islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

АҲЛИ СУФФАЛАР КИМЛАР?

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларига ўн олти ой ўтгач, Аллоҳ таолонинг буйруғи ила Қибла Байтул-Мақдис томондан Каъбаи муаззама томонга ўзгартирилиб, намозда Каъба томонга юзланишга буюрилган. Аввалги қибланинг девори бу ўзгаришдан сўнг Масжиди Набавийнинг орт томонида қолиб кетган. Сўнг  Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари ила томи шифтли айвон(навес) ёки соябон ҳолига келтириб қўйилган ва уни “Суффа”, “Соябон” – дейилган. Унинг чор атрофини тўсувчи бирор нарса бўлмаган.

Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ: “Суффа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидини орқа томонидаги соябон(айвон) бўлиб, мискинлар ўша ерда тунар эдилар. Суффа аҳли шу ерга нисбат берилган” – деган.

Аллома Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Суффа Масжиди Набавийнинг орқа томонида бошпана ва оиласи йўқ ғариб кишилар келиб туришига тайёрлаб соябон(айвон) қилиб қўйиган жойдир” – деганлар.

Аҳли суффалар фақир мусулмонлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошпанасиз саҳобаларидирлар. Улар Мадинаи мунавварадаги Масжиди Набавийдаги ўша соябон-айвон шаклида ҳозирланган жойда тунаб, “Ислом меҳмонлари” дея танилганлар.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу бу ҳақда: “Аҳли суффалар – Ислом меҳмонлари. Улар бошпанасиз, аҳл-оила, мол-мулк, бирор яқин кимсасиз кун кўрурлар” – деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина шаҳридан Макка шаҳрига ҳижрат қилганларидан сўнг У зотнинг ҳузурларига келган барча саҳобалар толиби илм ҳисобланадилар. Уларни моддий таъминотига кафиллик қилиш эса, дунёдаги энг фазилатли, самара ва манфаати нақд, Охиратга энг яхши захира бўлувчи амаллардан биридир. Буни чуқурроқ англаш учун Исломнинг бошида “Суффа аҳли” дея танилган қавмларнинг ҳаётига эътибор қаратамиз.Улар Исломнинг меҳмонлари, Мадинада уй-жойи, мол-мулки бўлмаган, ғариб-мусофир ва камбағал талабалардир (Доктор Муҳаммад ал-Амсамий).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан илгарироқ Маккадан Мадинага ҳижрат қилган дастлабки саҳобалар, У зот билан биргаликда ёки кейин, то Бадр ғазотидан олдинроқ муддат ичида кўчиб борган саҳобаларни мадиналик ансорий саҳобалар ўз уйларида меҳмон қилиш, уларнинг эҳтиёжларини тўла қондиришга имконига эга бўлганлар. Ундан кейинга даврда ансорлар буни уддасидан чиқолмай қолдилар. Сабаб шуки, Ислом атрофга кенг тарқалиши, унга кирувчилар сони ортиши натижасида Мадинага кўчиб келувчилар анча кўпчиликни ташкил қилди. Мадинада ўз кафолатига оладиган бирор яқини, борадиган жойи йўқ барча кишилар бу мусофирчиликда то ўз ҳаётларини бир йўлга қўйиб олгунга қадар, вақтинча, ўша Масжиддаги суффада тунаб, кун кўрганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аҳли суффаларни бирор юмуш юзасидан чақирмоқчи бўлсалар, бу вазифани Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳуга юклар, у зот уларни чақирар эди. Чунки Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг ўзи ҳам Аҳли суффалардан бири бўлган, уларни бошқалардан кўра яхшироқ таниган.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Аҳли суффани аҳволи, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уларга қай даражада аҳамият берганларини  сифатлаб, бундай деганлар: “Мен Аҳли суффалардан эгнида ридо-узунроқ уст кийими йўқ бўлган етмиштасини кўрганман. Уларда ё биргина изор-пастки кийим бор эди. Ёки биргина матоси бўлиб, бўйнидан боғлаб олар, у оёғининг ярмигача етар, баъзиларининг матоси оёқ тўпиғигача етар эди. Аврати кўриниб қолмаслиги учун уни қўли билан бирлаштириб, турар эди” (Имом Бухорий ривоти).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Ундан ўзга ҳақиқий  илоҳ йўқ бўлган зот – Аллоҳга қасамки, мен очликдан жигарим билан ерга суянар эдим, очликдан қорнимга тош боғлаб олар эдим. Бир куни одамлар ўтадиган йўл четига ўтириб олдим. Ёнимдан (биринчи) Абу Бакр ўтди. Ундан Аллоҳнинг китобидаги бир оят ҳақида сўрадим. Мен қорнимни тўйдириши учунгина ундан савол сўраган эдим. У қорнимни тўқламай ўтиб кетди. Сўнг олдимдан Умар ўтди. Ундан Аллоҳнинг китобидаги бир оят ҳақида сўрадим. Мен буни қорнимни тўқлаши учунгина сўрагандим. У қорнимни тўқламай,  кетди. Сўнг ёнимдан Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтдилар. У зот мени кўрганларида табассум қилдилар ва кўнглим ва юзимдаги нарсани билдилар. Сўнг дедилар:

  • Эй Абу Ҳир!
  • Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!
  • Биз билан юр!

 У зот йўлга равона бўлдилар. Мен изларидан бордим. У зот (хотинлари- дан бирларининг)уйларига кириб, (уйдаги аёллар у ёқ-бу ёқни ростлаб олиши учун) мен ҳам киришимга изн сўрадилар. Изн берилди. У зот уйга киргач, бир жомчадаги сутни кўрдилар ва дедилар:

  • Бу сут қаердан келди?
  • Фалон ансорий уни сизга ҳадя қилди.

Шунда У зот яна:

  • Абу Ҳир!
  • Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!
  • Аҳли суффанинг ҳузурига бор ва уларни ҳузуримга чақир.

Абу Ҳурайра бундай дейди: “Аҳли суффалар – Ислом меҳмонлари. Улар бошпанасиз, аҳл-оила, мол-мулк, бирор яқин кимсасиз кун кўрувчи кишилар. У зотга садақа келса, уларга юборар, ўзлари ундан тановул қилмас эдилар. Ҳадя келгудек бўлса, уларга одам юбориб, чақиртириб, ўзлари ҳам уларга шерик бўлиб, бирга тановул қилар эдилар. Менга ҳозирги ҳол бироз ёқмади. Ичимда: “Бу сут Аҳли суффага нима бўлар эди?! Ўзи бу сутдан бир қултум бўлса-да, ичиб, кучга кириб олишга энг ҳақли киши менман-ку! Ҳали улар келишса, менга буюрадилар ва мен уларга беришим керак бўлади. Сут ўзимга етмай қолсачи?”-дедим. Лекин Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилмасликни сира иложиси йўқ. Ноилож уларнинг ёнига бориб, чақириб келдим. Улар етиб келиб, киришга изн сўрадилар. Изн бўлди, ҳамма уйга кириб, ўз ўринларига жойлашгач, У зот бундай буюрдилар:

  • Эй Абу Ҳир!
  • Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!
  • Сутни ол ва уларга бер!

Жомчани олиб, бир кишига берар эдим. У чанқоғи қонгунча ичиб, сўнг менга жомчани қайтарар, мен уни навбатдаги кишига берар эдим, у ҳам чанқоғи қонгунча ичиб яна менга қайтарар, сўнг кейингиси чанқоғи қонгунча ичиб, идишни қайтарарди. Шу зайлда то Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб келдим. Қавмнинг барчасини чанқоғи қонган эди. Жомчани олдилар-да, қўлларига қўйиб, менга қараб табассум қилиб, дедилар:

  • Абу Ҳир!
  • Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!
  • Мен ва сен қолдик.
  • Тўғри атдингиз, эй Аллоҳнинг Расули!
  • Ўтир ва сутни ич!

Ўтириб, сутдан ичдим. У зот яна: “Ич!” -дедилар. Мен яна ичдим. У зот тўхтовсиз “Ич, ич!” – дер эдилар. Охири мен: “Йўқ. Сизни ҳақ пайғамбар қилиб юбоган Зотга қасамки, яна ичгани йўл топа олмайман”-дедим. Шундан сўнг: “Ундай бўлса, уни менга бир кўрсатчи!”-дедилар. Мен жомчани У зотга бердим. У зот Аллоҳга ҳамд айтилар ва “Бисмиллоҳ”ни айтиб, қолганини ичдилар (Имом Бухорий ривояти).

Уларнинг маиший ҳаёт тарзлари, нафақаларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимий хабардор бўлиб турганлар. Эҳтиэжларини Ўзлари амалий намуна-ўрнак бўлиб, муқим саҳоба-ансорлар кўмагида таъминлашга эришганлар. Доим уларнинг аҳволларини назорат қилар, бетоб бўлганларини  кўргани кўргани борар эдилар. Улар билан бошқалардан кўра кўпроқ суҳбат қуриб ўтирар, уларга фойдали кўрсатмалар берар, Қуръон тиловати ва дарси, Аллоҳнинг зикри, Охират неъматларига кўнгил қўйиш каби хайрли ишларга рағбатларини орттирар эдилар. Турли воситалар ёрдамида уларнинг моддий жиҳатини кафолатлар эдилар. У зотга садақа келса, уларга юборар, ўзлари ундан тановул қилмас эдилар. Ҳадя келгудек бўлса, уларга одам юбориб, чақиртириб, ўзлари ҳам уларга шерик бўлиб, бирга тановул қилар, уларни ҳаргиз эътибордан четда қўймас, доимо яхшиликни илиниб турар, уларнинг эҳтиёжларини қондиришни ҳамиша бошқаларидан илгарига қўяр эдилар.

Бу ҳақда Абдур Раҳмон ибн Абу Бакр разияллоҳу анҳумо бундай деганлар: “Асҳоби суффа фақир кишилар эдилар. Бир бор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Кимнинг  уйида тўрт кишига етгулик овқат бўлса, бешинчи ёки олтинчисини ўзи билан бирга олиб кетсин” – дердилар. Сўнг Абу Бакр уч кишини олиб кетдилар, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн кишини олиб кетганлар” (Имом Бухорий ривояти).

Уларнинг саноғи шароит тақозосига кўра, кенг-мўлчилик вақтларда озайиб, тақчиллик даврларда кўпайиб турар эди. Одатий шароитда доимий суффада истиқомат қилувчи саҳобаларнинг адади етмишта атрофида бўлган.

Баъзида уларнинг сони кўпайиб ҳам турганидан, ҳатто Саъд ибн Убоданинг ўзи – бошқа саҳобалар ўзаро бўлишиб, уйларига олиб кетганларидан ташқари – аҳли суффа вакилларининг саксонтасини меҳмон қилган вақтлар ҳам бўлган.

“Асҳоби суффа” деб, Маккада уй-жойлари ва бойликларини қолдириб,  Мадинага ҳижрат қилиб келган бошпанасиз мискин ҳолатидаги муҳожирлар деган тафсир ҳам бор. Улар тўрт юз кишидан иборат бўлиб, Расулуллоҳ (а.с)нинг масжиди олдидаги супада ибодат ва зикр билан машғул бўлиб, Аллоҳ ва Пайғамбарининг буйруқларини кутиб ўтирар эдилар (Шайх Абдулазиз Мансур).

Уларнинг фақирликлари ишламаслик ёки касб-ҳунар қилиб, ризқ топиш масаласида дангаса ва танбалликларидан эмас, асло. Улар кундузи чорвага емиш учун данак чақар эдилар. Лекин ўзлари чорвадор бўлмаганлар. Демак, бундан уларнинг ризқ топиш учун ҳаракат қилганлари маълум бўлади.

Уларнинг баъзилари илмда етук ва машҳур зотлар бўлганлар. Жумладан,

Ҳузайфа ибн Ямон разияллоҳу анҳу (Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам  ўз вафотларидан сўнг бўлишини олдиндан мўжиза тарзида хабар берган) фитна ҳақидаги ҳадисларни ҳаммадан яхши билганлар;

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ҳифз-зеҳни ўткирлиги, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг кўп ҳадис ривоят қилганлиги билан машҳур бўлган.

У зот разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан доим бирга юриш, У зотни лозим тутишни, илм ва яхшиликларни ўрганишни яхши кўрар эдилар. Шунинг учун мумкин қадар У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини кўпроқ тинглаш, барча ҳолатларини онгли равишда ўрганиш, У зотнинг хизматларини қилиб, баракаларидан баҳраманд бўлишга ўч ва ташна бўлганлар.

Келинг, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳуга қулоқ тутайлик, буни бизларга ўз тиллари билан тушунтириб берсинлар!

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Сизлар “Абу Ҳурайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жуда кўп ҳадис ривоят қилади. Нега муҳожир ва ансорлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Абу Ҳурайрани ривоят қилган ҳадисидек, кўп ривоят қилмайдилар” – демоқдасиз. Менинг муҳожир биродарларни бозорларнинг савдо-битимлари банд қилар, мен қорним тўйса, кифоя, доим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни лозим тутар(ёнларида бўлар) эдим. Улар йўқликларида ҳам мен ҳозир бўлар эдим. Улар ҳадисни унутиб қўйсалар, мен ёдлаб олар эдим. Ансор биродар- ларимни эса мол-давлатларининг иши ўзига машғул-овора қилар эди. Мен суффанинг мискинларидан бир мискин киши эдим. Улар (дунё ишлари билан овора бўлиб, эшитган ҳадисларини)унутиб қўйганларида, мен (уни) қалбимга сингдириб олар эдим” (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бирингиз кийимини тўшаб, менинг бу ҳадисимдан(яъни дуойимни) олса, сўнг уни кўксига жамласа(босса), албатта, у эшитган бирор нарсасини унутмайди(ган бўлади)” – дедилар. Мен тезда устимдаги бурда(йўл-йўл тўни)мни тўнимни то У зот ҳадис(дуо)ларидан тўхтагунларича тўшаб турдим, сўнг уни кўксимга жамладим(босдим). Шу кундан сўнг менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтиб берган бирор нарсани унутмадим. Агар Аллоҳ Ўз китобида нозил қилган иккала: “Биз нозил қилган оятлар ва ҳидоятдан иборат нарсаларни (Муҳаммаднинг барҳақ пайғамбар эканини) одамларга Китоб (Таврот)да аниқ қилиб берганимиздан кейин (уни) яширганларни, шубҳасиз, Аллоҳ лаънатлагай ва уларни лаънатловчилар (фаришталар ва мўминлар) ҳам лаънатлагайлар. Илло, қайсилари тавба қилиб, хатоларини тузатиб, (ҳақиқатни) баён қилсалар, уларнинг тавбаларини қабул этурман. Мен Таввоб (тавбаларни қабул этувчи) ва Раҳмлидирман[1] – оятлари бўлмаганда эди, бирор нарса айтмас эдим” (Имом Муслим ривояти).

   Бу ривоятда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хос дуоларини олгани ва натижада зеҳни ўта кучли бўлиб, шундан сўнг ёд олган бирор нарсасини унутмайдиган бўлганлари айтилмоқда. Бу дуонинг баракасини барча саҳобалар кўрганлар. Талҳа, Ибн Умар, Оиша разияллоҳу анҳумлар Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг энг илмли, зеҳни ўткир, ривояти ишончли муҳаддис саҳоба эканини эътироф этиб, унинг шаънига таҳсин айтганлар. У зот буюк қози ҳам бўлганлар.

Аллоҳ Абу Ҳурайра, Аҳли суффалар, барча саҳобалардан рози бўлсин!

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча саҳобалари У зотнинг бевосита талабалари бўлган. Улар орасида “Аҳли суффа”лар айниқса, У зотдан кўпроқ истефода қилиб, кўпроқ илм олишга муваффақ бўлганлар. Ҳар доим илм олишда моддий-иқтисодий таъминотга дурустгина эҳтиёж туғилади. Уларни бу муборак – илм йўлдаги эҳтиёжларини эса Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ўзлари бош бўлиб, имконияти бор саҳобаларни жалб этиб, таъминлаганлар. Бундан маълум бўладики, муҳтож толиби илм ва илмга ўзини бағишлаган аҳли илмларни иқтисодий таъминотини кафолатлаш ҳам имкони бор бадавлат мусулмонларга суннат бўлган амал экан. Уларнинг шарафли, фахр-у ифтихорли вазифалари экан.

Ва соллаллоҳу ала Саййидина Муҳаммад ва ала олиҳи ва саҳбиҳи ва саллам!

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири
Баҳодир Баҳромжон ўғли

[1]. Бақара. 159/160-оятлар.

26410cookie-checkАҲЛИ СУФФАЛАР КИМЛАР?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: