islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Эр-хотин ўртасидаги низоларни қандай ҳал қилиш керак!?

“Агар эр-хотиннинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангизлар, эр томонидан бир ҳакам, хотин томонидан бир ҳакам чақирингиз. Агар улар ислоҳ қилишни истасалар, Аллоҳ эр-хотин орасига иттифоқликни солур. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва хабардор бўлган Зотдир” (Нисо, 35).

Оила – бу никоҳ орқали эркак ва аёл иштирокида барпо этиладиган ижтимоий институт. Бошқача айтганда, оила жамиятнинг кичик бир бўлаги, жамият эса катта оиладир. Қуръони карим оилани мустаҳкам пойдевор устига қуриш ва уни сақлашга чақиради, чунки у жамиятнинг ўзагидир.

Ҳар бир оила аъзоси ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Турмуш ўртоқлар оилада нафақат ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлиши, балки бир-бирларининг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш орқали ҳам тотувлик ва осойишталикка эга бўладилар. Бахтли оилани барпо қилиш учун эр ва хотин ўртасида ўзаро тушуниш ва келишув зарур. Оят ва ҳадисларда ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгилаб берилган.

“Ва яхши амалларда аёллар учун зиммаларидаги эрлари олдидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор. Ва эркаклар учун аёллар устида бир даража имтиёз бор. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир” (Бақара, 228).

Нисо сурасининг 19-оятида Аллоҳ таоло эркакларга марожаат қилмоқда: “Улар билан тинч-тотув яшанглар. Агар уларни ёмон кўрсангизлар ҳам (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинглар). Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин”.

Эр-хотинлар ҳар доим бир-бирига яхши муносабатда бўлишга ва бир-бирларининг манфаатларини ҳурмат қилишга ҳаракат қилишлари шарт. Бу масалада мусулмонлар учун энг яхши намуна севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдир. У зот ҳеч қачон бирорта хотинига қўл кўтармаганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир. Сизларнинг яхшиларингиз – хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир», дедилар» (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Шундай экан, аёлини ранжитганларни солиҳ инсон қаторига қўшиб бўлмас экан. Оилавий муносабатлар меҳр-муҳаббатга асосланган бўлиши, аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва бу борада Аллоҳнинг ғазабидан қўрқиш зарур.

Аммо, ҳаётда ҳар хил вазият бўлади, эр-хотинлар ўртасида келишмовчилик пайдо бўлиши мумкин. “Нисо” сурасининг 128-оятида бундай ҳолларда нима қилиш кераклиги баён қилинган:

“Агар бирон аёл эри томонидан кўнгилсизлик ёки юз ўгириб кетиш содир бўлишидан қўрқса, у иккови ўзаро бир сулҳга келишиб олишлари зарарсиздир. Сулҳ (ажралиб кетишдан) яхшироқдир. Нафслар қизғанишга ҳозиру нозир бўлиб турадилар. Агар аёлларингизга чиройли муомала қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз (ўзингизга яхшидир). Зеро, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган Зотдир”.

Агар оиладаги келишмовчилик узоқ вақт давом этса ва эр-хотин ажрашишдан хавотир олсалар, унда оилани сақлаб қолиш учун ўртага солиҳ, ҳаётий ва илмий тажрибага эга инсонларни ҳакам қилиш усулидан фойдаланиш керак. Бунинг учун иккита ҳурматли кишини келишиб, танлаш керакки, улар ислоҳ қилувчи сифатида томонларнинг ўзаро даъволарини биргаликда муҳокама қилишлари ва шу билан юзага келган муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қилишлари керак.

Кўриб турганингиздек, оилани сақлашнинг бу усули Қуръонда таклиф қилинган. Бу ишда ҳакам вазифасини бажарувчи бу икки шахс эр-хотиннинг феъл-атвори ва яшаш тарзини яхши билиши керак. Шунинг учун улардан бири эрнинг қариндоши, иккинчиси хотиннинг қариндоши бўлиши керак. Уларнинг иккаласи ҳам эр ва хотинни ёшлик давридан таниши, билиши ва эр-хотин бир-биридан нимани хоҳлашини яхши англаши, қудаларнинг оиласи турмуш тарзи ва шароитини яқиндан билиши керак. Агар яқин қариндошлар орасида бундай одамларни топиш имконияти мавжуд бўлмаса, унда бегоналарни ҳакам сифатида танлашга тўғри келади.

Ҳакам – томонларнинг ўзаро розилиги билан, юзага келган низони ҳал қилиш йўлини топадиган шахс. Улар томонларнинг муносабатларини тузатишга ҳаракат қилишлари, айбдор томоннинг хатти-ҳаракатларини ўзгартириш учун  йўл-йўриқ кўрсатадиган шахслар бўлиши керак. Улар, аввало томонларнинг фикрини ўрганиши, уларни тинглаши, оиладаги келишмовчилик сабабларини аниқлаши ва сабабларни бартараф этишга ҳаракат қилиши керак. Агар, эр айбдор бўлса, ҳакамлар унга насиҳат қилиши, ўзини муносиб тутиши кераклигини тушунтириши керак. Агар, аёл нотўғри иш қилаётган бўлса, унга тўғри тушунча ва маслаҳат берилади. Ҳакамлар унга Аллоҳ таолонинг амрларини тушунтириб, эри билан тинч-тотув яшашга ундайдилар. Агар ҳакамлар томонларни яраштиришга эришиб, эр-хотин ярашмоқчи бўлса, Аллоҳ таоло келишмовчиликларни бартараф этади, эр ва хотинни оилавий тинчлик ва тотувликда ҳаёт кечириши учун йўл кўрсатади:

“Агар улар ислоҳ қилишни истасалар, Аллоҳ эр-хотин орасига иттифоқликни солур. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва хабардор бўлган Зотдир” (Нисо, 35).

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафдераси

катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

267580cookie-checkЭр-хотин ўртасидаги низоларни қандай ҳал қилиш керак!?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: