islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“ИЙМОННИНГ ТАЪРИФИ ВА РУКНИ” МАВЗУCИДА ОЧИҚ ДАРС БЎЛИБ ЎТДИ

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Устоз Қудратуллоҳ домла Сидиқметовнинг 2020 йил 11 март куни 603 гуруҳ талабаларига Ақоид фанидан “Иймоннинг таърифи ва рукни” мавзуида очиқ дарси бўлиб ўтди.

Очиқ дарсни Ўқув ва илмий ишлар бўйича проректор У.Ходжаев, “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири С.Примов ва кафедра устозлари Ф.Жўраев, Ҳ.Жўрабоев, М.Жўраев, А.Ғофуров, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири А.Тошпўлатов ва кафедра ўқитувчиси Ю.Абдурахимов, “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси И.Юлдашев ва бошқа устозлар кузатиб, таҳлил қилиб бордилар.

Иймоннинг таърифи ва рукни

«Иймон» сўзи луғатда «тасдиқлаш», «бўйсиниш», «омонлик бериш» маъноларини англатади. Аҳли сунна вал жамоа уламолари наздида биринчи маъно, яъни «тасдиқлаш» маъноси мўьтабар ҳисобланади.

Истилоҳда эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган барча нарсаларни қалб билан тасдиқлаш бўлиб, тил билан иқрор бўлиш эса, иймоннинг шарти ёки унинг бир бўлаги дейилган. (ал-Мажмуату ли қоваидил фиқҳийя. 98-бет).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган барча нарсаларни қалб билан тасдиқлаш деганда у зот келтирган барча нарсаларни ўз ичига қамрайдиган қуйидаги етти нарсага шаксиз ишониш тушунилади: Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, китоблари, пайғамбарлари, охират куни, қадарнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳдан экани ва ўлгандан сўнг қайта тирилиш.

Саъдуддин Тафтазоний ўзларининг «Ат-Талвиҳ» номли асарларида шундай деган: Аслида иймон тасдиқдир. Бунинг маъноси яратувчи таолонинг борлиги, ягоналиги ва бошқа сифатлари ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нубуввати ва у зот келтиргани аниқ маълум бўлган нарсаларни тасдиқлаб, унга бўйсиниб қабул қилишдир. Шунга кўра луғат жиҳатидан «Тасдиқлаш» маъносини ифодалаган «Иймон» сўзи шариат истилоҳида махсус нарсаларни тасдиқлашга қайдланиб иймон дейилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иймоннинг маъносини қуйидагича баён қилганлар:

«Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, расулларига, охират кунига иймон келтирмоғинг ҳамда қадарга; унинг яхшиси ва ёмонига иймон келтирмоғинг» (Имом Муслим ривояти).
Иймоннинг тасдиғи ҳақида турлича фикрлар бор:

1. Молик, Шофеъий, Аҳмад, Авзоъий, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, бошқа аҳли ҳадислар, Мадина аҳли, аҳли зоҳир ва мутакаллимлардан бир жамоаси:

«Иймон қалб ила тасдиқ қилиш, тил билан иқрор бўлиш ва аъзолар билан амал қилишдир», деганлар.

2. Бизнинг асҳобларимиздан кўплари Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ зикр қилган:

«Иймон – тил билан иқрор қилиш ва қалб билан тасдиқ қилишдир», деган фикрга иттифоқ қилганлар.

3. Абу Мансур ал-Мотуридий ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳлар:

«Тил билан иқрор қилиш ортиқча рукндир, аслий эмас. Аслий рукн – қалб билан тасдиқ қилишдир. Иқрор эса унга аломат ёки узрли бўлганлар учун шартдир», дейдилар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан бошқа аҳли сунна имомлари орасидаги ихтилоф сувратда, холос. Уларнинг гуноҳи кабира иймондан чиқармаслигига, балки, уни қилган одам Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола қилинишига, хоҳласа азоблайди, хоҳласа афв қилади, деган фикрда иттифоқ қилиб туриб, қалбдаги иймон учун аъзоларининг амали лозимми ёки иймондан бир жузми деган гапни айтишлари лафзий низодан бошқа нарса эмас. Бу ерда, ақийдага тегадиган нарса йўқ.

Агар бу масалада Аҳли сунна вал жамоа орасидаги низо фақат лафзий низо бўлса, уларнинг бир тоифаси иккинчисига душманлик қилишларига ва шу боисдан тафриқага тушишларига ҳеч ҳожат йўқ.

Ақийда илми олими Умар Насафий роҳматуллоҳи алайҳ:

«Иймон ва Ислом бирдир. Қачонки, бандада тасдиқ ва иқрор мавжуд бўлса, мен ҳақиқатда мўминман, демоғи тўғри бўлади», деганлар.

Мана шу маъно мотуридийлар жумҳури ва муҳаққиқ ашъарийларнинг сўзидир.

Абдуллоҳ Ғофуров
Тошкент ислом институти
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси

 

124730cookie-check“ИЙМОННИНГ ТАЪРИФИ ВА РУКНИ” МАВЗУCИДА ОЧИҚ ДАРС БЎЛИБ ЎТДИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: