islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

БИРИНЧИ СУҲБАТ:ҚУРЪОНИ КАРИМНИ ЎРГАНИШ ҲАМДА ЎРГАТИШНИНГ ФАЗЛИ ВА АҲАМИЯТИ ҲАҚИДА (давоми)

Эй Қуръон ўқувчи, агар сиз тиловат ҳаққини гўзал адо қилувчи бўлсангиз, сизни ажр эгаси қилиб қўйгани учун Аллоҳ таолога шукр қилинг!

Агар сиз ўзига ортиқча ишонган, билганидан қолмайдиган, зеҳнига илашганигагина суянадиган ҳамда талаффузини тўғрилаб берувчи олим кишининг олдига боришдан кибрланадиган бўлсангиз, шубҳасиз, ғурурга кетган хатокор, оятларни ҳеч бир узрли сабабсиз бузиб ўқувчи бўлиб қоласиз.

Агар сиз тилида қийинчилиги бор (яъни баъзи ҳарфларни талаффуз қилишда қийналадиган ёки тўғри ўқишни ўргатадиган устози бўлмаган) [1] киши бўлсангиз, билинг-ки, Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ортиқ вазифани юкламайди. Лекин сизга бор кучингиз билан саъй-ҳаракат қилишингиз вожиб бўлади, шояд, Аллоҳ таоло мана шундан сўнг бирор енгиллик пайдо қилса!

Қуръон оятларини қироат қилувчи кишининг, айниқса, намозда тажвидга амал қилиши фарзи айндир. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонни тажвид ила нозил қилиб, шундай марҳамат қилган: «Ва Қуръонни тартил ила тиловат қилинг!». [2]
Саййидимиз Алий розияллоҳу анҳу ушбу оятни «Қуръонни тажвид ила қироат қилинг» деб тафсир қилганлар. [3]
Модомики Қуръонни тажвид билан тиловат қилиш фарз экан, бу тажвиднинг зидди бўлган лаҳннинг ҳаром эканлигини тақозо қилади. [4]

Шайх Муҳаммад Маккий Наср раҳимаҳуллоҳнинг «Лекин сизга бор кучингиз билан саъй-ҳаракат қилишингиз вожиб бўлади, шояд, Аллоҳ таоло мана шундан сўнг бирор енгиллик пайдо қилса!» деган гапларининг маъноси шуки: эй Қуръонни қийналиб тиват қилгувчи киши, тиловатингизни тўғрилашга бор кучингиз билан интилинг, бу эса, Қуръонни шайхдан ўрганиш билан, тажвид билан ўқилган тиловатларни кўп эшитиш ва уларга тақлид қилиш билан бўлади. Қанчадан-қанча кишиларга тажвидда моҳир қурроларнинг тартил ила ўқилган тасмаларини радио ва бошқа воситалар орқали тинглаганлари фойда берган. Агар кишининг Қуръонни ўрганишда нияти холис ва тўғри, қарори қатъий бўлса, Аллоҳ таоло албатта бу ишни унга осон қилади ва ёрдам беради. Бу эса воқеликда кўп бор тажрибадан ўтган. [5]

Эй, Қуръонни қийналиб ўқигувчи! Сиз ундаги ҳарфларни талаффуз қилишда қанчалик қийналманг, ўз устингизда мунтазам ишлашдан, устозларингиз берган топшириқ ва тавсияларга амал қилишдан асло тўхтамаслигингиз зарур. Гарчи бунинг учун йилларни сарфлаган бўлсангиз-да, бундан ҳеч ҳам оғринманг. Мана шу Каломуллоҳ туфайли қийрот қийрот ажрларга лиммо-лим ўтган кунларингизни, Роббингиз жалла ва ало билан сирлашиб ўтказган тунларингизни бир эслаб кўринг-а, сизнинг ҳозиргача эришган даражангиз ҳам ўша саодатли кунлар ва сакинатли тунлар маҳсули эмасми?

Баний Одамнинг душмани бўлмиш шайтон олдингизга келади-да, «сен Қуръонни ўргана олмайсан, уни ўрганиш жуда қийин ва имконсиз иш, вақтингни беҳуда сарфлама!» дейди, чунки агар сиз машаққатларга қарамасдан сабр билан шу йўлда давом этсангиз, оламлар Робби бўлган Зот бир кун келиб албатта сизга кўплаб фазл ва хайриятлар инъом этажагини у яхши билади. Зеро Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зоэ қилмас» [6] – дея марҳамат қилган.

Агар таслим бўлсангиз ва мақсадингиздан чекинсангиз, билинг-ки сиз шайтонга енгиласиз. Қуръони каримдан йиллар мобайнида эришганингизни ҳам йўқотасиз. Ваҳоланки шайтоннинг кўзлаган нарсаси ҳам мана шудир. Қуръонни йўқотиш эса киши ҳаётидаги энг қимматли нарсасини йўқотиши демакдир. Аллоҳ таоло: «Ким Менинг зикрим (Қуръон)дан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур» [7] дея огоҳлантирган.

Эй Қуръон толиби! Сиз, модомики олдингизга қўйган мақсад сари илдам одимлаб борар экансиз, бу йўлдаги ички ва ташқи тўсиқлар, қийинчиликлар сизни тўхтата олмас экан, сизга хушхабар бўлсин! Чин ихлос ва юксак матонат соҳиблари ҳақида Аллоҳ таолонинг «Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина насиб бўлур. Унинг қилган саъй-ҳаракати (натижаси) тезда кўринадир» [8] деган хабари бор.

Шунингдек, У зот азза ва жалла: «Дарҳақиқат, ҳеч шубҳасиз, Биз Қуръонни зикр (эслатма) учун жуда осон қилиб қўйдик…» дея, Қуръони каримни ўрганишнинг жуда осон эканлигини кетма-кет учта таъкид лафзи билан зикр қилган. Оятнинг охирида эса: «Бас, эслатма олувчи борми?!» [9] дея хитоб қилиб, бизларни дарҳол Ўзининг Каломини ўрганишга киришишга ва бу ишни айнан ҳозир – шу ондан бошлашга ундамоқда!

Демак, Аллоҳнинг Каломини тўғри ўқишга интилганимиз сари У бизга бирин-кетин, босқичма-босқич яхшилик ва фазл эшикларини очаверади. Бунда ҳар бир киши ўзига тақсимлаб қўйилган насибасини олади. Кимдир Қуръон қироатида маҳоратли устоз, яна кимдир Унинг ҳарфларини Аллоҳ хоҳлаганидек ҳаққи [10] ва мустаҳаққини [11] адо қилиб гўзал тиловат қилувчи бўлади. Бу иккиси насиб этмаганда ҳам, энг муҳими, қиёмат кунида аҳли Қуръонлар билан бир сафда бўлишнинг ўзи етарли эмасми?…

Йўлдошбек Нуриддинов,

Робияхон Нажмиддинова

Саййид Лошин Абул-Фараҳнинг «Дуруусун муҳимма фий шарҳи дақоиқил-муҳкама» китобидан эркин таржима

1. Қуръони каримни тажвид билан тиловат қилиш фарзи айндир. Уни тарк қилиш билан киши гуноҳкор бўлади. Аммо қуйидаги икки ҳолатда кишидан гуноҳ кўтарилади:
– Нутқ қилиш аъзоларидан бирида тузалмас нуқсон бўлса;
– Тажвид илмини ўргатадиган маҳоратли устозни топишнинг ҳеч қандай имкони бўлмаса (масалан, мустабид тузум ҳукмронлик қилган ўтган аср мобайнида юртимизда тажвид илмини ўргатадиган, силсиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача боғланган Қуръон муаллимини топиш имконсиз бўлган).
2. «Муззаммил» сураси 4-оят.
3. Закарийё ибн Муҳаммад ал-Ансорий аш-Шофеий. «Дақоиқул-муҳкама фий шарҳил-муқаддима».
4. Шайх Муҳаммад Маккий Наср. «Ниҳаяту қовлил-муфийд фий илмит-тажвид».
5. Саййид Лошин Абул-Фараҳ. «Дуруусун муҳимма фий шарҳи дақоиқил-муҳкама».
6. «Тавба» сураси 120-оят.
7. «Тоҳо» сураси 124-оят.
8. «Нажм» сураси 39-40 оятлар.
9. «Қамар» сураси 17-оят.
10. Ҳарфларнинг ҳаққи – уларда доимо бор бўлган ва ўзгармайдиган сифатларидир (рахова, шидда, истифола, истиъло каби).
11. Ҳарфларнинг мустаҳаққи – ҳарфларни талаффуз қилиш чоғида бирор омил туфайли вужудга келган оризий сифатлардир (тафхим, тарқиқ ва тағлиз каби).

129260cookie-checkБИРИНЧИ СУҲБАТ:ҚУРЪОНИ КАРИМНИ ЎРГАНИШ ҲАМДА ЎРГАТИШНИНГ ФАЗЛИ ВА АҲАМИЯТИ ҲАҚИДА (давоми)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: