islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий масалаларнинг табақалари” мавзуида очиқ дарс

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2021 йил 30 сентябрь  куни “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Бегматов Зиявуддин домланинг 405-гуруҳга “Фатво бериш асослари ва фиқҳий қоидалар” фанидан “Ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий масалаларнинг табақалари” мавзуида очиқ дарси бўлиб ўтди.

Мазкур очиқ дарсга “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири С.Примов, кафедранинг катта ўқитувчиси Ф.Жўраев, ўқитувчи-стажёр Н.Раҳимов, “Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси Ерназаров Фаҳриддин, “Таҳфизул Қуръон” кафедраси в.б. доцент Абдуллаев Абдурасул, “Умумий бўлим” бошлиғи М.Мирисмаиловлар қатнашиб, таҳлил қилишди ва уни юқори баҳолашди.

Бегматов Зиявуддин домла очиқ дарсда янги мавзуни “Шарҳу уқуди росмил муфтий” ва “Усулул ифто ва адабуҳу” асарлари ва бошқа мўътабар манбалар асосида ёритиб берди. Шу билан бирга мавзуга оид ҳар бир  манбаларга алоҳида тўхталиб маълумотлар бериб ўтди. Ўқитувчи очиқ дарсда педагогик усуллар ва кўргазмали қуроллардан унумли фойдаланиб, дарсни самарали ташкил этди.

Маълумки, ҳанафий мазҳабимизда масалалар уч табақага тақсимланади:

  1. Усул ёки “Зоҳирур ривоя” масалалари. Бунда Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг машҳур олтита китоби – “Ал-Мабсут” (“Кенгайтирилган”), “Аз-Зиёдот” (“Зиёдалар”), “Ал-Жомиъ ас-сағир” (“Кичик тўплам”), “Ал-Жомиъ ал-кабир” (“Катта тўплам”), “Ас-Сияр ас-сағир” (“Кичик юришлар”), “Ас-Сияр ал-кабир” (Катта юришлар)да келтирилган масалалар назарда тутилади. Янада аниқроқ қилиб айтганда, Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад роҳимаҳуллоҳларнинг саҳиҳ йўл билан (мутавотир ва машҳур тариқада ишончли кишилар томонидан) ривоят қилинган қавлларини қамраб олади. Ибн Обидин роҳматуллоҳи алайҳнинг фикрича, Зуфар ва Ҳасан ибн Зиёд роҳимаҳуллоҳлар каби олимларнинг айрим қарашлари хам ушбу масалалар табақа ва мартабасига киради.
  2. Наводир ёки “Зоҳирур ривоя”дан бошқа масалалар. Муҳаммад Шайбоний роҳимаҳуллоҳнинг олтита машҳур китобидан бошқа асарларида зикр қилинган ривоятлар назарда тутилади. Улар ёзилган жойига ёки бағишланган кимсага кўра номланган: “Ал-Кайсониёт”, “Ал-Журжониёт”, “Ар-Раққиёт”, “Ал-Ҳоруниёт” каби китоблар шулар жумласидандир. Шунингдек, Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Ал-Амолий”, Ҳасан ибн Зиёд роҳимаҳуллоҳнинг “Ал-Мужаррад” (бошланғич, дастлабки) каби асарлари, Ҳишом (ваф. 201/817), Муҳаммад ибн Рустам (ваф. 21/827), Муалло ибн Мансур (ваф. 211/827), Муҳаммад ибн Самоа (747–848) каби фақиҳларнинг муайян масалалардаги айрим ривоятлари ҳам ушбу табақа таркибига киради.

“Кайсониёт” – сўзи кайсониянинг кўплиги бўлиб Киён ёки Кайсoнга нисбат берилган. Бу китоб ичидаги масалаларни Сулаймон Кайсоний Имом Муҳаммаддан ривоят қилган. Бошқа бир қавлга кўра, бу масалаларни Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний Кайсон деган жойда жамлагани учун шундай номланган. Лекин Имом Тошкўпризода “Бу сўз тўғри эмас”, деганлар. Бошқа бир сўзга кўра, у “Каёниёт” Кайёнга нисбат берилган бўлиб, Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳимаҳуллоҳ ушбу масалаларни ўша жойда яшайдиган киши учун ёзган.

“Ал-Ҳоруниёт” – аслида Ҳорунга нисбат берилган бўлиб, Имом Муҳаммад Ҳорун исмли киши учун жамлаган масалалардир. Бошқа бир қавлга кўра, Имом Муҳаммад ушбу китобни Ҳорун Рашид замонида жамлаган масалалардир.

“Ал-Журжониёт” – журжониёт сўзининг кўплиги бўлиб “Журжон”га нисбат берилгандир. Бу китоб Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳимаҳуллоҳнинг Журжон шаҳрида турганларида жамлаган масалалари ёки журжонлик шогирдларидан бири у зотдан ривоят қилган масалаларидир. Бошқа бир нақлга кўра, Имом Муҳаммад бу масалаларни Журжонда жамлаган ва уни журжонлик шогирдларидан бири ривоят қилган.

“Ар-Раққиёт” сўзи “ракийятун”нинг кўплиги булиб “Раққа” номли жойга нисбат берилган. Бу китобдаги масалаларни Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳимаҳуллоҳ Раққа шахрига Ҳорун Рашид буйруғи билан қози бўлиб борганларида жамлаган. Бошқа бир қавлга кўра Ибн Самоа раҳимаҳуллоҳ Имом Мухаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳимаҳуллоҳдан Раққада ривоят қилган масалаларидир.

  1. Фатово ёки навозил ёхуд воқеот масалалари. Бундан мутааххирин мужтаҳидлар – Абу Юсуф, имом Муҳаммад ҳамда Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳларнинг бошқа шогирдларининг шогирдлари ва улардан кейинги фақиҳлар томонидан бирор бир воқеа ёки ҳодисага билдирган фикрлари, берган фатволари назарда тутилади. Булар Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирдларидан ривоят қилинмаган, балки унинг шогирдларининг шогирдлари – Абу Исмат Балхий (ваф. 210/826), Ибн Рустам (ваф. 211/827), Муҳаммад ибн Самоа (747-848), Абу Сулаймон Жузжоний (ваф. 200/815), Абу Ҳафс Кабир Бухорий (767-831) роҳимаҳумуллоҳлар каби фақиҳлар томонидан “Зоҳири ривоя” ва “наводир”да йўқ масалаларга чиқарган фатволардир.

Фатово жанри (нави)да бирор бир саволга жавоб сифатида берилган шаръий ҳукмлар – фатволар тўпланади. Воқеотда эса биронта ҳодиса ёзилиб, унинг хукми кандайлиги ёзилган бўлади. Навозилда мазкур ҳодиса анча батафсилроқ ёзилади – қаерда, ким томонидан содир бўлгани, унга кимлар томонидан қандай фикрлар билдирилгани ва охирги хукм фатво битилади. Бироқ айтиш керакки, ҳамма вақт ҳам бу жанр (нав)лар бўйича зикр қилинган тартибга амал қилинавермаган.

Илк бор фиқҳий фатволар тўпланган китоб Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳнинг (ваф. 393/1003) “Ан-Навозил” (Бошга тушган нарсалар) номли асаридир. Шундан сўнг Нотифий (ваф. 446/1054) ва Садруш шаҳид раҳимаҳуллоҳлар (1090-1141) ўзининг “Ал-Воқеот” (Воқеалар) номли асарларини ёзган.

“Фатовойи Қозихон (Қозихоннинг фатволари), “Хулосатул фатово” (Фатволар хулосаси) каби китобларда ҳам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг чевара шогирдлари томонидан ривоят қилинган масалалар жам қилинган. Фақат уларда “Зоҳири ривоя” ва “наводир” ҳамда “навозил” масалалари ажратилмасдан зикр қилинган. Разийуддин Сарахсий раҳматуллоҳи алайҳ (ваф. 571/1175) ўзининг “Ал-Муҳит” (Уммон) китобида уларни бирин-кетин келтирган.

Демак, фатоволардан фойдаланишда зоҳири ривоя қайси, наводир ва навозил масалалари қайсилигини ажрата билиш, Абу Ҳанифа ва унинг икки соҳибининг фиқҳий қарашлари қайси, кейинги уламоларнинг фикрлари қайсилигини англаш лозим.

Шуни таъкидлаш лозимки, юқоридаги учта мартабадаги манбалар мужтаҳидлик даври деб аталадиган вақтларда битилган. Кейинги даврларда битилган фатово жанридаги асарларни бу таркибга қўшиш унчалик тўғри эмас. Чунки уларда ҳанафийликнинг ҳар хил фиқҳий қарашлари, юқорида келтирилган уч мартабадаги ривоятларни фарқламасдан аралаш келтирилган масалалар билан бирга заиф ривоятлар ҳам учрайди. Уларни таниб олишнинг осон йўли, бу хилдаги фатоволарда фақат китоблардан нақллар келтирилади, иқтибос олинган китоб номлари тез-тез кўзга ташланади. Буларнинг энг машҳурларидан бири Бобурийлар сулоласи вакили Аврангзеб Оламгир (1658-1707) буюртмасига биноан тайёрланган “Фатовойи Оламгирийя” (“Фатовойи Ҳиндийя”) номли фатво китобидир.

Валийуллоҳ Деҳлавий (1703-1762) “Иқдул жаййид” (Чиройли маржон) асарида ҳанафий мазҳаб китобларидаги масалаларнинг мартабаларини тўртга бўлишни таклиф қилган. Бу тақсимот олдинги тақсимотдан фарқ қилмайди. Лекин бу тақсимот тўртта. Олдингиси эса, учта эди. Бунинг сабаби, юқоридаги тақсимотдаги мазҳаб уламоларининг тахрижларидан келиб чиққан охирги табақа иккига бўлинган: бири, барча мазҳаб уламолари қабул қилгани, иккинчиси қабул қилмагани ҳисобланади.

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси

Ғофуров Илҳомжон.

246410cookie-check“Ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий масалаларнинг табақалари” мавзуида очиқ дарс

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: