Рамазон ойи мусулмонлар учун ибодат, тавба, раҳмат ва мағфират мавсумидир. Бу ойнинг энг улуғ неъматларидан бири – Қадр кечаси бўлиб, Аллоҳ таоло бу муборак тунни бутун инсоният тарихидаги энг шарафли вақт қилиб белгилади. Унинг фазилати ҳақида Қуръони Каримда алоҳида сура нозил қилинган бўлиб, унда: «Албатта, Биз уни (Қуръонни) Қадр кечасида нозил қилдик» (Қадр сураси, 1-оят), деб марҳамат қилинади. Ушбу оят Қадр кечасининг нақадар улуғ ва муборак эканини англатади, зеро инсониятга тўғри йўлни кўрсатувчи Каломуллоҳ айнан шу кечада дунё осмонига туширилган. Шу сабабли бу тун мўмин-мусулмонлар учун раҳмат эшиклари ланг очиладиган, гуноҳлар кечирилиб, нажот топиладиган фурсатдир.





