини тартибга солгани каби, йўлда юриш маданиятига ҳам бефарқ эмас. Аммо ачинарли томони шундаки, ўзини мусулмон деб билган айрим кишилар айнан йўлда ўз иймонини “йўқотиб қўяётгандек” тутадилар.

Йўл синов майдони

Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ йўл ҳақида гапирар эканлар: “Йўлда ўтиришдан сақланинглар”, деганлар. Саҳобалар заруратни айтганларида эса: “Унда йўлнинг ҳаққини адо этинглар”, деганлар. Йўлнинг ҳаққи эса – зарар бермаслик, саломга алик олиш, ёмонликдан қайтаришдир.

Бугун эса йўл – сабр, ҳалоллик ва ҳурмат эмас, балки асаб, шошқалоқлик ва худбинлик майдонига айланиб қолмоқда. Кимдир светофорга амал қилмайди, кимдир пиёдани одам ўрнида кўрмайди, яна кимдир “мен шошиляпман” деган баҳона билан бошқаларнинг ҳаётини хавф остига қўяди. Савол туғилади: ўзни бундай тутиш қайси дин, қайси иймон талаби?

Бепарволик гуноҳнинг бир кўриниши

Исломда инсон жонига зиён етказиш энг катта гуноҳлардан саналади. Аммо тезликни ошириб, телефонга қараб машина ҳайдаш, маст ҳолда рулга ўтириш ёки техник носоз транспорт билан йўлга чиқиш – буларнинг барчаси қотилликка элтувчи билвосита омиллар эмасми?

Афсуски, баъзилар масжидда тақво ҳақида гапириб, кўчада қоидани бузишни “айёрлик” деб билади. Бу эса иккиюзламачиликнинг яққол кўринишидир. Чунки ҳақиқий тақво – фақат намозда эмас, рул ортида ҳам намоён бўлади.

Айб фақат бошқаларда эмас

Кўпинча йўл маданияти ҳақида гап кетганда, айбни ҳайдовчиларга ёки ЙПХ ходимларига юклаймиз. Лекин пиёдалар-чи? Белгиланмаган жойдан йўл кесиб ўтиш, светофорнинг қизил чироғида югуриш, қулоқчин тақиб, атрофга бепарво юриш – булар ҳам ўз жонига беписандлик эмасми?

Ислом эса: “Ўз қўлларингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламанг”, деб огоҳлантиради. Демак, йўлда масъулият фақат битта томоннинг вазифаси эмас – ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.

Хулоса ўрнида

Йўлда юриш одоби – бу шунчаки қоидалар мажмуи эмас, балки иймон даражасининг кўрсаткичидир. Агар биз йўлда бир-биримизни ҳурмат қилмасак, сабрли бўлмасак, қонунни менсимасак – демак, гап фақат тирбандликда эмас, қалбларимизда муаммо борлигини англатади.

Жамиятни тузатишни баланд минбарлардан эмас, оддий светофордан, пиёдалар йўлагидан, рул ортидаги ниятдан бошлаш вақти келди. Чунки ҳақиқий мусулмон – одамлар ундан зарар кўрмайдиган кишидир. Ҳатто йўлда ҳам.

Жаъфархон СУФИЕВ,

ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,

Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби

460560cookie-checkЙўлда юриш одоби: Иймон кўзгуси ва жамият синови

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: