islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИДА БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ

Юртимизда ҳар қайси хонадонда, турли йиғин ёки маъракаларда фотиҳага қўл очилганда ёшу қари, эркагу аёл – барчамиз Яратгандан тинчлик, осойишталик сўраб дуо қиламиз. Албатта, тинчлик. Бу нақадар улуғ неъмат, қут-барака, тараққиёт гарови, орзу-интилишларимиз, эзгу ниятларимиз рўёбининг муҳим кафолатидир. Зеро тинчлик бор жойдагина юракка эзгу мақсадлар сиғади. Психологлар таъкидлашича, хотиржамлик инсоннинг энг муҳим руҳий эҳтиёжи бўлиб, шахс соғлиги, жамият барқарорлигини таъминлашда катта ўрин тутади. Инсонда осойишталик ва хотиржамлик ҳисси бўлсагина, кўзлаган мақсадлари йўлидаги саъй-ҳаракатлари самарали бўлади ва муваффақиятга эриша олади. Ҳа, бежизга Иброҳим алайҳиссалом “Эсла, Иброҳим шундай демишки: “”Эй Роббим, бу юртни омонлик юрти қилгин…” (Иброҳим , 35)  дея дуо қилмаган эдилар.

Тарихий мисол:

Тинч бўлган юртда илм-фан, маданият ривожланади. Тарихга назар ташласак қайси юртда тинчлик ҳукмрон, подшолари адолатли бўлса у ерда илм фан ривожланган. Бир вақтлар “Қуббатул ислом” дея ном олган Бухоро шаҳри, “Қуббатул илм вал адаб” дея ном олган Шаҳрисабз шаҳри, ўзининг “Маъмун” академияси билан машҳур бўлган Хоразм шаҳри (агар шунга ўхшаш таърифлар билан санашда давом этсак бундай номлар талайгина топилади) нега кейинги даврларда бу қадар юксакликка чиқмади? Тўғри, кейинги даврларда бир қадар ривожланиш бўлди, лекин халқимиз янги Имом Бухорий, Имом Термизий, Алишер Навоий, Ибн Сино, Беруний, Мирзо Улуғбек, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк шахсларни кутаётган эди. Мовароуннаҳр ҳудудида мунтазам тинчлик кузатилмагани, ҳатто бир илдиздан келиб чиққан бўлишига қарамасдан уч хонлик орасида арзимаган сабаблар билан тез-тез уришлар келиб чиқиши. Илм-фан, маданиятнинг ҳам ривожланишига сезиларли равишда таъсир ўтказди. Бу эса хонликларда етарлича камчиликлар бўлганлигидан далолат беради. Ана шундай камчиликлардан бири ўзаро бағрикенглик тушунчасидир. Бағрикенглик тушунчасини фақат “динлараро бағрикенглик” дея тушунмасдан умумийроқ тушунишимиз лозим. Кимнинг фикри бизнинг фикримизга тўғри келмадими демак, унга биз ўз фикримизни сингдиришга уринмаслигимиз лозим. Уч хонликнинг зулм остида қолишига сабаблардан Инсоният тарихига назар ташласак ҳар қандай даврда турли хил манфаатларни кўзлаган гуруҳлар, жамоалар ўз замонасида юзага келган вазиятларга турлича ёндашиши натижасида уруш низолар келиб чиққанлигига гувоҳ бўламиз. Савол туғилади, биз бу ҳолатдан қандай қутуламиз, эндиликда бундай уруш ва низоларни қандай бартараф қиламиз? Бунинг учун инсониятни ягона манфаат йўлига солишга, ҳамманинг онгига мутлоқ бир мафкурани сингдиришга ҳаракат қиламизми? Муаммонинг ечими бу эмас. Зеро, қонли урушларнинг айни сабаби ҳам мана шу – ўз фикрини, ғоясини бошқаларга сингдиришга уринишдан келиб чиққан. Демак, бу муаммони бартараф этиш учун ўз манфаатимиз йўлида хизмат қилувчи ғояларни тарғиб қилишимиз эмас, балки ўзгача қарашлар  ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлишимиз, бир сўз билан айтганда, “бағрикенглик маданияти” байроғи остида бирлашишимиз кераклиги аён бўлмоқда. Бизнинг муқаддас ислом динимизда эътиқод эркинлиги очиқ ойдин эълон қилинган. Бақара сурасининг 256- оятида “Динда зўрлаш йўқ” дея Аллоҳ таоло марҳамат қилади.

Қаерда бағрикенглик етишмас экан у жойда хотиржамлик бўлмайди. Бунинг яққол далили сифатида яқин кунларда бўлиб ўтган “Мянма қирғинлари”, Арабистон ярим оролида кечаётган “сунний-шиа” тортишувлари мисол бўла олади.

Мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб жамиятимизда барқарорликни таъминлаш, фуқароларимизнинг тинчлиги осойишталигини асраш асосий вазифалардан бирига айланди. Биринчи президентимиз И. Каримов: “Инсоннинг энг устувор ва муқаддас ҳуқуқларидан бири бу тинч яшаш ҳуқуқидир. Давлат ва жамиятнинг бурчи ана шу ҳуқуқни барча қонуний воситалар билан кафолатлаб беришдир”, дея таъкидлаган эдилар.        Шундай муҳим жиҳатлар эътиборга олинган ҳолда юртимизда “ўзаро бағрикенглик”, “миллатлараро тотувлик”, “диний бағрикенглик”ка жуда катта аҳамият берилмоқда. Инсонларда бағрикенлик тушунчасини янада юксалтириш юзасидан жуда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича “Ҳаракатлар стратегияси” нинг бешинчи йўналишида: “Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги устувор йўналишлар”, деб белгилаб қўйишлари; давлатимиз раҳбарининг БМТ олий минбаридан туриб сўзлаган нутқларида бағрикенглик масаласига алоҳида тўхталиб ўтганлари; аждодларимиз меросларини ўрганиб, уларни амалиётга татбиқ этиш учун ташкил этилаётган илмий-тадқиқот марказлари; аҳолимизнинг китобхонлик салоҳиятини ошириш бўйича ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар мисол бўла олади.

Биз талаба ёшлар тинчлик ва бағрикенглик тамойилларига амал қилиб, юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатлар билан биргаликда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга ўзимизнинг чуқур илм олишимиз,  олган илмимизга амал қилган ҳолда ўз ҳиссамизни қўшишга ваъда берамиз.

             Нодиров Ҳумоюн

ТИИ 2 курс талабаси

16890cookie-checkЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИДА БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: