islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Yanvar 24, 2019

Day

ИМОМ НАСОИЙ раҳматуллоҳи алайҳ

Энг ишончли 6 ҳадис тўпламларидан бирининг муаллифи муҳаддис Абу Абдурраҳмон Аҳмад ибн Али ибн Шуайб ибн Али ибн Синон ибн Баҳр ал-Хуросоний милодий 831 йилда Насо (Нисо) шаҳрида таваллуд топган. Она юртида Қуръони Каримни ёд олгач, кўпроқ илму маърифат ҳосил қилиш ниятида 15 ёшидан бошлаб хорижий мамлакатларга сафарга чиқади. Айниқса, Ҳижоз, Ироқ, Шом ва Мисрга қилган илмий сафарлари самарали бўлиб, у Мисрнинг “Зуқоқул қанадил” маҳалласида узоқ вақт яшаб, сўнгра Дамашққа боради. У ерда турли сабабларга кўра тазйиққа учраб, оғир ҳолатга тушади. Баъзи манбаларга кўра, Маккада, бошқа ривоятларда Байтул Мақдис (Қуддус)да милодий 915 йили вафот этган, дейилади. Ҳадис бобида ёзган “Сунанул кубро” тўплами унинг шоҳ асари ҳисобланади. Ундан ташқари Имом Насаий “Сунанус суғро” ёки “Мужтабо”, “Хасоис”, “Фазоилус саҳоба”, “Маносик” ва бошқа китоблар ёзиб қолдирган. Булардан, юқорида санаб ўтилган “Сунанус суғро”да 5758 та ҳадис мавжуд бўлиб, китоб фиқҳий боблар асосида тартибланган. Уламолар ушбу “Мужтабо”ни “Сунан” китоблари орасида заиф ҳадислари энг кам китобдир”, деганлар. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев   205

Тошкент ислом институти ўқитувчилари Топкапи Саройи кутубхонасида

Аввалроқ, қўлёзмалар фондига эга бўлган Туркия давлатидаги йирик кутубхоналар, илмий тадқиқот марказлари ва музейларнинг тажрибаларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудирлари, Тошкент ислом институти ўқитувчилари Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов ва Камолиддин Маҳкамов хизмат сафари билан ушбу мамлакатга ташриф буюрганлари ҳақида хабар берган эдик. Жорий йилнинг 21 январь куни Диний идора мутахассислари Топкапи Саройига Истанбул муфтийлиги вакиллари ҳамроҳлигида ташриф буюрдилар. У ерда Топкапи Саройи кутубхонасининг ходими Гоксел Эрдоған ва Топкапи Саройи қўлёзмалар кутубхонаси ходими Рамазан Актемур билан учрашув ўтказилди. Сарой кутубхона ходими кутубхонадаги қўлёзмалар фонди, китобларнинг сақланиш ҳолати ва баъзи қадимий мусҳафларнинг факсимил нусҳалари билан таништирди. Учрашувда нодир қўлёзмаларни сақлаш, уларга ишлов бериш масалалари юзасидан муҳокама ўтказилди. Ўзбекистон делегацияси томонидан Топкапи Саройи кутубхонасига Ҳазрати имом ва ЎМИ фотосуратлари тўплами ҳадя қилинди. 125

Имом Абу Муҳаммад Доримий ас-Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ

Самарқандлик муҳаддис, муфассир ва фақиҳ Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Баҳром ибн Абдуссамад ад-Доримий ал-Ҳофиз ас-Самарқандий милодий 794–869 йиллари яшаган бўлиб, Имом ал-Бухорий устози ҳисобланади. Ёшлигидан ақл-заковати ва ўткир қувваи ҳофизаси билан тенгдошлари орасида пешқадам бўлиб, ҳадис илми бўйича дастлабки билимни Самарқандда эгаллади. Сўнгра Миср, Шом, Ироқ ва Хуросоннинг турли шаҳарлари ҳамда Макка ва Мадинада таниқли олимлардан сабоқ олди. Нажмиддин Умар ан-Насафий (XII асрда яшаган) Доримий ҳақида: “У ҳадис илми, илми осор ва суннат илмини Самарқандда юзага чиқарган зотдир”, деб айтган. Доримий Самарқанд султони томонидан қози калон лавозимига таклиф этилади, бироқ қозихонада биргина ишни кўриши биланоқ, истеъфога чиқади. Доримийнинг “Ал-Муснад”, “Ат-Тафсир”, “Ал-Жомеъ” ва бошқа асарлари бор. “Ал-Муснад” асари “Сунани ад-Доримий” номи билан машҳур. Ислом алломалари уни “Ас-Саҳиҳ” деб аташни таклиф қилганлар ва “Ас-Сиҳоҳ ас-Ситта” (“Олти саҳиҳ”) китоблари жумласига (Ибн Можанинг “Саҳиҳи” ўрнига) киритишни тавсия этишган. У ҳадисларни мавзуларга ажратиб баён этган. Доримий Самарқанддаги Чокардиза қабристонига (бошқа манбаларга кўра Марвда) дафн этилган.   “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси  ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев   300