islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, сайёрамиз аҳолисининг 15 фоизи (бир миллиарддан ортиқроқ инсон) ногироликнинг у ёки бу туридан азият чекади. 60 ёшдан ошганларнинг 46 фоизини ногиронлар ташкил қилади. Ер юзидаги ногиронлиги бор инсонларнинг 10 фоизи эса болалардир. Дунёда бундай инсонларнинг  80 фоиздан ортиқроғи ривожланаётган мамлакатларда яшайди.

Уларнинг ҳаёт тарзини яхшилашга дунё миқёсида эътибор қаратиш мақсадида БМТ томонидан 1983–1992 йиллар Халқаро ногиронлар ўн йиллиги деб белгиланган эди. Мазкур ўн йиллик якунида (1992 йилнинг 14 октябрь куни) БМТ Бош Ассамблеясининг 37-ялпи мажлисида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ, 3 декабрь Халқаро ногиронлар куни деб эълон қилинган.

Мазкур халқаро ҳужжатга мувофиқ, БМТга аъзо барча мамлакатларга, шунингдек, тегишли ташкилотларга ногиронлиги бор шахсларнинг тўлақонли ҳаёт кечириши, ишлаши, таълим олиши ва саломатлигини тиклаши учун мунтазам тарзда зарур шарт-шароитлар яратиб бериш, мазкур кунни кенг миқёсда нишонлаш тавсия этилган.

Шу муносабат билан Тошкент ислом институти Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат  бўлими мураббийлари, Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчилари институт жойлашган Ҳазрати Имом маҳалласидаги бир нечта хонадонларга ташриф буюрдилар.

Кўнгил сўраш учун, ўқитувчилар М.Тошпўлатов, И. Йўлдошев ва А.Алланберганов ногиронлиги бор хонадонларга бориб, Қ.Жўраев, У.Ҳожиаҳмедов ва Г.Мисировага ҳадялар улашдилар. Суҳбатлашиб, ҳол-аҳвол сўрадилар, Аллоҳ таолодан офият ҳамда барака сўраб дуо қилдилар.

Ҳар бир банда Аллоҳнинг буйруқларини бажариб, Унинг ибодатида бўлмоғи лозим. Ким бўлса ҳам, иймон келтириб солиҳ амал қилса, Аллоҳ таоло ўша бандани муносиб мукофотлайди. “Наҳл” сураси 97-оятида:

مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِّن ذَكَرٍ أَوْ أُنثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُم بِأَحْسَنِ مَا كَانُواْ يَعْمَلُونَ۝

Эркакми, аёлми, ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, уни пок, гўзал ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз” деб марҳамат қилинган.

Аллоҳ таоло бандани синаш учун унга турли синовлар юбориши мумкин. Бу билан унинг мақомини баланд қилмоқчи бўлади ёки қайсидир гуноҳлари учун жазолайди. Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 155-156 оятда марҳамат қилади:

وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِّنَ الْخَوفْ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِّنَ الأَمَوَالِ وَالأنفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ۝ الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُم مُّصِيبَةٌ قَالُواْ إِنَّا لِلّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعونَ۝

Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга хушхабар бер.
Улар ўзларига мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», – деганлардир.
Инсон қийинчиликларда, синовларда тобланади. Ушбу оятда ўша синовлардан баъзилари саналгандир.
«Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз».
«Хавф» деганда душмандан бўладиган хавф-хатар туйғуси тушунилади. Қаҳатчилик ёки бошқа сабаблардан келиб чиқадиган очарчилик ҳам Аллоҳ таолонинг бир нави синовидир. Шунингдек, «Мол-мулкка ўғри уриши, офат етиши ёки золимларнинг тажовузи туфайли нуқсон етказиб; жонга турли хасталиклар билан, яқин кишиларнинг, ёр-биродар ва шерикларнинг ўлими, касаллиги билан нуқсон етказиб; меваларга офат етказиш, баракасини кетказиш билан нуқсон етказиш ила синаб кўрамиз», – дейди Аллоҳ таоло. Бошга шундай синов келган, мусибат етган банда нима қилса яхши бўлади? Бу ҳақда Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, кўрсатма бермоқда:
«Ва сабрлиларга хушхабар бер. Улар ўзларига мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», – деганлардир».
Демак, мусулмон киши мусибат етганда сабрли бўлиши ва Жаноби Ҳақнинг Ўзи ўргатган дуони қилиши керак. Бу дуо Қуръон тилида:
«Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун», деб талаффуз этилади. Буни айтиш қисқача «истиржоъ» дейилади. Эътибор қилинса, истиржоъда улкан маъно ётибди.
«Албатта, биз Аллоҳникимиз…» яъни «Барчамиз, бор-будимиз Аллоҳники, ҳақиқий эга Унинг Ўзи. Нимани қачон қандай тасарруф қилишни Ўзи билади».
«…ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», яъни «Эртами-кечми, барибир, Унга қайтишимиз бор. Бизга етиб турган мусибат ҳам Унинг Ўзидан. Биз сабр қилишимиз лозим ва шундай қиламиз ҳам». Шу боис, истиржоъга кўп-кўп савоблар ваъда қилинган.
Шундай экан, банда ҳар қандай ҳолатда Аллоҳга шукр қилиши ва унга етган мусибат ҳамда нуқсонга Ўзининг розилиги учун шукр қилса, Ҳақ таоло шунга муносиб савоб ато қилади. Бу дунёда ҳам енгилликлар ато қилади.

Ибн Умму Мактумнинг кўзлари ожиз эди. У зот Маккада биринчилардан бўлиб иймон келтирганлар ҳамда биринчи муҳожирлардан эдилар. Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади: “Ибн Умму Мактум кўзи ожиз ҳолатда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муаззинлик қилар эди”. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазотларида Ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳуни ўн уч марта Мадинага ўринбосар қилиб қолдирганлар. Aбво, Бувот, Зул-ушайра, Савиқ, Ғатафон, Уҳуд, Ҳамроул асад, Нажрон, Зотур-риқо ғазотлари шулар жумласидандир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажжатул вадога борганларида ҳам у зотни ўринбосар қилиб қолдирганлар. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Омирдан “Ибн Умму Мактум инсонларга имомлик ҳам қилар едими?”, деб сўрадим. У “Муҳаммад ибн Саҳл ибн Aбу Ҳасма “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Мадинада қолдирар эдилар. У инсонларга жамоат намозини ўқиб берар ва минбар ёнида туриб хутба қилар эди”, деган”, деди. Бир фикрда у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ғазотларида Мадинада қолиб, инсонларга имомлик қилар эди, дейилган.

ТИИ Матбуот хизмати

184800cookie-check3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: