islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Вақфни билмаган Қуръонни билмапти

Қуръони каримни тиловат қилар эканмиз, маънолари тӯғри ва тугал бӯлиши учун албатта тажвид қоидаларига амал қилишимиз лозим бӯлади.

Айниқса, қаерда тӯхташ (вақф) ва қандай бошлаш (ибтидо) илмини ҳам яхши билишимиз талаб этилади. Вақф ва ибтидони яхши билмаган ёки унга риоя қилмаган киши Қуръон тиловатида хато ва камчиликка йӯл қӯйиши турган гап. Зеро, вақф ва ибтидо тажвид илмининг муҳим бир қисми ҳисобланади. Баъзи уламолар уни алоҳида зарурий илмлардан деб айтишган ва бу ҳақда кўплаб китоблар ёзишган.

Али карромаллоҳу важҳаҳу “Қуръонни тартил билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг” (“Муззаммил”, 4) деган ояти каримани: “Тартил – ҳарфлар махражини яхши ўрганиш ва тўхташ (вақф) ўринларини билишдир”, деб тафсир қилганлар. Демак, вақф ва ибтидо илмини билишимз Қуръони каримда буюрилган экан. Имом Жазарий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Муқаддиматул Жазарийя” китобларида худди шу маънода қуйидагича назм келтирадилар:

“Этиб сен ҳарфлар махражин гўзал адо,
Сўнг лозим эрур билмоқ вақфу ибтидо”.

Абу Ҳотим роҳимаҳуллоҳ: “Кимки вақфларни танимаса, Қуръонни танимайди”, деб айтганлар. Ибн ал-Анборий раҳимаҳуллоҳ эса: “Қуръонни тўлиқ тушуниш тўхташ ва бошлаш ўринларини билишга боғлиқ. Қуръон маъноларини англаш фақат тўхташ ўринларини билиш билангина ҳосил бўлади”, деганлар. Мана, ангалаганингиздек, Қуръонни тўғри ўқиш учун фақат ҳарфларни махражидан чиқариб талаффуз қилишнинг ўзи кифоя бўлмай, балки тўхташ ва бошлаш ўринларини ҳам яхши билиш лозим экан. Халқаро Қуръон мусобақаларида қатнашувчи қорилар ҳам гарчи ҳифзи ва овози яхши бӯлсада, вақф ва ибтидога қанчалик тӯғри риоя қилишларига қараб асосий баҳони қӯлга киритадилар.

Энди вақф ва ибтидо турлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

Вақф арабча сўз бўлиб, луғатда тўхташ, тиниш, ушлаш каби бир неча маъноларни англатади. Қироат истилоҳида эса, қироатни давом эттириш мақсадида нафас олиш учун бирор калима охирида тўхташга вақф деб айтилади. Аксар уламоларнинг фикрича вақф икки ҳаракат миқдорича бўлади. Вақф интизорий, ихтиборий, изтирорий ва ихтиёрий каби турларга бўлинади.

Интизорий вақф бир неча мутавотир қироатни жам қилишни истаган қори томонидан амалга оширилиши мумкин. Бунда қори биронта калима устида тўхтайди ва ўша калиманинг бошқа қироатдаги кўринишини ҳам ўқийди. Бундай вақф фақат таълим учун қилингани боис маъно тугал бўлмаса ҳам жоиздир.

Ихтиборий вақф оятлардаги сўзлар охирларида тўхташ усуллари ва одобларини қай даражада ўзлаштирганлигини синаш ёки мазкурларни ўргатиш учун устоз шогирддан дарс ёки имтиҳон пайтида талаб қиладиган вақфдир. Ихтиборий вақф грамматик жиҳатдан тўхташ жоиз бўлмаган ёки одатда тиниш қилинмайдиган ўринларда талабанинг талаффузи ва тўхташ услубини синаш мақсадида талаб қилиниши мумкин.

Изтирорий вақф нафас етмай қолиш, йўталиш, аксириш, унутиш каби зарурат туфайли содир бўладиган вақфдир. Бунда агар маъно дуруст бўлса, тўхтаган жойдан бошлаб қироат давом эттирилади. Бордию, маъно дуруст бўлмаса, орқароқдан бошлаб ўқиш давом эттирилади.

Ихтиёрий вақф қироат қилувчи ўзи хоҳлаган пайтда ихтиёри билан амалга оширадиган вақф бўлиб, жоиз ва ножоиз каби икки хил кўринишда бўлиши мумкин. Жоиз вақф ўз навбатида том, кофий ва ҳасан каби турларга бўлинади.

Том вақф ўзидан кейинги оятга маънода ҳам грамматик жиҳатдан ҳам боғлиқ бўлмаган жойларда, асосан оятлар охири ва қиссалар тугашида қилинади.

Кофий вақф ўзидан кейинги жумлага маънода боғлиқ, лафзан боғлиқ бўлмаган жойда амалга оширилади.

Ҳасан вақф маъноси тўлиқ бўлсада, ўзидан кейинги оятга лафзда ҳам маънода ҳам боғлиқ жойда тўхташдир. Бунда тўхталган жой агар оятнинг боши бўлмаса шу жойдан бошлаб кетиш яхши эмас, балки орқароқдан бошлаб давом эттирилади.

Ножоиз вақф эса қабиҳ ва ўта қабиҳга бўлинади.

Қабиҳ тўхташ маънони тугатмасдан тўхташдир. Яъни, эгани кесимдан, иш-ҳаракатни бажарувчисидан, сифатланмишни сифатдан, шартни жавобдан ажратиш кабилар.

Ўта қабиҳ тўхташ акс маъно тушуниладиган қилиб тўхташга айтилади. Бундай тўхташ мутлақо мумкин эмас ва қасдан шундай қилиш куфр саналади.

Булардан ташқари уламолар вақфнинг лозим деган яна бир турини ҳам айтиб ўтганлар. Лозим вақф тўхташ мажбурий, шарт вақфдир. Йўқса, маъно нотўғри тушунилиши эҳтимоли кучли бўлиб қолади. Юқорида келтирилгандек вақф ўринларига тўғри ироя қилсак, ўз-ўзидан ибтидони ҳам тўғри амалга ошира оламиз. Натижада биз Қуръоннинг амрига амал қилган бўламиз.

Вақф қилинган жой борки, албатта ўз навбатида ибтидо ҳам қилинади. Ибтидо луғатда бошлаш деган маънони билдиради. Қироат истилоҳида эса, Қуръон тиловатини бошлаш бўлиб, у ҳам жоиз ва ножиозга бўлинади.

Ўзидан олдинги лафзга алоқадор бўдмаган тугал маъноли жойдан бошлаш жоиз саналади ва асосан оятларнинг бошидан бошлаш бунга мисол бўлади.

Акс маъно ифодаланадиган қилиб бошлаш эса ножоиз ҳисобланади. Бундай ҳолат асосан ҳукм ё қиссаларни ярмидан, мўминларни сифатини кофирларга ё аксинча қилиб бошлашда юзага келади.

Хулоса ўринда шуни айтиш мумкинки, вақф ва ибтидо илмига қанчалик аҳамият берсак, бу Қуръони каримга берган аҳамиятимиздир. Сир эмаски, яқин йилларгача диёримизда битилган тажвид қўлланмаларида вақф ва ибтидо ҳақида маълумотлар учрамас эди. Қуръон ўрганиш мобайнида мусҳафларда кўрсатилган вақф аломатларига риоя қилишни ўргатилиб келинган холос. Эндиликда эса, Жаҳонгир қори Неъматов, Обидхон Икрамов ва бошқа бир қанча устозларимиз томонидан таълиф этилган вақф ва ибтидога доир масалалар кенг ёритилган китобу қўлланмалар халқимизга тақдим қилиниб бу борадаги билимларимизни оширишимизга яхши имкониятлар яралмоқда. Аллоҳ таоло барчамизга фойдали илмлар берсин! Омиин!

Тошкент ислом институти
“Таҳфизул Қуръон” кафедраси
битирувчиси Шарипов Назаржон

145200cookie-checkВақфни билмаган Қуръонни билмапти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: