islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ИСЛОМ – БУ БАҒРИКЕНЛИКДИР!

“Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни эркак  (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир – бирларингиз билан танишувинглар (дўст-биродар бўлишингиз) учун сизларни (турли туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг қимматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ Билгувчи ва Огоҳдир” Ҳужурот, 13-оят.

Айтинг: «(Ушбу китоб) парвардигорингиз томонидан (нозил бўлган) Ҳақ (Китобдир). Бас, хоҳлаган киши имон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин. Каҳф сураси, 29 – оят

“Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. Бақара сураси, 256 – оят

Бағрикенглик ўзи нима?

Бағрикенглик ислом ахлоқининг аслидир, ўзагидир. Бағрикенглик – ҳеч кимни айбламаслик, паст кўрмаслик, хафа қилмаслик, кечиримли бўлиш, бошқа ишонч ва қарашларни хушфеъллик билан қабул қилиш, демакдир.

Бағрикенглик муҳити ҳосил бўлиши учун инсонлар бир-бирларини севиши лозим. Негаки, бағрикенглик меҳр-оқибат ва ўзаро севги устига қурилади. Бу асос ислом оламида мақол даражасига кўтарилган ва муҳим ҳаётий принципга айланган “Яратиқни Яратувчининг ҳурмати учун сев!” буйруғи билан буюрилган севгидир.

Мана шу мезондаги севги мавжуд экан – бағрикенглик бор, бундай севги йўқ бўлса, у ҳолда, бир-бировга тоқатсизлик намоён бўлиши табиий.

Бу принцип Ҳазрати Пайғамбаримиз с.а.в. томонидан “Хуш кўр-ки, хуш кўриласан!” дея таъкидланган.

Исломдаги бағрикенглик тушунчаси нафақат мусулмонларни, балки бутун башарни, балки бутун яратиқларни қамраб олганлиги барчамизга маълум. Битта мушукни очидан ўлдирганнинг дўзахи, чанқаган итга ковушида сув келтирган инсоннинг жаннати бўлганлигининг башорати фикримизнинг яққол далилидир. Айниқса, имон-эътиқод ва ибодат эркинлиги инсонларнинг энг асосий ҳақларидир. Бу ҳуқуқни ҳурмат қилиш ҳар бир инсоннинг мажбурияти ҳисобланади.

Бағрикенглик бу сурбетларча қилинган ноҳақликлар, радикаллашиш ва айирмачиликка рози бўлиб, бефарқ томоша қилиб туриш эмас, албатта. Аксинча, турли тушунчалар, барча миллат ва элат вакиллари ва ранг-баранг эътиқод ҳамда дунёқарашларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром кўрсатишдир. Шунчалик фарқларга эга инсонларнинг бир маконда ҳузур-ҳаловат ичра яшай олиши ҳақиқий маънодаги бағрикенлик тимсолини ўзида мужассам этади.

Шу жиҳатдан қараганимизда, жамиятда ҳузур-ҳаловатли, тинчлик-осойишта ва бахт-саодатга тўла фаровон ҳаётни таъминлашнинг ягона ечими ҳам айнан қалбимизда шаклланган бағрикенглик нисбати билан чамбарчас боғлик экан.

Бад дуо қилмайдиган Пайғамбар с.а.в. умматимиз!

“Мен лаънатлагувчи бўлиб юборилмадим. Раҳмат ўлароқ юборилдим!” (Муслим, Бирр – 87)

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳали-ҳануз қулоқларимиз остида жаранглаб, ҳаётимизни тартибга солиб турувчи ўгитлари нақадар пурҳикмат, нақадар ҳаётий, нақадар сермаъно, нақадар зарурий…

Илоҳий динларнинг ибодатхоналари муқаддаслик хусусиятига эга. Мусулмонларнинг масжидлари қай даражада ҳимоя қилинса, бошқа ибодатхоналар ҳам айнан шу даражада қўриқланиши зарур динимизда. Зеро, Аллоҳ Таъоло марҳамат қиладики, “Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даф қилиб турмаганида, шубҳасиз, (роҳибларнинг) узлатгоҳлари ҳам, (насронийларнинг) бутхоналари ҳам, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ҳам, Аллоҳнинг Исми кўп зикр қилинадиган (мусулмонларнинг) масжидлари ҳам вайрон қилинган бўлур эди.” (Ҳаж сураси, 40 оят)

Динимизда мусулмон одам бемалол масжидга бориб ибодатини адо қилишида қанчалик эркин бўлса, насронийлар черковларига, яҳудийлар эса синегогларига худди шунингдек эмин-эркин бориб ибодат қилиш ҳуқуқи мавжуд ва ҳеч ким бу масалада ҳеч кимга босим ўтказиш ёки дахл қилиши қатъийян мумкин эмас. Бошқа дин вакиллари ва динсизларга ҳам айни мезон ва ҳақлар ўринли.

Бу ҳолатни Расулуллоҳнинг с.а.в. Мадина давридаги яҳудий ва насороларга кўрсатган марҳамати, Ҳазрати Умарнинг Масжидул Ақсодаги насронийларга бўлган муомаласи ҳамда шу кунгача мусулмон ҳукмдор ва олимларнинг бошқа ишонч соҳибларига бўлган эҳтиромларидан беҳисоб лавҳаларда кузатишимиз мумкин.

Ҳазрати Пайғамбаримиз с.а.в. барча муносабат ва муомалаларда ақл ва мезон билан иш олиб боришни, душманлик ўрнига дўстлик ва меҳр-оқибат боғларини мустаҳкамлаш, ғазаб, интиқом ва қасос ўрнига ҳилм, юмшоқлик, босиқлик ва марҳамат, ёмонлик ўрнига яхшилик қилишни биринчи планга сурганлар.

Ҳазрати Расули Акрам с.а.в. барча инсонга гўзал муомалада бўлиш лозимлигини уқтирганлар. Шахсан ўзлари ҳаётда яшаб, ўрнак ҳам бўлганлар. Буни Аллоҳнинг ўзи Қуръони Каримда қиёматга қадар муҳрлаб, тасдиқлаб қўйибди: “Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда, албатта улар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эди.” (Оли Имрон сураси, 159 оят)

Исломий бағрикенгликка фалсафий жиҳатдан бир қур назар…

Биринчидан, ислом ўзини янги дин деб ҳисобламайди. Билакс, Аллоҳ илк инсон Одам а.с. яратилган кундан буён яшаб ўтган барча пайғамбарларнинг барча динларини ҳақ дин, ислом динидир, деб қабул қилади. Муҳаммад алайҳиссаломнинг вазифаси ҳам айнан мана шу давом этиб келаётган яккахудолик динини камолига етказиш, камолига эришган аҳли башарга мукаммал яшаш низомини тақдим қилиш эди, дейилади исломда. Яъни, башар барча яшаб ўтган пайғамбарлар орқали ривожланиб, етилиб борди. Одамизод фитрати фитрат дини бўлган исломга тайёр бўлди. Дарвоқе, ислом бутун башар мулкидир, ҳеч бир халқ, ҳеч қайси жамиятнинг бошқасига нисбатан устунлиги, ҳақи йўқдир, деб билади мусулмонлар.

Иккинчидан, исломда ҳеч қачон ҳеч кимнинг нажотга эришишига аниқ кафолат йўқ. Буни юқорида мушук ва итга муомала масаласидаям тилга олдик. Инчунун, набийлару расуллар, Жаноби Пайғамбаримиз с.а.в. ҳам бир умр Аллоҳдан каффорат сураб, йиғлаб илтижо қилиб ўтганлар. Жаннат билан муждаланган Ҳазрати Абу Бакр сиддик р.а. “Ўнг оёғим жаннат эшигидан кирган бўлса, чап оёғим ҳам кирмагунича амин бўлолмайман,” деган иқрорлари машҳур. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз с.а.в. у кишининг имони бутун умматнинг имонидан оғир келишини шахсан таъкидлаганлар.

Хўш, ҳар биримизнинг аҳволимиз шу экан, қандай қилиб бировни танқид қила оламиз, қанақасига бошқага ҳукм чиқара оламиз?!

Учинчидан, исломнинг асосий қоидалари ақл ва реаллик устига қурилган. Шунинг учун ҳақиқий мусулмон дунёни ва ундаги барча борлиқни қандай бор, шундай қабул қилади. Яъни, унинг турли-туманлиги ва рангбаранглиги билан реал қабул қилади мўмин одам. Мусулмонлар ўз эътиқод ва фазилатларини, ахлоқ нормаларини танитиш жараёнида ҳеч қачон бошқа маданият пойдеворларини қулатишга интилмаганлар, ҳеч бир даврда бошқаларни ўзларига ўхшашга мажбур қилмаганлар.

Унинг ўрнига мусулмонлар юнонларнинг ақл-идроки, форсларнинг давлатчилик ва сиёсатдаги муваффақиятлари, ҳиндларнинг математика ҳамда фалакиётга оид ютуқлари, хитойликларнинг ҳунармандлиги-ю арабларнинг сўзамоллигини бирдай қадрлайдилар. Улардан керакли дарс ва ўрнак оладилар. Шул боис, ислом барча тарихий маданият муҳитларида тез қабул қилинди, унга тезда мослашилинди. Уммат ўзига кўп сонли миллатларни бирлаштирди, ислом тараққиёти, ислом тамаддуни бутун инсониятнинг ғоялари, қадриятлари, фазилатлари, малака ва тажрибалари, бунёдкорлик фаолиятлари билан тобора бойиб, етилиб, юксалиб борди.

Хуллас, исломдаги бағрикенглик – юмшоқлик ёки бепарволик эмас. Бу бағрикенглик –  Аллоҳ инсонни шарафлантирган тамал ҳақ-ҳуқуқларига иқрор бўлиш асосида шаклланувчи фаол муомала, фаол яшаш тарзидир.

Нигора УСМОНОВА,

Тошкент Ислом Институти “Ақоид ва фиқҳ фанлар” кафедраси ўқитувчиси

120870cookie-checkИСЛОМ – БУ БАҒРИКЕНЛИКДИР!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: