Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.
Ислом дини инсон учун тинчлик ва омонлик динидир. Аллоҳ таолонинг исмларидан бири “Ас-Салом”дир. Қуръон нозил бўлган кеча ҳам салом кечасидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло каломи шарифида: “У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир”, дейди. (Қадр, 5).
Шундай экан тинчликни асраб авайлаш ҳар бир мўмин мусулмонни зиммасидаги бурч бўлиши билан бир қаторда Пайғамбарларнинг суннати ҳамдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳ алайҳи ва саллам) муборак ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб айтадилар:
.ابن عباس رضي الله عنهما، قال: قال النبي صلى الله عليه وسلم: (نعمتان مغبون فيهما كثير من الناس: الصحة والفراغ
“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У хотиржамлик ва сиҳат саломатликдир”.
Яна бир ривоятда, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: “Ким оиласи тинч, танаси саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолда тонг оттирса унга дунё тўлиғича берилибди” (Имом Бухорий ривояти).
Эътибор қилинг, пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) биз кўпинча эътибор бермайдиган, аслида ўта муҳим бўлган уч нарсани эслатяптилар: тинчлик, саломатлик ва моддий таъминот. Аллоҳ Таолога ҳамдлар бўлсин, бугун тинч ва обод юртимизда барчамиз бу неъматларга эгамиз. Уни сақлаш Ватан ва келажак авлодлар олдидаги бурчимиздир.
Ҳар бир инсон яшаши, Аллоҳга хотиржам ибодат қилиши, ишлаши учун тинчлик даркор. Ривоятларга кўра, Харим Наимдан Ҳажжож ибн Юсуф сўради: “Неъмат нима?” У “Тинчлик, чунки мен ҳавфсираган кишининг ҳаётидан манфаатланганини кўрмадим”, деб жавоб берган экан.
Тинчликнинг қадрига етиш, уни сақлаб туришда оилада ота-онанинг роли катта. Ота-она фарзандларига тинчлик олий неъмат эканлиги, тинчлик ҳукм сураётганлиги сабабли фаровон ҳаёт кечираётганимизни мунтазам тушунтириб боришлари даркор. Айниқса, аёл киши болалари тарбиясига масъул бўлгани учун ҳам болаларига тинчлик ўзи нима экани, бугунги кундаги мустақиллигимизга осонлик билан эришмаганимиз, унинг қадрига етишимиз кераклигини тушунтириш билан бир қаторда фарзандларида миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғусини шакллантириб бориши зарур. Шундагина фарзандларимиз элим-юртим деб ёниб яшайди ва жамиятга керакли шахс бўлиб етишади.
Хозирги кунда дин ниқобидаги турли бузғунчи оқим ва фирқалар мамлакатдаги тинчлик, осойишталик, миллатлар ва динлар ўртасидаги аҳилликка раҳна солиш мақсадларидан қайтишгани йўқ. Бу эса ҳар биримиздан доимо хушёрлик ва огоҳликни, ёшлар тарбиясига масъулият билан ёндашишни, уларнинг диний билими ва саводхонлигини тинмай ошириб боришни, шу йўл билан улар қалбини четдан бўлаётган барча хуружлардан қатъий ҳимоя этишни талаб этади.
Сўзимизни Пайғамбаримиз соллаллоҳ алайҳи васаллам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга айтган насиҳатлари билан якунлаймиз. “(Эй, Анас!) Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлиш берилса, нажот топибсан” дедилар (Имом Термизий ривояти).
Демак шундай экан, Яратгандан бир-биримизга тинчлик, амният, хотиржамлик тилайлик! Аллоҳ таоло тинчлик-осойишталигимизни ҳамиша барқарор айласин. Жаннатмакон юртимизни тинч, меҳнатсевар халқимиз ҳаётини янада фаровон айласин!
Андижон вилояти Чинор жоме масжиди имом-хатиби
Авазбек Мўминов