islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
May 26, 2019

Day

ҲУД АЛАЙҲИССАЛОМ

“Ҳуд” арабча исм- юмшоқ, яхши, йўлдош деган маъноларда келган.[1] Ҳуд алайҳиссаломнинг исмлари Қуръони Каримда 7 марта зикр қилинган. [2] Сура номи Суранинг тартиб рақами Оят рақами Аъроф 7 65 Ҳуд 11 50, 53, 58, 60, 89 Шуаро 26 124 Қуръони Каримнинг бир сураси у зотнинг исмлари билан аталиб «Ҳуд» сураси дейилади. Шунингдек, бошқа бир сура у зотнинг яшаган ери номи ила «Аҳқоф»[3] деб аталган. Ушбу пайғамбар  алайҳиссаломнинг тўлиқ исм­лари Ҳуд ибн Абдуллоҳ ибн Рабоҳ ибн Халуд ибн Од. У зотнинг насаблари Нуҳ алайҳиссаломнинг Сом исмли ўғлига бориб тақалади. Ҳуд алайҳиссаломнинг қавми у зотнинг катта боболари Од номи билан аталади. Од қавми боида араблардан ҳисобланади. Араблар учга бўлинади: Боида, Ориба ва Мустаъраба. Боида араблар энг қадимги араблардандир. «Бои­да» сўзининг маъноси «ўтиб, тугаб кетган» деганидир. Од қавми ҳам ўша араблардан бўлиб, ўзининг саркашлиги билан машҳур. Шунинг учун ҳам, уларнинг пайғамбарлари Ҳуд алайҳиссалом билан бўлиб ўтган қиссалари «Од қавми қиссаси» дейилади. Од қавми ҳам иккига бўлинади. Биринчи Од ва иккинчи Од. Ҳуд қавми биринчи Оддир. Бу қавм денгиз бўйида, кўчиб юрувчи қумликлар ичидаги Аҳқоф номли жойда, Яман, Уммон ва Ҳазрамавт ўрталиғидаги маконда яшаб ўтганлар.[4] Улар баланд бўйли, кенг яғринли кишилар бўлиб, ҳайбатли чодирларда яшаганлар. Шунинг учун ҳам, Од қавми ўз замонасидаги «энг қувватли кишилар» деб талқин қилинади. Аллоҳ таоло Ҳуд алайҳиссаломнинг пайғамбарликларини мўъжиза билан қувватлаш, қавмларига эса тавба қилиб, ҳидоятни топиб олишларига имкон беришни ирода қилди ва кетма-кет уч йил бир томчи ҳам ёмғир ёғдирмай қурғоқчиликка мубтало қилди. Аммо қавм тавба қилмадилар ва ваъда қилинган азобни ишонмаган ҳолларида сўрадилар. Ҳуд алайҳиссалом  дуо қилдилар ва шу онда осмонни қора булут қоплади. Қабила аҳли бу ёмғир булути деб булутдан кўз узмадилар.[5] Од (Ҳуд пайғамбар қавми) эса, даҳшатли, қутурган бўрон билан ҳалок қилиндилар. У (бўронни Аллоҳ) уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳукмрон қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни (чириб) ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб, ҳалок бўлиб ётганини кўрасиз. Бас, улардан (бирор) асоратни кўраяпсизми?! (Асло! Уларнинг барчалари ҳалок бўлиб битдилар).[6] Аллоҳ таоло Од қавмини ҳалок қилгандан сўнг Ҳуд алайҳиссалом Ҳазарамавтда ўз ҳаётларини давом эттирдилар. У зот вафот этганларида Ҳазарамавтнинг Тирийм номли шаҳрига яқин жойга дафн этилдилар.[7] Ҳуд алйҳиссалом тўрт юз олтмиш ёшда Ҳазарамавтда вафот этганлар.[8]  4-курс талабаси Шодиев Юсуф [1] Ибну Шариф. “Пайғамбарлар исмларининг маънолари”. [2] Доктор Шавқий Абу Ҳалил. “Қуръон атласи”. [3] Арабча “Ҳиқф” сўзининг кўплик шакли бўлиб, луғавий маъноси “қум билан лиқ тўла макон, жой”дир. [4] Қаранг, 4- илова [5] Раҳматиллоҳ қори Обидов “Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир 1-жуз”. [6] Ал-Ҳаққоҳ сураси, 6-7-8-оятлар. [7] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт 20-жуз”. [8] Анвар қори Турсунов. “Пайғамбарлар тарихи”.   205

Аллоҳ таоло Қуръонни, тафаккур ва тааммулдан чалғитувчи шайтоний мусиқа ва лағвларсиз нозил қилган!

Аллоҳ таоло Қуръонни, тафаккур ва тааммулдан чалғитувчи шайтоний мусиқа ва лағвларсиз нозил қилган! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни, тафаккур ва тааммулдан чалғитувчи шайтоний мусиқа ва лағвларсиз таълим берганлар! Саҳобалар, тобеинлар, табъа тобеинлар, мутақаддим ва мутааххир қироат уламолари Қуръонни, тафаккур ва тааммулдан чалғитувчи шайтоний мусиқа ва лағвларсиз етказганлар! Қуръонни тажвид қоидаларига қатъий амал қилиб ўқиш фарзи айн эканига барча уламолар ижмо қилганлар! Қуръонни, тажвид аҳкомлари зое бўлишига олиб борадиган турли шайтоний мусиқалар билан бузиб тиловат қилиш ҳаром эканига ҳеч бир уламо хилоф қилмаган! Аммо, замонамизда одамларнинг Қуръонга муҳаббати йўқолганини, Унинг тиловатидан зерикадиган бўлиб қолганини кўрмоқдамиз. Соатлаб мусиқа эшитиб зерикмайдиган мўминлик давосидаги бу одамлар ҳатто 5-10 дақиқа ҳам Қуръон эшитишга сабри етмайдиган бўлиб қолишди. Қуръонни турли назму насрий сатрлардан ажратмайдиган, фарқига бормайдиган, Уни куйга солишни яхши кўрадиган баъзи ҳофизлар эса ушбу ҳолатни сабаб қилиб ушлаб олиб: «Одамлар Қуръонни оддий ўқисангиз эшитмайди. Оддий ўқилган тиловатдан малолланишади. Шунинг учун Қуръонни мақомот билан ўқиш керак, одамларга шу ёқади, шуни эшитади», дейдилар. Ваҳоланки, Қуръон Аллоҳнинг каломи, оддий махлуқнинг сўзидан олийдир. Уни мусиқа билан аралаштириш қатъий ҳаром. Энди юқоридаги гапга кўра, «одамлар жоҳил, Қуръоннинг ўзини оддий тиловат қилсангиз эшитишмайди. Шунинг учун Уни мусиқага солиш керак. Уларга Қуръонни эшиттирсак бўлдику!» дейдиган бўлсак, бу гап худди «одамлар алкаш, замзам сувининг ўзини берсангиз ичишмайди. Шунинг учун унга ароқ қўшиб бериш керак. Уларга замзамни ичирсак бўлдику!» деган гапга ўхшаб қолади. Замзам мусаффо, ароқ эса ҳаром ва нажосатдир! Шунингдек, Қуръон ҳам мусаффо, мусиқа эса ҳаром ва нажосатдир! Одамларни софликка ўргатиш учун соф нарсани ифлослаш, нажосат билан булғаш телбалик, нодонлик бўлади!… (c) Сурия қироат мактаби катта олимларидан, асли Тунислик Доктор Абдуллоҳ Нодир ҳафизаҳуллоҳ  4-курс талабаси Йўлдошбек Нуриддинов таржимаси 275

Нега айнан минг ойдан яхши?

   Бизларга Ўз розилиги ва тоати йўлларини очиқ кўрсатиб берган Аллоҳ таборака ва таъолога ҳамду санолар бўлсин. Шу йўлдаги вазифани мукаммал адо қилган, бу ишларда юксак намуна бўлган ҳабибимиз Муҳаммад алайҳиссаломга, Ул Зотга ҳақиқий уммат бўлган барча саҳобалар, тобеъинлар, табъа тобеъинлар ва жумла мусулмонларга салоту саломларимиз бўлсин. Аммо баъд: Қадр кечаси – бу Аллоҳ Ўз элчиси ва суюкли Пайғамбарига Каломи Шарифини нозил қилишни бошлаган, Рамазон ойи кечаларидан бир кеча. Бу кеча Қуръони Карим нозил бўлгани учун белгиланган осмону ердаги мавжудодлар байрам кечаси. Бу кеча омонлик, бардавом неъмат, том яхшиликлар, олий мукофотлар ва юксак мақтовларга эга кечадир. “Лайлатул қадр” дегани:  а) улуғ ва шарафли; б) қазо қадарлар тақсимланувчи кеча, деган маъноларда тушунилади. Бу кечада дуолар ижобат бўлиши, офатлар кўтарилиши, ғам қайғулар кетказилиб хурсандчилик ёйилиши учун осмон эшиклари очилади ва бу қадр кечасининг нақадар буюк ва фазилатли эканига далолат қилади. Агар сиз ҳақиқатда қадрини билмоқчи бўлсангиз бу кеча махлуқотлар таниган барча улуғ кечалардан шараф ва қадр жиҳатидан минг чандон  устун келадиган кечадир. Бу фақат адад жиҳатидан бир қарашгина холос. Қуръони Каримдаги бу таъбирдан(минг ойдан яхши) узоқ муддат қасд қилинган маълум муддат эмас, деган фикрлар ҳам бор. Бу кеча жами инсоният учун хайрият боши бўлган кечадир. Чунки, Қуръони Карим нозил бўлгани сабаб инсонларнинг кўзи очилди, оқу қорани ажрата ва қулоқлари эса ҳақни эшита бошлади ва Ўз Роббисининг каломини фаҳмлай кетди. Абу Бакр Варроқ айтадилар: “Бу кечани “лайлатул қадр”, деб номланишининг сабаби шуки бу кечада юксак қадрли Китоб олий қадрли фаришта тилида умматларнинг энг яхшиси учун баланд қадрли пайғамбарга нозил қилина бошланганидир. ” Азиз биродарим! Юқоридагилар сабаб бу кеча минг кечадан афзал ва яхши бўлди. Минг ой дегани бу саксон уч йилу тўрт ойга тенг. Ва бу миқдор  инсоннинг ғолибан дунё ҳаётидаги умр миқдори бўлади. Шундай экан бу бир инсонниг бутун умридан, ўтганию қолганидан яхши ҳисобланди. Мана шунинг учун Қатода роҳимаҳуллоҳ жуда ажойиб сўзни айтдилар: “Аллоҳ таъоло маҳлуқотлари ичида пок бандаларини танлаб олган. Фаришталари ва бандалари орасидан элчиларини танлаб олган. Каломлар ичида Ўз зикрини танлади. Ердан эса масжидларни танлади. Ойлар ичидан Рамазон ойини ва уруш ҳаром қилинган ойларни танлаб олди. Кунлар ичидан жумъа кунини танлади. Кечалар орасидан қадр кечасини танлади. Шундай экан эй мусулмон жамоаси Аллоҳ улуғлаган нарсаларни қадрини жойига қўйиб азизланг!” Аллоҳ барчамизни шу ишларни ҳақиқий ихлос билан бажарувчи ва ниҳояда Ўз розилигига эришувчи бандаларидан қилсин! Омин!   Имом Валиюддин ибн Ҳофиз Зайниддин Ироқийнинг «Шарҳис содр бизикри лайлатил қодр: фазоил ва аломату лайлатил қодр (Лайлатул қадр зикри ила қалбни хурсанд қилиш: унинг фазилатлари ва аломатлари)» китобидан Абдуллоҳ Охунд таржимаси. 252

ҚУРЪОНДА ЗИКРИ КЕЛГАН ПАЙFАМБАРЛАР

Туркум мақола – 1 Қуръони Каримда исмлари зикр қилинган пайғамбарлар қуйидагилар: Одам алайҳиссалом 25 марта. Идрис алайҳиссалом 2 марта. Нуҳ алайҳиссалом 43 марта. Ҳуд алайҳиссалом 7 марта. Солиҳ алайҳиссалом 9 марта. Иброҳим алайҳиссалом 69 марта. Лут алайҳиссалом 27 марта. Исмоил алайҳиссалом 12 марта. Исҳоқ алайҳиссалом 17 марта. Яъқуб алайҳиссалом 16 марта. Юсуф алайҳиссалом 27 марта. Айюб алайҳиссалом 4 марта. Шуайб алайҳиссалом 11 марта. Мусо алайҳиссалом 136 марта. Ҳорун алайҳиссалом 20 марта. Юнус алайҳиссалом 2 марта. Довуд алайҳиссалом 16 марта. Сулаймон алайҳиссалом 17 марта. Илёс алайҳиссалом 2 марта. Ал-Ясаъ алайҳиссалом 2 марта. Закариё алайҳиссалом 7 марта. Яҳё алайҳиссалом 5 марта. Зул-Кифл алайҳиссалом 2 марта. Ийсо алайҳиссалом 25 марта. Муҳаммад алайҳиссалом 4 марта.[1]     Одам алайҳиссалом “Одам” арабча исм – инсон, киши, асл, ер, буғдой ранг, қора ранг, тўқ жигарранг деган маъноларда келган.[2] Одам алайҳиссаломнинг исмлари Қуръони Каримнинг 25 оятида 25 марта зикр қилинган. [3] Бу 9 та сурада келади. Сура номи Суранинг тартиб рақами Оят рақами Бақара 2 31, 33, 34, 35, 37 Оли имрон 3 33, 59 Моида 5 27 Аъроф 7 11, 19, 26, 27, 31, 35, 172 Исро 17 61, 70 Каҳф 18 50 Марям 19 58 Тоҳа 20 115, 116, 117, 120, 121 Ясин 36 60   Биринчи инсон ва биринчи пайғамбар бўлмиш отамиз Одам алайҳиссаломнинг яратилишлари қиссаси Бақара сурасида қуйидагича баён этилади: «Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», деди. Улар: «Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан? Ва ҳолбуки, биз Сенга тасбиҳ, ҳамд айтиб ва  Сени улуғлаб турибмиз»,  дедилар. У: «Мен, сиз билмаганни биламан», деди.[4] Ушбу оятдан Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги ўринбосари–халифаси бўлишини ирода этгани маълум бўляпти. Демак, инсонга улкан ишонч билдирилган, у улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Бундай марҳаматнинг ўзига яраша буюк масъулияти ҳам бор. Инсон шуни англаган ҳолда, уни халифа қилиб қўйган зотнинг топшириқларини бажармоғи, яратган зот муносиб кўрган олий мақомга доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи керак. Қуръон таъкидлашича, инсонни йўқдан бор қилган, уни тупроқдан яратган Зот Аллоҳ таолодир. Ҳозирги замон илми ҳам буни тасдиқламоқда. Илмий тажрибалар исботлашича, тупроқда қандай моддалар бўлса, инсон жисмида ҳам ўша моддалар бор экан. Тупроқда карбон, кислород, фосфор, гугурт, азот, калсий, хлор, темир, мис, йод, алюмин каби йигирма хил модда бор бўлса, худди шу моддалар инсон жисмида ҳам бор. Тупроқдан борлиқнинг энг улкан мўъжизаларидан бири бўлган инсон, унинг фикри, руҳи, ҳис-туйғу, асаблари ва ҳозиргача инсоннинг ўзи ҳам тушуниб етмаган ажойиботлари билан ким ярата олади? Бу ишни фақат Роҳман сифатига эга бўлган қудратли Аллоҳ таологина қилиши мумкин. Одам алайҳиссалом  фарзандларига пайғамбар этиб юборилди ва унга Аллоҳ таоло томонидан ўн Саҳифа нозил қилинди.[5] Қуръони Каримда Одам Атонинг вафотлари ҳақида гап йўқ. Бу ҳақда тарихчилар ўз мулоҳаза ва илмий изланишларининг натижаларини қуйидагича баён қиладилар. Одам Ато минг йил яшаб, сўнгра вафот этдилар. У киши ўзлари жаннатдан биринчи тушган ерларига–Ҳиндистондаги[6] тоғ яқинига дафн қилиндилар. Бошқа тафсилотларга кўра Маккаи Мукаррамадаги Абу Қубайс тоғига дафн қилинганлар. У кишини ювиш, кафанлаш, жанозаларини ўқиш, қабрларини қазиш ва дафн қилиш ишларини фаришталар амалга оширганлар.[7] 405 – гуруҳ талабаси Шодиев Юсуф   [1] Гулобод Қудратуллоҳ қизи. ”Қуръон ўқитиш ва ёдлаш усуллари”....

ҚУРЪОНДА ЗИКРИ КЕЛГАН СОЛИҲА АЁЛ – МАРЯМ

    “Марям” қадимий яҳудийча исм – Аллоҳнинг қадрли, маҳбуба бандаси, номусли, иффатли, бокира деган маъноларда келган.[1] Қуръони Каримда аёллардан фақат Марям исми зикр қилинган. У  34 ўринда зикр қилинади. Шундан Исо ибн Марям 16 ўринда келса, ибн Марям сўзи 7 ўринда келади. Куръонда тилга олинган тақволи, сиддиқа аёл, Исо алайҳиссаломнинг онаси. Ислом таълимотига кўра, у тақволи, мўмина она, жаннатдаги аёлларнинг раҳнамоси. Қуръони Каримнинг 19-сураси “Марям” деб аталади. Марямнинг отаси Имрон Бани Исроил қавми ичида энг обрўли кишилардан эди. Унинг хотини Ҳанна туғмайдиган аёл эди. Ҳанна Аллоҳга илтижо қилиб, фарзанд ато этишни сўради ва агарда фарзандли бўлса, ана шу фарзандини Аллоҳ йўлида Байтул Мақдис хизматига назр қилишини ният қилди. Аллоҳ унга қиз фарзанд ато этди ва уни Марям деб номлади. Одатда ибодатхоналардаги хизматларни эркаклар бажарганидан у ўз назри, қизининг такдири қандай бўлишини ўйлаб, ҳайрон бўлди. Марям ёшлигидаёқ отаси вафот этади. Энди унинг тарбиясини кимдир ўз кафолатига олиши керак эди. Марямни тарбиялаш холасининг эри бўлмиш пайғамбар Закариё алайҳиссаломнинг чекига тушади. Марям ибодатхона хизматига назр қилингани учун доимо шу ерда бўлиб, умрини фақат тоат билан ўтказар эди. У одамларга аралашмас, ибодатхонада ёлғиз қолиб тоат билан банд бўларди.[2] Закариё алайҳиссалом қачон Марямнинг хонасига кирса, унинг ҳузурида қишда ёз мевалари, ёзда қишда бўладиган ноз-неъматларни кўрарди. “Бу нарсалар сенга қаёқдан келди?” деб сўраганида Марям: “Булар Аллоҳ ҳузуридандир” дерди.   4-курс талабаси Шодиев Юсуф [1] Электрон дастур. “Исломий исмлар”. [2] Зуҳриддин Ҳусниддинов “ислом энциклопедияси” 1 803
1 2