islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Имом Ат-Термизийнинг устозлари ва шогирдлари.

Термизий олдинги имомларнинг кўплари билан кўришганлар ва улардан баҳраманд бўлганлар. Термизий даври ҳижрий учинчи аср, ҳадис илмларида буюк юксалиш бўлган давр эди. Кутуби ситта – олти энг машҳур ҳадис китоби муаллифи бўлган имомлар, яъни олти энг улуғ муҳаддис ана шу олтин даврда яшаб камол топдилар. У зотларнинг таваллуд ва вафот йиллари қуйидагича:

1. Муҳаммад ибн Исмоил Абу Абдуллоҳ Ал-Бухорий – ҳижрий 194-256 й.
2. Муслим ибн Ҳажжож Ал-Қушайрий Абул Ҳусайн – ҳижрий 204-261 й.
3. Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий – ҳижрий 209-279 й.
4. Абу Довуд Сулаймон ибн Ал-Ашъас Ас-Сажистоний – ҳижрий 202-275 й.
5. Аҳмад ибн Шуайб Абу Абдурраҳмон Ан-Насоий – ҳижрий 215-303 й.
6. Ибн Можа Муҳаммад ибн Язид ибн Можа Абу Абдуллоҳ – ҳижрий 209-273 й.
Ушбу олти имомдан олтовларининг ҳам ривоятларида иштирок этган шайхлар қуйидагилар:
1. Муҳаммад ибн Башшар роҳимаҳуллоҳ Бундор – ҳижрий 167-252 й.
2. Муҳаммад ибн Ал-Мусанна Абу Мусо – ҳижрий167-252 й.
3. Зиёд ибн Яҳё Ал-Ҳассоний – ҳижрий 254 йилда вафот этган.
4. Аббос ибн Абдулазим Ал-Анбарий – ҳижрий 246 йили вафот этган.
5. Абу Саъид Ал-Ашаж Абдуллоҳ ибн Саъид Ал-Киндий – ҳижрий 257 йили вафот этди.
6. Абу Ҳафс Амр ибн Али Ал-Фаллос – ҳижрий 160-249 й.
7. Яъқуб ибн Иброҳим Ад-Даракий – ҳижрий 166-252 й.
8. Муҳаммад ибн Маъмар Ал-Қайсий Ал-Боҳроний – ҳижрий 256 йилда вафот этган.
9. Наср ибн Али Ал-Жаҳдамий – ҳижрий 250 йилда вафот этган.

Имом Термизий бу шайхлардан кўра олдинроқ ўтган шайхларни ҳам кўрганлар ва ушбу «Сунан» китобида улардан ҳадис ривоят қилганлар. Ўша шайхлардан баъзилари қуйидагилардир:

1. Абдуллоҳ ибн Муовия Ал-Жумаҳий – ҳижрий 243 йили юз ёшида вафот этди.
2. Али ибн Хужр Ал-Марвазий – ҳижрий 244 йили юз ёшга яқинлашганда вафот этган.
3. Сувайд ибн Наср ибн Сувайд Ал-Марвазий – ҳижрий 241 йилда 91 ёшда вафот этган.
4. Қутайба ибн Саъид Ас-Сақофий Абу Ражо – ҳижрий 150-242 й
5. Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Абушшавориб – ҳижрий 244 йилда вафот этган.
6. Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Хотам Ал-Ҳаравий – ҳижрий 178-244 й.
7. Исмоил ибн Мусо Ал-Фазорий Ас-Суддий – ҳижрий 245 йилда вафот этган.

Имом ат-Термизий яна бошқалардан, Имом Ал-Бухорий шайхларининг кўпидан ҳам ҳадис ривоят қилганлар. У киши асосан Имом Ал-Бухорийнинг шогирди бўлиб, ижозатлари ўша кишидандир. Ҳадис илмини у зотдан олдилар ва у зотнинг қўлларида камол топдилар. У кишида ўқиб, у кишидан баҳра топдилар. Ҳадис илмига тааллуқли баъзи ишларда устоз билан мунозара қилдилар. Устозлар билан қай бир ўринда мувофақат қиладилар ва қай бир ўринда мухолафат қиладилар. Ўша давр олимларида бу хусусият бор эди. Тақлидни тан олмас эдилар. Тақлиддан қочиш ва ҳар қайда ҳамиша Ҳаққа, ҳақиқатга тобеъ бўлиш уларнинг одатлари эди. Масалан, Термизий ушбу «Сунан» китобининг 17-ҳадисида ровийлар ихтилоф қилаётганини кўриб, «Мен ўзим Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмондан сўрадим: «Бу ҳадисда Абу Исҳоқдан қилинган ривоятларнинг қайси бири саҳиҳроқ?» десам, ҳеч қандай фикр билдирмади. Буни Муҳаммад (Бухорий)дан сўрадим, у ҳам бирор фикр билдирмади», дейдилар. Яъни икки имом ҳам ривоятлардан биронтасини устун қўймайдилар. Кейин Имом Бухорий ривоятлардан биттасини танлаб, «Ал-Жомиъ» китобига киритганларини Термизий баён этадилар. Лекин Термизий бу фикрга тақлид қилмасдан, ўз далилларига таяниб, бошқа ривоятни афзал кўриб, китобга киритадилар.

Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг ўлкаларни кезганлари, Хуросон, Ироқ, Ҳижоз олимларини тинглаганлари «Ат-таҳзиб» китобида баён этилган. Мисрнинг аввалги шариат қозиси Аҳмад Муҳаммад Шокир: «Термизий Бағдод шаҳрига борган, деб тахмин қилмайман. Чунки, Бағдодга кирган бўлса эди, муҳаддисларнинг улуғи ва пешқадами саналмиш Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбалдан (164 241) ҳадис эшитган бўларди ва Ҳофиз Абу Бакр Ал-Хатийб «Тарих-ул-Бағдод» китобида бу ҳакда ёзган бўларди», дейди. Термизийдан ҳадис ривоят қилган кишилар кўп. «Тазкират-ул-ҳуффоз» («Ҳофизлар ёдномаси») ва «Ат-таҳзиб» китобларида булардан айримлари зикр қилинган. Ал-Маҳбубий, Термизийдан ҳадис ривоят қилган зотларнинг энг биринчиларидандир. Ибнул-Имод бу зот ҳақида бундай дейди: «Абул-Аббос Ал-Маҳбубий; Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Маҳбуб Ал-Марвазий, Марв ўлкасинииг муҳаддиси, шайхи ва раисидир. 346 ҳижрий йилнинг Рамазон ойида 97 ёшида вафот этди. «Сунани Термизий» китобининг муаллифидан (яъни Термизий ҳазратларидан) ҳадислар ривоят қилган зотдир».

Ат-Термизийнинг кўпчилик таснифлари, жумладан, унинг машҳур асари «Ал-Жомиъ» ҳам ўз ватанига қайтганидан кейин яратилган. Ўз ижодий фаолияти даврида ат-Термизий ўндан ортиқ асарлар яратди. Унинг маданий меросида, шубҳасиз, «Ал-Жомиъ» асари катта аҳамиятга эгадир. Бу асар «Ал-Жомиъ ас-саҳийҳ» («Ишончли тўплам»), «Ал-Жомиъ ал-кабийр» («Катта тўплам»), «Саҳийҳ ат-Термизий», «Сунан ат-Термизий» («Термизий суннатлари») номлари билан ҳам юритилади. Муаллифнинг йирик асарларидан яна бири «Аш-шамоил ан-набавийя» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари»)дир. Бу асар «Аш-шамоил муҳаммадийя», «Аш-шамоил фи шамоил ан-набий саллАллоҳу алайҳи вассаллам» номлари билан ҳам аталади. Ушбу асар Саудия Арабистонида истиқомат қилган ватандошимиз Саид Маҳмуд Тарозий (у 1992 йили вафот этган) томонидан ўзбекчага ўгирилган (араб алифбосида ва кириллчада Тошкентда бир неча бор нашр қилинган). «Китоб ат-таърих», «Китоб ал-илал ас-сағийр ва ал-илал ал-кабийр», «Китоб уз-зуҳд» («Тақво ҳақида китоб»), «Китоб ал-асмо вал-куна» («Ровийларнинг исми ва лақаблари ҳақида китоб»), «Ал-илал фил-ҳадийс» («Ҳадислардаги иллатлар ёки оғишлар ҳақида»), «Рисола фил-хилоф вал-жадал» («Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола»), «Асмо ус-саҳоба» («Пайғамбар саҳобаларининг исмлари») шулар жумласидандир.

 

ТИИ Модуль таълим шакли 3-курс талабаси Камолов Афзал

307030cookie-checkИмом Ат-Термизийнинг устозлари ва шогирдлари.

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: