islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ҚУРЪОНДА ЗИКРИ КЕЛГАН ПАЙFАМБАРЛАР

Туркум мақола – 1

Қуръони Каримда исмлари зикр қилинган пайғамбарлар қуйидагилар:

  1. Одам алайҳиссалом 25 марта.
  2. Идрис алайҳиссалом 2 марта.
  3. Нуҳ алайҳиссалом 43 марта.
  4. Ҳуд алайҳиссалом 7 марта.
  5. Солиҳ алайҳиссалом 9 марта.
  6. Иброҳим алайҳиссалом 69 марта.
  7. Лут алайҳиссалом 27 марта.
  8. Исмоил алайҳиссалом 12 марта.
  9. Исҳоқ алайҳиссалом 17 марта.
  10. Яъқуб алайҳиссалом 16 марта.
  11. Юсуф алайҳиссалом 27 марта.
  12. Айюб алайҳиссалом 4 марта.
  13. Шуайб алайҳиссалом 11 марта.
  14. Мусо алайҳиссалом 136 марта.
  15. Ҳорун алайҳиссалом 20 марта.
  16. Юнус алайҳиссалом 2 марта.
  17. Довуд алайҳиссалом 16 марта.
  18. Сулаймон алайҳиссалом 17 марта.
  19. Илёс алайҳиссалом 2 марта.
  20. Ал-Ясаъ алайҳиссалом 2 марта.
  21. Закариё алайҳиссалом 7 марта.
  22. Яҳё алайҳиссалом 5 марта.
  23. Зул-Кифл алайҳиссалом 2 марта.
  24. Ийсо алайҳиссалом 25 марта.
  25. Муҳаммад алайҳиссалом 4 марта.[1]

 

 

Одам алайҳиссалом

“Одам” арабча исм – инсон, киши, асл, ер, буғдой ранг, қора ранг, тўқ жигарранг деган маъноларда келган.[2]

Одам алайҳиссаломнинг исмлари Қуръони Каримнинг 25 оятида 25 марта зикр қилинган. [3] Бу 9 та сурада келади.

Сура номи Суранинг тартиб рақами Оят рақами
Бақара 2 31, 33, 34, 35, 37
Оли имрон 3 33, 59
Моида 5 27
Аъроф 7 11, 19, 26, 27, 31, 35, 172
Исро 17 61, 70
Каҳф 18 50
Марям 19 58
Тоҳа 20 115, 116, 117, 120, 121
Ясин 36 60

 

Биринчи инсон ва биринчи пайғамбар бўлмиш отамиз Одам алайҳиссаломнинг яратилишлари қиссаси Бақара сурасида қуйидагича баён этилади:

«Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», деди. Улар: «Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан? Ва ҳолбуки, биз Сенга тасбиҳ, ҳамд айтиб ва  Сени улуғлаб турибмиз»,  дедилар. У: «Мен, сиз билмаганни биламан», деди.[4]

Ушбу оятдан Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги ўринбосари–халифаси бўлишини ирода этгани маълум бўляпти. Демак, инсонга улкан ишонч билдирилган, у улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Бундай марҳаматнинг ўзига яраша буюк масъулияти ҳам бор. Инсон шуни англаган ҳолда, уни халифа қилиб қўйган зотнинг топшириқларини бажармоғи, яратган зот муносиб кўрган олий мақомга доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи керак.

Қуръон таъкидлашича, инсонни йўқдан бор қилган, уни тупроқдан яратган Зот Аллоҳ таолодир. Ҳозирги замон илми ҳам буни тасдиқламоқда. Илмий тажрибалар исботлашича, тупроқда қандай моддалар бўлса, инсон жисмида ҳам ўша моддалар бор экан. Тупроқда карбон, кислород, фосфор, гугурт, азот, калсий, хлор, темир, мис, йод, алюмин каби йигирма хил модда бор бўлса, худди шу моддалар инсон жисмида ҳам бор. Тупроқдан борлиқнинг энг улкан мўъжизаларидан бири бўлган инсон, унинг фикри, руҳи, ҳис-туйғу, асаблари ва ҳозиргача инсоннинг ўзи ҳам тушуниб етмаган ажойиботлари билан ким ярата олади? Бу ишни фақат Роҳман сифатига эга бўлган қудратли Аллоҳ таологина қилиши мумкин.

Одам алайҳиссалом  фарзандларига пайғамбар этиб юборилди ва унга Аллоҳ таоло томонидан ўн Саҳифа нозил қилинди.[5]

Қуръони Каримда Одам Атонинг вафотлари ҳақида гап йўқ. Бу ҳақда тарихчилар ўз мулоҳаза ва илмий изланишларининг натижаларини қуйидагича баён қиладилар.

Одам Ато минг йил яшаб, сўнгра вафот этдилар. У киши ўзлари жаннатдан биринчи тушган ерларига–Ҳиндистондаги[6] тоғ яқинига дафн қилиндилар.

Бошқа тафсилотларга кўра Маккаи Мукаррамадаги Абу Қубайс тоғига дафн қилинганлар. У кишини ювиш, кафанлаш, жанозаларини ўқиш, қабрларини қазиш ва дафн қилиш ишларини фаришталар амалга оширганлар.[7]

405 – гуруҳ талабаси
Шодиев Юсуф

 

[1] Гулобод Қудратуллоҳ қизи. ”Қуръон ўқитиш ва ёдлаш усуллари”.

[2] Аҳмад Муслиҳ Ҳусайн Дурайдий. “Ал-Аълам фил-Қуръан ал-Карим”.

[3] Доктор Шавқий Абу Ҳалил. “Қуръон атласи”, 10 – бет, “Дорул фикрил маасир”, Байрут, Лубнон, 2006.

[4] Бақара сураси, 30-оят.

[5] Анвар қори Турсунов. “Пайғамбарлар тарихи”.

[6] Қаранг, 1- илова

[7] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт 20-жуз”.

84650cookie-checkҚУРЪОНДА ЗИКРИ КЕЛГАН ПАЙFАМБАРЛАР

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: