Ўрта асрларда “Илм дарахтининг асоси Макадда-ю, аммо ҳосили Хуросонда пишадур” деган нақл машҳур бўлган эди. Бинобарин, Мовароуннаҳр диёридан жумладан, Фарғона водийсидан етишиб чиқққан олимлар ислом оламининг йўлчи юлдузларига айланганликлари тарихдан маълум.
Ислом оламида (нафақат ислом оламида) донг таратган машҳур юртдошларимиздан бири – илми фиқҳ, яъни ислом ҳуқуқшунослиги илмининг энг забардаст алломаларидан бири “Бурҳониддин вал-милла” (яъни, ислом олами халқлари ва ислом динининг ҳужжати, далили, исботи дегани) номи ила шарафланган буюк фақиҳ Имом Абу-л-Ҳасан Бурҳониддин Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжамил ал-Фарғоний ар-Риштоний ал-Марғинонийдир.
Улуғ фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний (1123-1197) ҳақида Абдулҳай Лакнавий ўзининг “ал-Фавоид ул баҳиййа фи тарожим ил ҳанафиййа” асарида шундай ёзган эди:
“Бурҳониддин Марғиноний имом, фақиҳ, муҳаддис, Қуръон муфассири бўлиб, уни ёд билган олим, фанларни йиғиб туртибга солувчи, закий, тадқиқотчи, художўй ва покдомон инсон, улуғ фақиҳ, адабиётчи, шоир, фан ва адабиётда унинг тенги йўқ”[1].
Бурҳониддин Марғиноний илмий меросига бўлган қизиқиш асрлар давомида тадқиқотчиларни диққат марказида бўлиб келган. Бу борада шарқшунос олим муҳтарам Одилжон Қориевнинг самарали меҳнатларини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Бинобарин, Одилжон Қориевнинг кўп йиллик олиб борган самарали тадқиқотлари туфайли Бурҳониддин Марғинонийнинг илмий мероси кенг ёритиб берилган[2].
Бурҳониддин Марғиноний суннийлардаги тўртта асосий мазҳаб асосчилари ва уларнинг шогирдлари яратган барча асарларни ўрганиб чиқиб, уларни мукаммал билибгина қолмасдан, унинг ўзи ҳам фиқҳга оид бир қатор фундаментал асарлар яратган. Унинг бизгача етиб келган асарларидан “Ал-Ҳидая фи шарҳ бидаят ал-мубтади”(Бошловчилар учун дастлабки таълим асарининг шарҳи – Тўғри йўлга бошловчи китоб), “Бидаят ал-мубтади” (Бошловчилар учун илк таълим), “Кифоят ал-мунтаҳий” (Якунловчилар учун тугал таълим), “Нашр ал-мазҳаб” (“Мазҳабнинг ёйилиши”), “Китаб ал-тажнис ва-л-мазид” (Ажратиш ва илмни зиёда қилиш китоби), “Манасик ал-ҳаж” (Ҳаж арконлари), “Китаб мажму ал-навазил” (Нозил бўлган нарсалар тўплами), “Китаб ал-фараид” (Мерос ҳақидаги китоб) сингари асарлар шулар жумласидандир.
Шунингдек, бу зотнинг қаламига мансуб “Китоб ул-машойих” (Шайхлар ҳақидаги китоб) асарида ўзи таълим олган 40 дан ортиқ шайх ва алломаларни санаб ўтган. Бу рўйхатда Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий, Абу ал- Асир ал-Бадавий, Абу Ёқуб ас-Саярий, Абу Исҳоқ ан-Навқадий ва Жаъфар ал- Ҳиндувонийларнинг номлари бор. Афсуски, бу манба тўғрисида биз бошқа манбалар воситачилигида биламиз, холос. Унда келтирилган маълумотлар эса ўша манбалар учун дастур бўлиб хизмат қилган.
Олим бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асарини ҳижрий 573 (милодий 1178) йилда Самарқандда ёзиб тугатди. Бу асарни ёзилиши билан боғлиқ ривоятлар халқ орасида ҳозиргача сақланиб қолган. Маҳмуд ибн Сулаймон ал-Кафавийнинг келтиришича, Бурҳониддин Марғиноний ўзининг “Бидоят-ал-мунтаҳий” асарининг сўз бошида “Ҳидоя”нинг яратилиши тўғрисида шундай ёзган эди:
“Ироққа сафар қилганимда, “Ал-Мухтасар ал-Қудурий” (“Қудурий
қисқартмаси”) ни кўрдим. У фиқҳ бобида ажойиб асар эди. Бу пайтда каттаю- кичик, барча “Жомеъ ус-Сағир” (“Кичик тўплам”) дан фойдаланган эди. Шунда фиқҳга оид барча асарларни жамлаб, улардан энг зарур масалаларни олдим ва бу асарга “Бидоят ал-мунтаҳий” деб ном бердим. Кейинчалик ушбу асарга шарҳ ёзиб, уни “Кифоят ул-мунтаҳий” деб номладим”[3].
Кейинроқ бу асарнинг ҳам ҳажми катталик қилиб, янада мўъжаз бўлган, бутун ислом оламида ҳанафия мазҳабининг фиқҳ масалаларида асосий қўлланмасига айланган Ҳидоя асари яратилди. Мазкур асарни ҳанафия мазҳабидан тутган ўрни тўғрисида аллома Ҳаддод қуйидаги таърифни беради: “Ҳидоя” ҳам Қуръон сингари ўзидан илгари ёзилган китобларни( фиқҳшунослик бўйича) эътибордан қолдирди”. Шомлик алломалардан бири “Ҳидоя”ни ўқиб чиқиб, “Ажабо! Ўзи ажамлик бўлса, бу гапларни қаердан топдийкин?! Биз араб бўла туриб, бу гапларни билмаймиз”,- деб ҳайратланган эди. “Ҳидоя” китоби хусусида Бурҳониддиннинг ўғилларидан бири Имомиддин қуйидаги арабча байт битган бўлиб, бу байтнинг мазмуни шундай:
“Ҳидоя китоби ҳидоят йўлига етаклайди ва ожизлар йўлини ёритади, Шундай экан уни лозим деб бил, уни ёдлаб ол, эй ақл эгаси, кимки уни ўзлаштирса, энг олий мақсадга эришган бўлади”.
Шу ўринда самарқандик тарихчи Комилхон Каттаевнинг “Имом Бурҳониддин Марғиноний” китобида улуғ аллома тўғрисида баён этилган қуйидаги фикрларни келтириб ўтсак:
“Имом Бурҳониддин Марғиноний каби зоти муборакларимизнинг даражаларини, мавқеларини ва улуғликларини қандай тасаввур қилиш мумкин? Кейинги асрларда илму маданиятда энг ривожланган иқлим ҳисобланган Оврупо қитъаси илм аҳллари томонидан, ҳужжатли далиллар билан тан олиниб, эътироф этишларига қараганда, Оврупо цивилизациясига, уйғониш даврига мусулмон-араб илму маданиятидек катта таъсир кўрсатган бошқа маданият бўлмаган. Ажабланарлиси ва фахрланарлиси шулким, араб тилида ижод этган машҳур уламолар салоҳиятининг аксарияти юртдошларимиз бўлишган. Илму фан ривожланган ва “олтин аср” деб номланган ўша даврнинг машҳур алломалари бўлган Имом Бухорий ва Имом Мотуридий, Имом Бурҳониддин Марғиноний ва Абу Али ибн Сино, Форобий ва Хоразмий, Абу Райҳон Беруний ва Замахшарий ҳамда Аҳмад Яссавий ва Баҳоуддин Нақшбанд, Мирзо Улуғбек ва Али Қушчи, Хожа Аҳрор Валий ва Махдуми Аъзам, Алишер Навоий ва Бобур Мирзолар ҳар бирлари алоҳида- алоҳида тармоқларда хизматлари туфайли шуҳрат чўққисига эришадилар ҳамда илм-фан ривожига беқиёс таъсир кўрсатдилар.
Мусулмон фан ва маданиятининг рамзи ва Пайғамбар(с.а.в.) ворислари ҳисобланмиш ушбу бузругворлар хизматларини назарда тутган Оврупо олимлари қуйидагича эътироф этишган ва тан олишган. Овруполик арабшунос профессор Седилат ўзининг “Араблар тарихи” китобида шундай деб ёзади: “Мусулмонлар ўрта асрларда илм, фан ва фалсафада ягона эдилар. Улар бу нарсаларни қадамлари қаерга етса, шу ерга тарқатдилар. Бу нарсалар улар орқали Оврупода ҳам тарқалди. Оврупонинг уйғониши ва тараққиётининг асосий сабабчилари ҳам мусулмонлардир”.
Социолог профессор Густав Лугон ўзининг “Араб цивилизацияси” деган китобида шундай дейди: “Форс, Рим ва бошқа халқларнинг Шарқда қила олмаган ишларини араблар тезда ва ҳеч бир мажбурлашсиз амалга оширдилар… Тарихда бундай зўр таъсирга эга бўлган араблардан бошқа ҳеч бир халқ йўқ”.
Профессор Либри эса бундай деган эди:“Агар тарих саҳнасида араб пайдо бўлмаганида, Оврупонинг уйғониши бир неча асрларга орқага сурилар эди. Арабларнинг таржималари Оврупо дорулфунунларида олти аср давомида ягона ўқув қўлланма бўлиб келган”.
Овруполик олимларнинг бу таърифларидан ортиқроқ эътироф бўлмаса керак. Дарҳақиқат, биз учун энг қимматлиси шулким, илм-фан ҳақидаги Оврупо олимларининг бундай фикрларида айнан биринчи навбатда Мовароуннаҳр олимлари назарда тутилаётганини бутун олам билиб турибди. Араб мусулмон илму фани, маданияти замирида ижод этган юртдошларимиз илму урфоннинг энг асосий соҳаларида энг биринчи қадам қўйган олимлар эдилар. Шунинг учун ҳам, ҳозирги араб юртларидаги илм аҳли буюк юртдошларимиз хотиротлари олдида ҳамиша бошлари таъзимдадир.
ТИИ Модуль таълим шакли
талабаси Абраев Садриддин
[1] Маҳмуд Ҳасаний. Ал-Марғинонийнинг «Ҳидоя» асари ва унга ёзилган шарҳлар. –Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, Т. 2000. – Б.23.
[2] Бу ҳақда қаранг: Қориев О.А. Бурҳониддин ал-Марғиноний – хуқуқшунос // Шарқшунослик. 1993. № 4; Қориев О.А. Ислом ҳуқуқшуносолиги ва Бурҳониддин ал- Марғиноний // Ҳаёт ва қонун. 1994. 2-сон; Қориев О.А. “Ҳидоя”дан “Никоҳ китоби”. Араб тилидан таржима // Ҳаёт ва қонун. 1994. 3-сон; Қориев О.А. Бурҳониддин ал-Марғиноний // Маънавият юлдузлари. Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1999; Қориев О.А. Ал-Марғиноний – машҳур фиқҳшунос. Т.: Мерос, 2000; Қориев О.А. Ҳидоятга бошлаган “Ҳидоя” // Мозийдан садо. 2000; Қориев О.А. Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг “Ҳидоя” асаридан. Шерикчилик ҳақида китоб // Имом ал-Бухорий сабоқлари. 2000. 2-сон; Кариев А.А. Бурхан-ад-дин ал-Маргинани и его место в истории фикха. Афтореферат дс.канд.ист. наук. Т., 2001; Кариев А. Ал-Маргинани // Ислам на территории бмвшей Российской империи. Энциклопедический словарь. Вмп. 4. М., 2003; Қориев О.А. “Ал-Ҳидоя” асарининг қадимий нусхаси // Имом ал-Бухорий сабоқлари. 2005. 2-3 сон; Қориев О.А. Фарғона фиқҳ мактаби ва Бурҳониддин ал-Марғиноний. Т.: Фан, 2009.
[3] Қориев О.А. Бурҳониддин ал-Марғиноний//Маънавият юлдузлари. –Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1999. – Б. 132-133.