Ўтмишдан маълумки, ҳар бир инсон қалбида ўз юртига садоқат, фидоий бўлиш туйғуси ватанпарварликнинг олий нишонаси ҳисобланади. Зеро, инсон учун энг азиз ва муқаддас бўлган Ватанни ҳимоя этиш, уни севиш ва эъзозлаш ҳар бир инсондан буюк маънавий жасоратни талаб этади. Илму ирфонга қарши қаратилган жаҳолат ғафлатга, лоқайдлик эса бепарволикка гирифтор этади. Натижада, мазкур ҳолат инсонни ватан тақдирига нисбатан дахлдорлик туйғусини йўқотиш орқали уни тўлиқ моддий ва маънавий мустамлака бўлишига замин яратади.
Мазкур ҳолат ҳар қандай миллат, халқни ўз тақдирига рахна солувчи таҳдидларга нисбатан мунтазам огоҳ, сезгир ва ҳушёр бўлишга ҳамда уларга қарши илм, маърифат ва ўз тарихини ўрганиш билан жавоб бериш борасида жиддий фикрлашни тақозо этмоқда. Барчамизга яхши маълумки, ҳозирги кунда дунё шиддат билан ўзгариб, инсониятнинг тақдири ва келажагига таҳдид солаётган хавф-хатарлар кучайиб, дунё миқёсида шафқатсиз рақобат, турли зиддият ва қарама-қаршиликлар тобора авж олмоқда. Мана шундай бир шароитда тинчлик, барқарорликни сақлашда ёшларнинг таълимига эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади. Биз учинчи дунё мамлакатлари қаторидан фақат илм ила чиқишимиз мумкин.
Тинчлик бебаҳо неъмат, осуда ҳаёт бахту-саодат. Юрт ободлиги, халқ фаровонлиги. Ҳозирда эришилган улкан ўзгаришлар ва келажакдаги буюк тараққиётлар омили айнан мана шу тинчлик ва осудалик сабабидан юзага келади. Шу боисдан ҳам мустақилликнинг илк даврлариданоқ Ўзбекистон қуролли кучларини шакллантиришга алоҳида эътибор берилди. Бугунги кунга келиб эса замонавий, ихчам ва ҳар томонлама яхши қуролланган, жисмоний ва интеллектуал билимга эга, юртимиз сарҳадларини ҳар қандай ташқи хавфдан ҳимоя қилишга қодир миллий армиямиз шаклланди.
Инсонда икки нарсани танлаш имкони йўқ. Бири ота-она, иккинчиси Ватан. Шу боисдан ҳам ота-она қанча муҳтарам ва маҳбуб бўлса, Ватан ҳам шунчалар азиз ва муқаддас саналади. Шу сабабидан ҳам инсон юртидан олис кетса уни соғинади, юртини ободлиги учун жон куйдириб меҳнат қилади, яхши кўриб уни барча ёмонликлардан ҳимоя қилади. Юртининг ҳимояси йўлида қалблари садоқату-жасоратга тўла, оғир аммо ўта шарафли бу касб эгаларига ажр савоблар ваъда қилинган. Зеро, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам: “Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчилик қилиш, минг кун рўза тутиш ва минг кеча қоим туришдан яхшидир” – дея марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ва имом Табароний ривояти).
Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли касбга хиёнат этиш кечириб бўлмас гуноҳи азийм эканлиги ҳақида ҳам динимизда қаттиқ таъкидланган. Жумладан, Абу Ҳурайра розиёллоҳу анҳу дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳалокатга элтувчи етти амалдан сақланинглар” – деганлар. Шу вақтда саҳобалар “Ё Расулаллоҳ улар нима?” – дейишди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Аллоҳ таолога ширк келтириш, сеҳр-жоду қилиш, ноҳақ бировни ўлдириш, судхўрлик, етимнинг ҳаққини ейиш, Ватан ҳимоясидан қочиш, иффатли мўъмина аёлга туҳмат қилишдир” – дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ватан ҳимоячилари фахрланишга арзигулик инсонлардир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам: “Икки кўз соҳибига дўзах олови тегмайди. Бири тунда Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз. Иккинчиси: Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилган кўз” – деб марҳамат қилдилар (Имом Термизий ривояти).
Шайх Муҳаммад Ғаззолий Ватан ҳақида шундай деганлар: “Инсон ўз ерини, ундаги нарсалар билан гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам севади. Ватанни севмоқлик, қалбдаги асл туғма табиатдир. Туғма табиат инсонни Ватанида яшаб турганида хотиржам, ундан йироқда бўлганида соғинадиган, унга ҳужум қилинганида уни ҳимоя қиладиган, унга ҳурматсизлик қилинганида ғазабланадиган қилиб қўяди”.
Юртимизда “14-январь – Ватан ҳимоячилари куни” этиб белгиланган. Шундай экан, Ватанимиз осудалиги, халқимиз тинчлиги, аждодлардан мерос бўлиб қолган маънавий-моддий бойликларимизнинг ҳимоячилари, Ватан посбонлари, шижоатли ўғлонларимизнинг касб байрамлари муборак бўлсин. Аллоҳ таоло уларнинг шарафли ва савобли ишларида Ўзи мададкор бўлсин.
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Тўрақўрғон туман
“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Суфиев Жаъфархон