islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Нафс мартабалари

Биринчи нафс мартабасига “Нафси аммора’’ дейилади.Бу ҳеч бир нарсага арзимайдиган бир нафсдир.Кофирлар, мушриклар, мунофиқлар ва фосиқларнинг нафслари ҳам борки, 12 аломати, сифати ва феъл-атвори бор. Булар ҳеч бир замон муваҳҳид мўминга ярашмас.Комил ва етук мўмин бу мартабадан ва сифатларидан, феъл-атворларидан ўтган, ўзини поклаган, зийнатланган, нурлантирган, нур устига нур қўйган, тунларни кундуз қилган, қоронғуликни кетказиб, зулматларни йиртиб “Нурун аъло нур’’ бўлган одамдир. Қараганнинг кўзлари қамашгай, ортидан эргашганлар нур дарёсига етишурлар. Жаннатни дунёдаёқ топурлар. Бундайларнинг ўзлари, сўзлари, барча мақсад ва ғоялари Ҳақ таоло жамолига етишмоқ ва розилигини топмоқдир. Шунинг учун ҳам дунёнинг бирон бир лаззати бу зотларни Ҳақ таоло ризолиги учун ҳаракатдан ман қилолмас! Ҳақ таоло истагандек бўлса, жонларини киприк қоқмай Ҳаққа беришга доим тайёрдурлар. Нафси аммора эгалари бўлса, бунинг мутлақо тескарисидирлар.Улар шундай бир ботқоққа тушканларки, ҳам таърифлаб бўлмайди.Ҳоҳ ширк ҳоҳ куфр балчиғида ўлганларнинг жойи оловдан, муздан, турли йиртқич ҳайвонлари билан тўла бўлган жаҳаннам ичида абадий қолиш қандай эканлигигни фақат ўша ерга кирганлардан сўраш керак.Сўрашга ҳам ҳожат йўқ, Аллоҳ ва Расули чиройли баён қилмоқда.Аммо Аллоҳ таоло ва Пайғамбарига иймон келтирмаган бечораларга нима ҳам дейиш мумкин.Бу насиҳат мўмин мусулмонларгадир.Нафси амморанинг ёмон феъл-атворлари қуйидагилардир:

1.Кибр.

2.Кин.

3.Бахиллик.

4.Шаҳват.

5.Ҳирс.

6.Ҳасад.

7.Ғазаб.

8.Ғафлат.

9.Жаҳолат.

10.Ширк.

11.Куфр.

12.Ужб.

Нафснинг кейинги тури нафси лаввомадир. Бу нафс нафси амморанинг эгизаги, фақат бир озгина ислоҳ бўлган шаклидир.Инсон бундан иймон келтиришлик билан халос бўлсада, лекин нафси амморага жуда ҳам яқиндир.Ораларида бир икки фарқи бор.Куфр ва ширкдан ҳар қанча ўзини халос қилган бўлса ҳам, бошқа феъл-атворларга ҳали соҳиб бўлгани учун фурсатни топди дегунча бу лаввома аммораликка тушиб олади. Лаввоманинг ёмон сифатлари: фисқ, жаҳолат, ужб, уйқуни яхши кўриш, еб-ичишга ҳирс бўлиши, ҳирс, қаҳри-надомат, яхши кийиниш ва яхши яшаш ҳақидаги орзулар, лағв яъни бемаъни, фойдасиз гап сўзларни кўп гапиришдирдир. Ёмон феъл-атворлар аввало маънавий нажосатдир.Шунинг учун тасаввуф китобларни кўп ўқиш фойдадир.Разил аҳлоқ эгалари аввало ибодат ва тоатда иложи борича танбаллик қилмасликлари шу билан бирга Аллоҳ таолога ўз разил хулқларидан қутқаришини тилаб кўп-кўп ёлвормоқлари даркор.

Кейинги нафс тури нафси мулҳамадир. Бу нафс Ҳақ таоло эҳсон қилган нафсдир.Бу нафс ҳақида ’ЪМўминлардан олим бўлганларнинг нафсидир.’’ Уларннг феъл атворлари:илм, тавозелик, тавба, сабр, шукур, жўмардлик, қаноат, таҳаммул (сабру тоқат)дир. Бу хулқларнинг барчаси бағоятда чиройли ва мақтовга лойиқ феъл-атворлардир.Агар бу борада зийрак бўлинмаса, бу нафсдан лаввомага, сўнг эса аввомага ўтиш эҳтимоли вужудга келади.Бу чиройли хулққа эга бўлиш бахт бўлсада, унга эришиш учун ғайрат қилиш керак.

Кейинги нафс тури эса “Нафси мутмаинна”дир.Бу шундоқ бир нафски, Аллоҳ таолонинг изни билан қалб руҳининг нури билан нурланиб, ёмон феъл-атворлардан, сифатлардан халос, пок бўлиб чиройли аҳлоқ билан зийнатланур.Ҳақ таоло барчамизни мана шу чиройли нафс ва чиройли хулқлар билан зийнатлантирсин.Амин.Нафси мутмаиннанинг чиройли 6 феъл-атвори ва сифати бор:амал(олими боамаллик), таваккул, очлик, риёзат, ибодат, тафаккурдир. Булар комил сифатлар, яъни етуклик аломатидир. Мана шу феъл-атворлар ва сифатларга эга одам боласи ўртача бир етукликка эришади ва роҳат, сокинликни фақатгина мана шу нафси мутмаиннага етишгандан сўнг топилади.

Кейинги нафс тури “Нафси розия”дир.Комил инсон бўла олиш, ҳақиқий мусулмон бўлмоқлик учун аммораликдан, лаввомаликдан қутилиб, мулҳама мартабасидан ўтиб мутмаинна мақомига етишмоқликка ҳаракат қилмоқ ва бу хусусида ўзини доим назорат остида тутиш ёхуд уни назорат қилувчи бир комил зотни топиш, албатта, шарт. Нафси розия эгалари бахтиёр, муҳтарам зотлардир.Нафси розия мартабасидагиларнинг бошқа сифатлари эса қуйидагиларда:ихлос, фойдасиз гап-сўзлардан узоқ бўлишлик, доимо Аллоҳ зикрида бўлмоқ, зуҳд, вара’ кароматлар.И лхлос, зуҳд ва тақвонинг одам боласини ҳам дунёда, ҳам охиратда улуғ саодатларга етишишликка сабаб бўлишини доимо ёдда тутмоқ лозим.Қуръони каримда Аллоҳ таолодан ҳақиқий қўрққанлар-тақводор бандаларнинг ризқлари улар кутмаган тарафдан эҳсон қилиниши ҳақида башорат берилган.Агар биз ҳам саломатлик ва саодатга етишмоқни хоҳласак, унда зуҳд ва тақво эгаси бўлишга ҳаракат қилиш керак. Бу чиройли хулқлар ортидан ҳисобсиз кароматлар ҳам эҳсон қилинур, нур устига нур бўлади.

Кейинги нафс тури “Нафси марзия”дир. Бу мартабада Аллоҳ таоло бандасидан, бандаси ҳам Аллоҳ таолодан рози бўлади. Бу нафс ориф зотларнинг нафсидир.Нафси марзиянинг сифатлари қуйидагилардир:

1.Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсани тарк.

2.Аллоҳ таолонинг махлуқотига лутф билан муомала.

3.Аллоҳ таолога қурбат.

4.Ҳақ таолонинг санъатини, санъати асарларини тафаккур.

5.Аллоҳ таолонинг қисматига розилик.

6.Маърифатуллоҳни касб айламоқ.

Бу сифатлар фақатгина ғайрат билан эмас, балки Аллоҳ таолонинг лутфи, эҳсони билан насиб бўлар.

Еттинчи нафс тури бу “Нафси комила” ёки “Нафси софия”дир.Бу пайғамбарлик мартабасидирки, бу ҳақида сўзламоққа ҳаққимиз йўқ.Ҳақ таоло барчамизга Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳазратларининг шафоатларини насиб қилсин. Бу нафс-нафси комила, нафси софия, нафси солиҳ ҳам дейилган.Бу мақомда вужуд, ақл, руҳ, нафс бутунлай нур бўлар.

Шуни яхши билишимиз лозимки, асал билан заҳар бир ерда жам бўлмагани кабиҳам ярамас феъл-атворлар билан авлиёлик бирга жам бўлмас. Гуноҳлар ва ёмон ҳулқлар энг заҳарли илондан ва энг қўрқинчли ҳайвондан ҳам таҳликалидир. У ҳолида толиби содиқ бу ёмон феъл-атвор, ёмон хулқлардан, гуноҳларнинг барчасидан халос бўлмоғИ ва буларнинг ўрнига энг чиройли ҳулқларни ўзида мужассам қилмоғи шартдир. Барчамизга нафси мутмаинна, нафси комила, нафси розия соҳиби бўлишни насиб қилсин. Аллоҳ таоло барчамизнинг ёрдамчимиз бўлсин, аммораю лаввома нафс қўлидан қутилиб, уларга яқиналшмай, комил зотлар сафидан жой олишлик бахтига муяссар айласин.Аллоҳим! Маҳбуб Пайғамбарнинг-Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) ҳурматларига бу саодатни биз ожизларга насиб айла! Амин.

Ҳадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти талабаси
Раҳимжонова Хосият

23030cookie-checkНафс мартабалари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: