Маълумки, Ислом дини инсонларни илм олишга тарғиб қилувчи диндир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда илм олишга ундаш маъноси борлигининг ўзи ҳам Ислом илму маърифат дини эканлигининг ёрқин далилидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда иймон келтирган илм эгаларининг мартабаларини юксак даражаларга кўтаришини баён қилган. Илм эса амални амал эса ихлосни ёрдамга чақиради. Агар ёрдамга келмаса илм у кишидан қочади. (Адабуд-дунё ва дин китобидан) Яхши тушунмоқ керакки! Ҳар бир иш мукаммал, мустаҳкам бўлиши учун илм, амал ва ихлос бирлашиши шарт. Фаридиддин Аттор ҳазратлари илоҳиятда аввал ихлос кейин илм туради дейдилар. Яъни: ихлоси бўлмаган кишига минг бор илм борасида сўзланса ҳам у одамда зарра миқдорда фазилат, даража, юксак бир мақом белгиси унда кўринмайди. Шу сабабдан ҳар бир амал ихлос ила бажарилса кундан – кун у ислом немати билан яшай бошлайди. Ихлоснинг маъноси Шайтондан тўлиқ халос бўлишдир. Шайтондан холий бўлмас экан унинг барча илмлари ўзига ва барчага зарарга хизмат қилади. Дунёда илмдан кўра даража ва мартаба йўқдир. Шу сабабли юртимиздаги ва бошқа юртдаги барча олимлар ўзларини фойдаси кенг даражаси зиёда амалга ўзларини фидо қилишган. Баъзи илмларни ўрганиш мутлоқа мумкин эмас. Аллоҳ таолонинг зотини билиб бўлмайди. Биринчидан, бу ҳақда чуқур баҳс юритиш шаръан ман этилган. Иккинчидан, Ҳақ таолони билишга бандаларнинг чекланган билими ва ақлининг қуввати етмайди. Буни Суфи Оллоёр “Саботул- ожизин”да содда ва тушунарли баён қилганлар:
Эрур ҳокимки ҳукмин ўзга этмас,
Анинг зотиға ҳеч кимнинг ақли етмас.
Фаришталар, набилар етмадилар,
Буйин сундилару фикр этмадилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бир соат тафаккур қилиш инсон ва жинларнинг ибодатидан яхшироқдир”, дедилар. Шайҳ Худойдод Вали Ҳазратлари Аллоҳ у зотни раҳмат айласин шу ҳадисга ишорат қилиб айтадилар: “Менинг наздимда бир марди ҳақ олимнинг олдида бир соат ўтириш 50.000 минг йиллик зикр ва фикр қилишдан яхшироқдир, деганлар. Жалолиддин Румий ҳазратлари айтадилар: “Кам мин аммин лиаййакувна алиман ва кам мин қорнин лиаййакувна валиййан”, “Қанча- қанча йиллар керак бир марди ҳақ олим бўлиш учун ва қанча- қанча асрлар керак бир марди ҳақ валий бўлиш учун деганлар”. Чексиз мартаба ва даражалар манбаи бу амал ҳисобланади. Инсонлар учун ягона нажот йўли – Қуръони каримга амал қилиш. Чунки Қуоъон – ёғду, нур, билим йўли ва ҳидоят манбаидир. Пайғамбар алайҳиссалом илм борасида айтадилар: “Аввало олим бўл! Лоақал таълим олувчи ёки тингловчи ёхуд уларга эргашувчи бўлгин. Аммо бешинчи одам (мазкур тўрт хислатдан ташқаридагиси) бўлмагинки, ҳалок бўлурсан”. Жололиддин Румий Ҳазратлари дунёда ҳамма нарса сувга туяди. Балиқ сув ичида юрса ҳам сувга тўймайди. Буни илмга қиёс қилиб айтадиларки: “Гуё сизлар илм олишда балиққа ўхшанглар, балиқ сувга тўймагани каби сизлар ҳам илм ичида юриб илмга тўйманглар”. Абу Муъин ан- Насафий ҳазратлари “Насафий” тафсирларида бир муборак ҳадиси шарифни келтиради буни сизларга ҳам маълумот сифатида келтирмоқчимиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бир толиби илм бир қабрстоннинг ёнидан ўтса унинг шарофати билан 40 кун қабрда азоб тўхтайди, деганлар”. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар: Олим билан обид ўртасидаги фарқ, даража 700 баробардир. Ҳар бир даражанинг ораси 500 йиллик йўлдир. Ҳар бир даража ораси Осмон билан Ерчадир. Жалолиддин Румий ҳазратлари айтадилар: “Ким ўзини олим билан даража тенгман деб ҳисобласа! Билсинки у шайтондан қолган меросдир”. Инсон илм орқали нафсига сайқал бериш керак. Нафсни тўлиқ ўлдириш орқали инсон камолатга эришади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ўлмасдан олдин ўлинглар”. Яъни ўлмасдан олдин нафсларингни ўлдиринглар, дейилмоқда. Нафс бу фақатгина еб- ичиш, кийиш эмас, балки у жоҳиллик, илмсизлик, манманлик, дунёпарастлик, ўғрилик, тамагирлик, порахўрлик, хасад, бахиллик, мансабпарастлик, шаҳват, ғазаб, хасислик, риёкорлик, золимлик ва раҳмсизликдир. Аҳмад Яссавий айтадилар:
Нафс йўлига кирган киши расво бўлур,
Йўлдан озиб, тойиб, тузиб, гумроҳ бўлур,
Ётса, турса шайтон билан ҳамроҳ бўлур,
Нафсни тепгил, нафсни тепгил, эй бадкирдор.
Фаридиддин Аттор ҳазратлари бир хаж қилаётган кишига насиҳат қилиб бу сўзни айтади: Агар сен ўлмасдан олдин нафсингни ўлдирсан дунёдаги барча нарса сенга буйин эгади ва сеники бўлади, деганлар. Бу эса бизнинг илм оламан ва илм йўлини ўз йўлим деб, биламан деган кишиларга насиҳатимиздир.
Беш нарса кўзга нур беради: Қуръон ўқиш, олимларга қараш, ота- онага қараш, одил падшохга қараш ва чиройли манзарали жойларга қараш. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Олимларга бир марта қарашлик менинг масжидимда бир йил эътикофда ўтириш билан тенг деганлар”. Яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким бир олимни хурмат қилса гўё мени хурмат қилгандек бўлибди. Ва кимки бир олимни хорласа гўё мени хорлагандек бўлибди, деганлар.
Илмни қиёматгача бандалар учун Аллоҳ маърифатига эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик, эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва бу орқали Парвардигорларини танишга буюрди. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:
فَاعْلَمْ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَاسْتَغْفِرْ لِذَنْبِكَ وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مُتَقَلَّبَكُمْ وَمَثْوَاكُمْ (محمد/28).
яъни: “Бас, (эй, Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезадиган жойларингизни ҳам, (охиратда) борадиган жойларингизни ҳам билур ”.
«Илм» сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Қуръон ва суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаромлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Аллоҳ таоло айтади:
يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ سورة المجادلة/11).
яъни: “…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”.
قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ (سورة الزّﻣﺮ/9).
яъни: “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?”.
إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاءُ إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ غَفُورٌ (سورة فاطر/28).
Ушбу оятлардан ҳам кўриниб турибдики, илмли кишиларнинг мартабаси Аллоҳ таолонинг назарида юксакдир.
Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган кўплаб ҳадиси шарифлар ҳам илмга, ўрганишга даъват билан йўғрилган:
” اَلْعُلَمَاءُ وَرَثَةُ الْاَنْبِيَاءِ فَاِنَّ الْاَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلاَ دِرْهَمًا فَاِنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ “
(رواه ابو داود والترمذي)
яъни: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, балки, илмни мерос қилиб қолдирганлар”, – деганлар.
” مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِى الدِّينِ وَيُلْهِمُهُ رُشْدَهُ” (متفق عليه)
яъни: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди ва унга тўғри йўл кўрсатади» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти);
«Олимнинг обиддан афзаллиги менинг қуйи даражадаги саҳобийдан афзаллигим кабидир» (Имом Термизий ривояти);
«Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди» (Имом Муслим ривояти);
«Фаришталар илм толибининг қилган ишидан мамнун бўлиб, унга қанотларини ёзишади» (Имом Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон ривояти).
Ўқувчи ва талабалар илм олиш мақсадида мактаб ва олийгоҳларга бормоқдалар. Албатта, ёшларнинг келажакда бирор касб ва ҳунар эгаси бўлишлари биринчи навбатда ўзларининг, қолаверса, ота-оналарининг ҳам орзу умидларидир. Аммо, ана шу орзу умидлар ўз-ўзидан рўёбга чиқиб қолмаслигини барчамиз яхши биламиз. Бунинг учун талаба ва ўқувчилар илм йўлида уйқудан, баъзи бир кўнгил хушликлардан кечмоқларига тўғри келади. Зеро, илм талаб қилиш ва унинг йўлида чекилган заҳмат туфайли жузъий саҳв ва хатоларнинг кечирилиши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳамма нарсалар, ҳатто дарёдаги балиқлар ҳам толиби илмнинг гуноҳлари мағфират қилинишини сўрайдилар”, – деган ҳадисларида ўз ифодасини топгандир.
Айрим кишилар эса илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, мусулмончиликда дунёвий фанларнинг ўрни йўқ деган нотўғри эътиқодда бўладилар. Аслида эса, диний илмлар ҳам, дунёвий илмлар ҳам Аллоҳнинг илми бўлиб, уларни бир биридан ажратиш мумкин эмас. Ҳазрати Одам алайҳиссалом дунёвий илм туфайли фазилатга эга бўлиб, фаришталарнинг таъзимига сазовор бўлдилар.
Дунёвий илм одамга ҳурмат ва фазилат келтирар экан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида марҳамат қилиб:
اطلبوا العلم ولو بالصين فان طلب العلم فريضة على كل مسلم (رواه ابن عدي و البيهقي).
яъни: “Илм Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, — деганлар (Ибн Адий ва Байҳақий ривоятлари). Бундан ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни талаб қилиш фарзлиги маълум бўлади.
Яна шуни қайд этиб ўтиш лозимки, ўтган барча пайғамбарлар, шу жумладан Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз умматларига фақат диний таълим бериш учун юборилмаганлар, балки дунёвий ишларга, турмуш қуриш, тижорат, зироат, уй-рўзғор ишлари ва бадан тарбияга оид каби билимларни ўргатганлар.
Ислом ҳидоятида тарбия кўрган ва унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон кишиси ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга саъю-ҳаракат қилади. Чунки, у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-аҳлоқ асосида тарбия олади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни дунёга машҳур аждодларимиз изидан бориб, яна илм чўққиларини забт этувчи, илмга ташна бандаларидан айласин, илм ўрганадиган, илмга ҳомийлик қиладиган, ҳеч бўлмаганда илмни, олимларни севадиган саодатманд инсонлар сафидан ўрин берсин, омин!
Аллоҳумма солли васаллим ва барик алайҳ.
Тошкент ислом институти “Диний фанлар” кафедраси кабинет мудири
Урол Назар Мустофо