Имом Мубаррад айтади:
Араб тилини ўзингизга лозим тутинг. Чунки у очиқ мурувватдир.
У Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари ва фаришталарининг каломидир.
Уламолар наҳв илмининг қуёши саййидимиз Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бўлганликларини зикр қилишади. Ушбу илмнинг ойи деб, басралик тобеинлардан Абул Асвад ад-Дуалий келтирилади. Бу икковларидан кейин Яҳё ибн Яъмар ал-Басрий зикр қилинади. Ундан наҳв илмини Абу Амр ибн Ало ал-Басрий олган. Ундан эса, Ахфашларнинг каттаси олган. У ҳам асли басралик бўлган. Ундан Юнус ибн Ҳабиб ва Исо ибн Умар ўрганган. У иккисидан Халил ибн Аҳмад ва Абу Жаъфар Руосий ўрганган. Кейин Сибавайҳ Аҳмад ва Юнусдан, Кисоий эса, Абу Жаъфар Руосийдан, Кисоийнинг ўзидан эса, Фарро ўрганган. Мубаррид ва ибн Кайсон эса, иккиси бағдодлик бўлган.
Ироқ шаҳарлар ичида наҳв илмини китоб шаклига келтириш бўйича пешқадам бўлган. Бу борада аввал басраликлар, кейин куфаликлар, ундан кейин эса, бағдодликлар турган. Басра шаҳри наҳв илми борасида бошқа диёрлардан юз йиллаб олдинга ўтиб кетган. Кейинчалик, Куфа ҳам басраликлар билан баҳс қиладиган алоҳида йўналиш бўлиб ўртага чиққан. Бағдод эса, улардан қуйироқ даражада бўлиб қолаверган. Қуйидаги сатрларда наҳв илмининг ўн бир юлдузи ҳақида сўз боради. Улардан олтитаси басралик, иккитаси куфалик, учтаси бағдодлик бўлган.
АБУ АМР ИБН АЛО АЛ-МОЗИНИЙ АЛ-БАСРИЙ
Исм-насаби: Абу Амр Заббон ибн Ало ибн Аммор Абу Амр ат-Тамимий ал-Мозиний ал-Басрий. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аждодлари бўлмиш Адноннинг авлодидан. Баъзилар “Абу Амр” у кишининг куняси эмас, исми бўлган, дейишади. Ёқут ал-Ҳамавий унинг исми борасида йигирма бир хил сўз борлигини зикр қилган[1]. У кишининг исми ҳақидаги кўпфикрлик Абу Амрнинг улуғлиги, ҳайбати юксак бўлганидан ундан исми ҳам сўралмагани билан изоҳланади. Бану Мозин қабиласига мансуб бўлгани учун у киши “ал-Мозиний” ҳам дейилган.
Таваллуди ва вафоти: Имом Абу Амр 68/687-688 йили туғилган. Кўпчилик уламоларнинг фикрига кўра, 154/771 йили вафот этган. Абу Амр ибн Ало раҳимаҳуллоҳ Маккада таваллуд топди, Басрада униб ўсди ва Куфада вафот этди.
Устозлари: Етти қироат имомлари ичида Имом Абу Амрчалик устози кўп имом йўқ. Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара, Кўфа ва Басра шаҳарларида кўплаб устозлардан Қуръон таълимини олган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ва бошқалардан ҳадис тинглаган. Имом Абу Амр қироат илми ва бошқа шаръий илмларни жуда кўп шайхлардан олган. Жумладан, Маккада Саид ибн Жубайр, Мужоҳид, Ато, Икрима ибн Холид, Ибн Касирдан, Мадинада Абу Жаъфар, Язид ибн Румон, Шайба ибн Нисоҳдан, Басрада Ҳасан ибн Абул-Ҳасан ал-Басрий, Яҳё ибн Яъмар ал-Адвоний ал-Басрийдан ўрганган. Яҳё ибн Яъмар Мусҳафга биринчи бўлиб нуқталар қўйган киши эди. У наҳвни Абул Асвад ад-Дуалийдан олган. Наср ибн Осим ва бошқалардан арз (ўқиб бериш) тариқаси билан олган. Шуннгдек, Ҳумайд ибн Қайс ал-Аъраж, Осим ибн Абуннажуд, Абу Исҳоқ ал-Ҳазрамий, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг мавлолари Икрима ва бошқаларнинг қўлида ҳам таълим олган.
Шогирдлари: Имом Абу Амр раҳимаҳуллоҳдан у кишининг қироатларини ривоят қилган қорилар жуда ҳам кўп. Жумладан, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Лайсий, Аҳмад ибн Мусо ал-Луълуъий, Исҳоқ ибн Юсуф ал-Азрақ, Ҳусайн ибн Алий ал-Жуъфий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Абдулмалик ибн Қариб ал-Асмаъий, Хорижа ибн Мусъаб, Холид ибн Жабала, Довуд ибн Язид, Абдуллоҳ ибн Муоз, Ийсо ибн Умар ал-Ҳамадоний, Муоз ибн Муслим ан-Наҳвий, Юнус ибн Ҳабиб. Имом Абу Амрдан Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Абу Сора ва Сибавай ҳарфларни ривоят қилган.
Маноқиблари: Имом Абу Амр араб тили ва Қуръони Каримга билимдон, содиқлик, ишонч, зоҳидлик, омонатдорлик ва диндорлик сифатларини ўзида мужассамлаштирган етук зот эди. Арабларнинг энг олийқадр кишиси, ҳурматлиси эди. Ҳатто шоирлар, жумладан, машҳур араб шоири Фараздақ ҳам у кишини мақтаб шеърлар айтган. У кишининг ўзи учратган асл араблардан эшитиб, ёзган китоблари бир уйнинг шифтигача тўладиган даражада кўпдир. Шунингдек, у киши имом Ҳасан Басрий даврида ҳам етакчи олим, биринчи аср уламолари орасида пешво бўлган.
Имом Асмаъий айтади: «Абу Амрга ҳар куни икки фулсга битта кўза ва райҳон сотиб олинар эди. Кун бўйи ўша кўзадаги ичимликни ичар, кечки пайт кўзани ҳадя қилиб юборар ва жорияга: «Райҳонни қуритиб, туйиб, ишқорларга қўшиб қўй», дер эди. Абу Амр менга: «Агар кўксимдаги илмларни сенинг кўксингга бўшатиб бериш имкони бўлганида эди, буни қилган бўлардим. Қуръон илмларидан ёдлаганларимни китобатга туширсам, уни Аъмаш ҳам кўтара олмас эди», деган эди».
Абу Убайда айтади: “Абу Амрнинг дафтарлари бир уй шифтгача тўла эди. Кейин ибодатга шўнғиб кетди ва уларни ёқиб юборди. Ўзини бутунлай ибодатга бағишлади ва ҳар уч кечада хатм қилишни вазифа қилиб олди”. Асмаъий айтади: “Абу Амрнинг гапираётганини кўрсанг, бирорта нарсани яхши билмайди, деб ўйлар эдинг. У хато нутқ қилмас ва жуда енгил гапирар эди-ки, эшитувчи қийналмасдан тушиниб оларди”.
Иброҳим Ҳарбий ва бошқалар: “У аҳли суннатда эди”, дейишган. Асмаъий айтади: “Мен Абу Амрдан кейин ундан кўра олимроқ кишини кўрмадим”, дейди. Юнус ибн Ҳабиб айтади: “Агар бирор кишининг сўзи ҳар бир нарсада олиниши лозим бўлса, Абу Амрнинг сўзи олиниши керак”. Асмаъий: “Абу Амрдан мингта масала ҳақида сўрадим, у мингта ҳужжат билан жавоб берди”, дейди. Абу Муҳаммад Яҳё ал-Язидий шундай ҳикоя қилади: “Бир куни Абу Амрдан бизларга намоз ўқиб беришини сўрадим. У киши одамларга имомлик қилишни ёқтирмас эди. Меҳробга ўтди ва озгина турди-да, ҳушидан кетди. Ҳушига келганидан кейин бу ҳақда сўрлади. Шунда у киши: “Тўғри туринг! Аллоҳ сизларга раҳм қилсин!” деган чоғимда хаёлимда ичимдан бир воиз: “Сен ўзинг Аллоҳнинг қошида кўз юмиб-очгунча тўғри турганмисан», дея хитоб қилди”, деди”.
Ибн Шанабуз айтади: “Асҳобларимиздан бир муҳаддис бундай деб айтиб берди: “Туш кўрдим: гўё Қиёмат қоим бўлган. Қарасам, бир киши юқорида тик турибди. Ўнг тарафида яна бир киши бор. “Бу юқоридагилар ким?” деб сўрадим. Шунда менга: “Булар Абу Амр ва Ҳамза ибн Ҳабиб аз-Зайёт”, дейилди. Қорилар эса улардан кейин туришар эди”.
Абу Муҳаммад Язидий: «Абу Амр қироатларни жуда яхши билар эди. Уларнинг ҳар биридан энг гўзалини, араблар ихтиёр қилганини, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг луғатларидан ўзига етиб келганини, Аллоҳ азза ва жалланинг китобида тасдиғини топганини ўқир эди», деган.
Асмаъий айтади: «Абу Амр: «Агар аввалда ўқилганидек ўқишдан бошқаси ножоиз бўлмаганида, фалон ҳарфни ундоқ, фалон ҳарфни бундоқ ўқир эдим», деди ва бир нечта ҳарфларни зикр қилди». Ибн Мужоҳид айтади: «Асмаъийга: «Қандай ўқийсан?» дедим. У: «Абу Амрнинг қироатида», деди».
Бу буюк имом розияллоҳу анҳу иккинчи асрнинг ярмида вафот топган бўлишига қарамай, олдинги уламоларни ўзи билан солиштириб, шундай деган: “Олдинги ўтган уламоларимиз бамисоли баланд хурмо дарахти бўлса, биз ердаги арзимаган ўт-ўланмиз, холос”. Ушбу сўзни Хатиб Бағдодий ўзининг “Муваззиҳу авҳомил жамъ ват-тафриқ” китобининг муқаддимасида, Абул Баракот Анбарий эса “Нузҳатул алиббо” асарида келтиришган.
Манбалар асосида
Тошкент ислом институти талабаси
Муниса Асрор қизи тайёрлади
[1] Нашъатун наҳв ва тариху ашҳарун нуҳот. Б. 75.