«Ҳар умматнинг ўз Пайғамбари бордир» (Юнус, 47).
«Албатта, Биз сени ҳақ ила хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи этиб юбордик. Қайси бир умматки бўлса, унда огоҳлантиргувчи бўлган” (Фотир, 24).
Ҳар бир пайғамбар ўз қавмига Роббидан ҳақ ила юборилган, мўъжиза ва аломатлар ила кўрсатмаларни тўлиғича етказганлар. Пайғамбарлар томонидан кўрсатилган мўъжизалар сеҳр ёки ҳийла эмас, меҳрибон ва раҳимли бўлган Қодир Яратгувчининг чексиз қудрати ва чексиз буюклигининг бир тасдиғидир.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган муборак ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳеч бир пайғамбар йўқки, уларга имон келтиришлари учун одамларга мўжиза ва аломатлар олиб келмаган бўлса”.
Инсониятнинг аждоди ва Аллоҳнинг илк пайғамбари Одам (алайҳиссалом)га Яратганнинг инояти билан кўплаб мўъжизалар берилди:
1. Аллоҳнинг халифаси сифатида Одам (алайҳиссалом)нинг яратилиши. Аллоҳ таоло одамни яратиб, фаришталарга, уни Ўз халифаси, яъни ер юзидаги вакили қилиб қўйишини маълум қилди.
«Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: “Мен ер юзида халифа қилмоқчиман”, деди. Улар: “Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан? Ва ҳолбуки, биз Сенга тасбиҳ, ҳамд айтиб ва Сени улуғлаб турибмиз”, дедилар. У: “Мен сиз билмаганни биламан”, деди.
Ва У зот одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилди. Кейин: “Агар ростгўйлардан бўлсангиз, анавиларнинг исмларини Менга айтиб беринг”, деди.
Улар:”Эй пок Парвардигор! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг билувчисан ва ҳикматли зотсан”, дедилар.
У зот:”Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини айтиб бер”, деди. Уларга ўша нарсаларнинг исмларини айтиб берган чоғида, “Мен сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар беркитмагану беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим”, деди. (Бақара, 30-33).
2. Ёввойи ҳайвонлар билан мулоқот қила олиш. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга икки минг йилдан кўпроқ умр берди. Бу вақт ичида унинг кўплаб авлодлари бор эди, улар аста-секин турли жойларга тарқалишди. Одам алайҳиссалом уларнинг олдига ташриф буюриб, кўрсатмалар бердилар. Бир сафар бошқа бир қабилага ташриф буюрганида, унга яқин ўрмонда яшайдиган йиртқич ҳайвонлар ҳақида шикоят қилишди. Улар бизга ҳужум қилишади ва бунинг сабабини билмаймиз, дедилар. Кейин Одам (алайҳиссалом) тепаликка чиқиб, баланд овоз билан қичқирди: “Эй ёввойи ҳайвонлар, барчангиз олдимга келинг!”. Уни эшитган ҳайвонлар атрофга тўпланишди.
– Бу одамлар менинг болаларим ва менинг авлодларим! Нега уларга ҳужум қиласиз ва кун бермайсизлар? Улар сизлардан шикоят қилмоқдалар.
Шунда ҳайвонлар, бу қабила орасида бир-бирларининг ғийбат қилиш ва жанжалли мунозаралари кенг тарқалган, шунинг учун биз Аллоҳнинг амри ила улар учун тавба қилганларига қадар азоб беришга буюрилганмиз. Ушбу сўзларни қабила аҳолиси эшитиб жуда ҳайрон бўлишди. Одам пайғамбар (алайҳиссалом) одамларга қараб: “Эй, болаларим! Аллоҳ таоло олдида гуноҳларингиз учун тавба қилинг ва ғийбатни тўхтатинг ва бир-бирингиз билан баҳслашманг”. Тавба қилган одамлар ҳақиқат йўлига ўтдилар ва ёввойи ҳайвонлар уларни безовта қилишни тўхтатдилар.
3. Қисқа вақт ичида узоқ масофани босиб ўтиш қобилияти. Одам (алайҳиссалом) ва Ҳавво жаннатдан туширилиб, ер юзига юборилганида, Парвардигори олам иккисини дунёнинг турли бурчакларига жойлаштирган. Ҳавво Арабистон ярим оролидаги Жидда водийсига ва Одам алайҳиссалом Шри-Ланка оролига туширилади. Шундай қилиб, улар бир-бирларидан қарийб қирқ йил айро яшадилар (баъзи маълумотларга кўра, тахминан икки юз йил). Ва бир куни, Аллоҳ таоло уларнинг тавбаларини қабул қилди ва уларга яна бирлашишга рухсат берди. Одам пайғамбар тонг отганда сафарга чиқди ва пешин пайтигача жуда узоқ масофани босиб ўтди. Шунга ўхшаш мўъжиза унга бир неча маротаба содир бўлган ва у умри давомида бир неча бор турган маконидан Ҳиндистонга келиб-кетган.
4. Тошдан оқиб чиқадиган сув манбаи. Йиллар ўтиб, Одам алайҳиссаломнинг авлодлари кўпайиб борди. Баъзилар Ҳақиқат йўлини тарк этиб, Яратган Роббисини унута бошлашди. Масалан, Одам алайҳиссаломнинг ўғли Қобил ва унинг авлодлари динни тарк этиб қирқ йил яшадилар. Қирқ йил куфрда бўлган қавм учун Аллоҳ таоло пайғамбарига: “Қобил авлодларини ҳақиқатга чақиринг!”, деди. Набий бу қабилага бориб, уларга кўрсатма беришни бошлади. Бироқ, унинг ҳаракатларига қарамай, ҳеч ким унинг сўзларини тинглашни хоҳламади. Ва бир куни улар Аллоҳнинг пайғамбарига, “Бизга мўъжиза кўрсат, шунда биз сенга ишонамиз!”,- дедилар.
– Қандай мўъжизани хоҳлайсиз? – сўради улардан Одам алайҳиссалом. “Ва бу тошдан бир сув отилиб чиқсин”, дедилар катта тошни кўрсатиб. Кейин Одам (алайҳиссалом) қўлини тошга узатди ва ундан тоза ва мазали сув оқиб чиқди. Буни кўрган одамлар, Одам (алайҳиссалом) келтирган динга имон келтирдилар ва ўзларининг қишлоғини ушбу муборак сув билан таъминлаган Қудратли Яратувчига сажда қилдилар.
“Ҳадис ва ислом тарихи” фанлари
кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев
Манба: https://islam-today.ru/veroucenie/kakimi-cudesami-obladal-adam-a-s-pervyj-prorok-v-istorii/