islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Масъулиятли устоз

Тошкент ислом институтида самарали меҳнат қилиб келаётган ўқитувчи ва ходимларни моддий-маънавий қўллаб қувватлаш анъанаси мавжуд.

Диний таълим тизимида узоқ йиллар фаолият юритган тажрибали устоз Фазлиддин домла Сувонов Тошкент ислом институти “Қуръон илмлари” кафедрасида талабаларга дарс бериб келмоқда.

Фазлиддин домла Сувоновнинг сермаҳсул фаолиятини қадрлаш ва табаррук ёшдаги меҳнатини эътироф этиш мақсадида Тошкент ислом институти ўқитувчи ва ходимлари иштирокида тадбир ўтказилди.

Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров Ф.Сувоновнинг таълим соҳасидаги билими, ёшларга хос шижоати, қатъий меҳнат интизомига эга намунали ўқитувчи сифатида қадрланишини таъкидлади. 50 ёшни қаршилаётган домлага касбий ва оилавий ютуқ ҳамда барака тилаб, Тошкент ислом институти жамоаси номидан табрикнома ҳамда эсдалик совғаларини топширди.

“Аслида ҳар қандай табрик замирида инсоннинг фазилати, меҳнати, ўз касби-ю, атрофдагиларга бўлган меҳри, малака-­маҳоратига чуқур эҳтиром ётади.

Одамлар учун зарурлигингни англаб яшаш, амалга оширган эзгу ишларинг беиз кетмаслигига ишонч ҳосил қилиш, ҳар қандай инсоннинг эл-­юрт, жамият олдидаги бурчини бажаришида ўз самарасини бериши муқаррар.

Шундай шодиёна дамларда инсон умрининг тарихга айланган зарварақларига назар ташлар экан, унинг ҳаёт йўли ва мазмуни ёрқин намоён бўлади. Бу борада Сиз азиз инсоннинг босиб ўтган йўлингиз ҳар биримиз учун ибратдир.

Зеро, одамлар орасида ҳақиқий одам шу бўладики, ундан бошқа одамлар манфаат кўрадилар. Одамийлик туфайли одам шуҳрат топади, танилади ва билинади.

Биз Сизда ана шундай одамийлик, олижаноблик, сахийлик, тўғрисўзлик фазилатларини кўрамиз ва Сизни намунали оила бошлиғи, азиз фарзандларингизнинг меҳрибон отаси деб биламиз.

Қилган эзгу ишларингиз-у, меҳнатларингиз роҳатини узоқ йиллар давомида кўриш Сиз азиз инсонга насиб этсин”, дейилади табрик матнида.

Ф.Сувонов 2001-2008 йиллари Тошкент ислом университетини тамомлаб, 2008 йилдан буён Тошкент ислом институтида Тафсир фанидан талабаларга даср бериб келмоқда.

Тадбир сўнгида, Фазлиддин домла Сувонов ҳамда Олий маъҳадда фаолият юритаётган фидоий устозлар ва ходимлар ҳаққига дуои хайрлар қилинди.

457640cookie-checkМасъулиятли устоз

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: