islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Институт

Бўлимлар

Тошкент ислом институти талабаси Қуръонни 11 соатда ёддан ўқиб, хатм қилди!

Тошкент ислом институтининг 3-курс талабаси Турғунбоева Рухсора 30 пора Қуръони каримни бир кунда, 11 соат ичида ёддан ўқиб берди. Қуръони каримни ўқиш жараёнини «Қуръон илмлари» кафедраси ўқитувчилари Жаҳонгир қори Неъматов, Аҳмадхон қори Рашидов, Валихон қори Азимбоев, Абдулбосит қори Қобилов, Робия Нажмиддинова ва бошқа устоз ҳамда талабалар кузатиб бордилар. Ушбу натижани тақдирлаш учун 3-апрель куни тадбир ташкил қилинди. Тадбирда ТИИ Илмий ишлар ва фан бўйича проректор, доцент Соатмурод домла Примов, ТИИ Ўқув ишлари бўйича проректор Жаҳонгир домла Рўзиев, Қуръон илмлари кафедраси мудири Жаҳонгир домла Неъматовлар иштирок этишди. Соатмурод домла Примов мазкур натижани эътироф этиб, устозларга ғайрат ва шижоат тилади. Шунингдек Турғунбоева Рухсоранинг Тошкент ислом институтида ўтказилган «Қуръони мусобақаси – 2025» танловида ғолиб бўлганини эътироф этиб, яқин кунларда Иорданияда бўлиб ўтадиган Халқаро Қуръон мусобақасидаги иштирокида муваффақиятлар тилади. Қуръони каримни 11 соатда ёддан ўқиб, хатм қилган Рухсора Турғунбоева ноутбук ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Сўнгги ойда Қуръонни бир ўтиришда ёддан ўқиб берган талабалар – Музаффархонова Робия ва Турғунбоева Рухсоранинг ота-оналарига ТИИ ректори ташаккурномаси топширилди. Эслатма: Тошкент ислом институтида Қуръонни бир кунда хатм қилиш анъанаси… «Қуръон илмлари» кафедраси устозларининг меҳнати натижасида Тошкент ислом институтида Қуръони каримни бир кунда тўлиқ ёддан ўқиб бериш анъанага айланди. Бугунги кунга қадар бундай ютуққа эришган қориялар сони 13 нафарга етди. Шу вақтгача ушбу натижани қуйидаги қориялар қайд этган: Гулруҳ Кенжабек қизи; Робия Нажмиддинова; Фотима Абдуллаева; Ҳавасхон Акбарова; Сайдиллаева Назокат; Мираҳмадова Ҳуснора; Муҳамматханова Мухлиса; Қурбонова Хадича; Орифжонова Муҳсина; Амина Хўжаёр; Руқайя Юсуфий; Музаффархонова Робияхон. Тарихий маълумот: 2014 йилда Тошкент ислом институти тарихида илк бор Ихтиёр қори Абдураҳманов Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда тўлиқ ёддан ўқиб берган. Робия Нажмиддинова, ТИИ Қуръон илмлари кафедраси ўқитувчиси  1 272

“Март – Эътиқод мусаффолиги ойлиги” доирасида Тошкент ислом институти “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси устозлари ва 3 курс талабалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, марказнинг мақсад ва вазифалари, фаолияти билан яқиндан танишдилар

Ташриф давомида марказ директорининг илмий-тадқиқот ишлари бўйича ўринбосари доцент, Тарих фанлари бўйича фалсафа фанлари доктори (PhD) Иргаш Даминов Иноятович иштирокида “Абул Муъин Насафий илмий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Мазкур суҳбатда маърузачи имом Мотуридий, имом Насафий ва имом Таҳовий каби уламоларнинг асарлари, уларнинг ақидавий қарашлари ва бугунги кунда мотуридийлик таълимотининг долзарблиги юзасидан муҳим маълумотлар берилди. Қолаверса, бугунги кунда уларнинг асарлари устида ишлаш, матн ва шарҳларини таржима қилиш ва бу борадаги юртимизда мавжуд бўлган қўлёзмаларни тўплаш ва ўрганиш борасидаги олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Давра суҳбати сўнгида талабалар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Мазкур ташриф талабаларнинг аждодларимиз бой илмий-маънавий меросига бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг билим ва тадқиқотчилик салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади. ТИИ Матбуот хизмати 826

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Мотуридия ва Ашъария таълимотлари ўртасидаги фарқлар” мавзусида очиқ дарс ўтказилди

Жорий йилнинг март ойи “Эътиқод мусаффолиги ойлиги” муносабати билан Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Шундай тадбирлардан бири сифатида “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси даценти, тарих фанлари доктори Сайқал Ахмедов 4-курс талабалари учун “Мотуридия ва Ашъария таълимотлари ўртасидаги фарқлар” мавзусида очиқ дарс ўтказди. Мазкур очиқ дарсда кафедра мудири Ф.Жўраев ва кафедра ўқитувчилари А.Абдубаннаев, М.Баймиров, А.Ғофуров, Н.Рахимов ва бошқа устозлар иштирок этишди.     Очиқ дарс давомида талабаларга мотуридия ва ашъария таълимотлари ўртасидаги фарқлар, уларнинг далиллари ва мулоҳазалари батафсил тушунтирилди. Дарс мобайнида қуйидаги мавзулар ҳам очиб берилди: Ақидавий ихтилофлар борасидаги эътиқод; Мотуридия ва ашъария таълимотлари ўртасидаги фарқлар борасида ёзилган асарлар; Ушбу очиқ дарс талабаларнинг ақийдавий билимларини мустаҳкамлаш, ислом таълимотларидаги турли қарашларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилди. 770

Тошкент ислом институтида талаба қизлар ӯртасида “Заковат” интеллектуал ўйинининг финал босқичи бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, 2024-2025 ўқув йили давомида 6 нафар талаба қизлардан иборат 4 та жамоа бир неча босқичларда беллашиб келаётган эди. Ўтказилган ҳар бир беллашув алоҳида кайфият ва натижаларга бой бўлди. Ҳар бир босқич талаба қизларнинг янада шижоатланишига сабаб бўлди. Бугунги умумхалқ “Наврўз” байрамига бағишлаб ўтказилган финал беллашуви ҳам ўзгача руҳда ўтди. Талаба қизлар финал босқичда янада жидду-жаҳд билан беллашдилар ҳамда қуйидаги натижа қайд этилди: 1-ўрин: “Пешқадамлар” гуруҳи; 2-ўрин: “Улун нуҳа” гуруҳи; 3-ўрин: “Фотима Самарқандия” гуруҳи; 4-ўрин: “Сабиқот” гуруҳи. “Заковат” интеллектуал ўйинининг ўтказилиши анъана тусига кириши талаба қизларда интеллектуал салоҳиятни ошириш ва чархлашга сабаб бўлишига умид қилган ҳолда ушбу анъанани давом эттириш ниятида илк мавсумга якун ясалди. ТИИ Матбуот хизмати 1 082

Имом Мотуридий меросини ўрганиш – маънавият ва илм ривожидаги улкан қадам

Март ойи – Эътиқод мусаффолиги ойлиги муносабати билан Тошкент ислом институти «Ақоид ва фиқҳий фанлар» кафедраси устозлари ва талабалар учун Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида «Имом Мотуридий меросини ўрганиш – маънавият ва илм ривожидаги улкан қадам» номли тадбир ташкил этилди. Унда Мотуридийлик таълимоти тадқиқотлари бўлими бошлиғи Абдулатиф Аллоқулов сўзга чиқди. Маърузачи Имом Мотуридий ва унинг асарлари, ислом илми ва ақидавий таълимот ривожига қўшган улкан ҳиссаси, унинг “Таъвилотул Қуръон” ва “Китобут тавҳид” асарларининг аҳамияти ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарори ва унинг моҳияти ҳақида алоҳида сўз юритди. Учрашув давомида мотуридийлик таълимотининг бугунги кундаги долзарблиги ва унинг илмий-амалий аҳамияти ҳақида фикр алмашилди. Тадбир якунида устоз ва талабаларга марказда нашр этилган китоблар ҳадя қилинди. ТИИ Матбуот хизмати 744
1 8 9 10 11 12 139