Самарқандлик муҳаддис, муфассир ва фақиҳ Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Баҳром ибн Абдуссамад ад-Доримий ал-Ҳофиз ас-Самарқандий милодий 794–869 йиллари яшаган бўлиб, Имом ал-Бухорий устози ҳисобланади.
Ёшлигидан ақл-заковати ва ўткир қувваи ҳофизаси билан тенгдошлари орасида пешқадам бўлиб, ҳадис илми бўйича дастлабки билимни Самарқандда эгаллади. Сўнгра Миср, Шом, Ироқ ва Хуросоннинг турли шаҳарлари ҳамда Макка ва Мадинада таниқли олимлардан сабоқ олди.
Нажмиддин Умар ан-Насафий (XII асрда яшаган) Доримий ҳақида: “У ҳадис илми, илми осор ва суннат илмини Самарқандда юзага чиқарган зотдир”, деб айтган.
Доримий Самарқанд султони томонидан қози калон лавозимига таклиф этилади, бироқ қозихонада биргина ишни кўриши биланоқ, истеъфога чиқади.
Доримийнинг “Ал-Муснад”, “Ат-Тафсир”, “Ал-Жомеъ” ва бошқа асарлари бор. “Ал-Муснад” асари “Сунани ад-Доримий” номи билан машҳур. Ислом алломалари уни “Ас-Саҳиҳ” деб аташни таклиф қилганлар ва “Ас-Сиҳоҳ ас-Ситта” (“Олти саҳиҳ”) китоблари жумласига (Ибн Можанинг “Саҳиҳи” ўрнига) киритишни тавсия этишган. У ҳадисларни мавзуларга ажратиб баён этган.
Доримий Самарқанддаги Чокардиза қабристонига (бошқа манбаларга кўра Марвда) дафн этилган.
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси
ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев