Араб тили – Жаҳон тилларидан бири деб эътироф этилгандир. Араб тили инсоният тараққиёти тарихида ғоят муҳим ўрин эгаллаган. Милоддан кейинги дастлабки асрларда Арабистон яриморолининг жанубий минтақаларидаги қабилаларгагина хос бўлган бу тил Ислом дини шаклланиши ва тарқалиши билан Яқин ва Ўрта Шарқ, Шимолий Африка халқларининг она тили бўлиб қолди. Ҳатто Европа қитъасининг ғарбида ҳам, ҳозирги Испания ҳудудида араб давлати-«Андалусия» ташкил топган эди.
Илоҳий мўъжиза бўлмиш Қуръони каримнинг араб тилида нозил бўлиши ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз суннатларини шу тилда баён қилганлари араб тилининг «икки дунё саодатига элтувчи тил» деб эътироф этилишига асос бўлди.
Ислом дини шарофати-ла араб тили Атлантик океандан қарийб Тинч океангача чўзилган жуда катта минтақада яшайдиган халқлар учун она тилига айланмаса-да, халқаро муносабатлар ва сиёсат тили, илм-фан, маданият тили сифатида тарқалди. Яқин ўтмишгача мусулмон мамлакатларида араб тилини билмайдиган киши зиёли саналмас эди. Ҳозирги кунда башариятнинг тараққиёт даражасини белгилаётган энг муҳим фанлар (кибернетика, астрономия, медицина ва шу кабилар)нинг асослари ўрта асрларда араб тилида яратилган эди. Бу тилда жаҳон маданиятининг дурдоналарига айланган кўплаб адабий-бадиий, фалсафий, диний, тарихий, сиёсий мавзулардаги асарлар ҳам яратилди. «Ислом маданияти» ёки «Араб тилидаги маданият» деб аталмиш бу маданиятнинг шаклланиб, ривожланишига Имом Бухорий, Имом Термизий, Хоразмий, Беруний, ибн Сино, Улуғбеклар каби кўплаб аждодларимиз ҳам салмоқли ҳисса қўшганлар. Ўзлигимизни англаш, келажакка интилган умумбашар карвонида ўзимизга муносиб ўрин эгаллаш ва уни қўлдан чиқармаслик учун, ўсиб келаётган авлодни маънавий-ахлоқий пок, илм-маърифатга чанқоқ, Ватанига, халқига садоқат руҳида тарбиялашимиз учун аждодларимиздан қолган ниҳоятда бой илмий-адабий меросни халқимизга етказишимиз, фарзандларимиз онгига сингдиришимиз лозим. Бу эса араб тилини ўрганиш ва ўргатишни тақозо қилади.
Араб давлатларининг, яъни араб тилини ўзининг расмий тили деб эълон қилган давлатларнинг ҳозирги кунда ҳам дунёнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий хариталаридаги мавқеи муҳим аҳамиятга эга. Форс кўрфази, Ҳинд океани, Араб денгизи, Қизил денгиз, Ўрта Ер денгизи, Атлантик океан соҳилларида жойлашган, Осиё қитъасининг жануби-ғарбий, Африка қитъасининг шимолий минтақаларини эгаллаб турган, аҳолисининг умумий сони 190 миллиондан ортадиган 22 мустақил давлат дунёда кечаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларга сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Дунё мамлакатлари билан тинч-тотув яшашни, улар билан ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришни ўзимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, араб давлатлари билан ҳам турли даражалардаги сиёсий ва иқтисодий-ижтимоий алоқаларни ривожлантириб боришимиз лозим. Араб тилини билиш бу мақсадга етишиш учун ҳам хизмат қиладиган муҳим омилдир.
Араб тили генеалогик таснифга кўра сомий-хомий тиллар оиласининг сомий тиллар гуруҳига киради. Бу гуруҳ яна иврит (яҳудий), ойсор, амҳар ва хорари тилларини ўз ичига олади. Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Африка шимолининг йигирмадан ортиқ мамлакатнинг расмий давлат тилидир. Энг қадимги арабларнинг излари эрамиздан олдинги биринчи мингйилликнинг бошларига тақалади. Араблар ўзларини қадимги Қахтон (жанубий араблар) ва Аднон (шимолий араблар) уруғидан тарқалганмиз дейишади. Араб тили тараққиёти уч босқичга бўлиниб ўрганилади: қадимги, классик ва ҳозирги замон араб тили.
Қадимги тил бизгача баъзи ёдгорликларда етиб келган. Тадқиқотчилар шу ёдгорликлардаги ёзувлар асосида унинг грамматик қурилишини ва қисман сўз бойлигини аниқлашга муваффақ бўлишди. . Қадимий араб тили милоддан аввалги В-ИВ асрларга тааллуқли обидалар орқали маълумдир.
Классик араб тили – Ислом байроғи остида Яқин ва Ўрта Шарқда, Марказий Осиё ва Африканинг кўп қисмига тарқалди.
Ўрта Осиёда у узоқ вақтларгача халқаро ва билим тили бўлиб келди. Ўзларининг чуқур илмий мулоҳазалари билан дунё фанининг равнақига сезиларли таъсир кўрсатган фан даҳолари, буюк ватандошларимиз Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Фаробий, Муҳаммад Хоразмий ва Маҳмуд Замахшарийлар шу тилда самарали ижод қилишган. Классик тил ҳозирги замон араб тилининг шаклланиши учун замин бўлди.
Ҳозирги замон адабий араб тили Арабистон ярим ороли ва ундан шимолроқдаги ҳамда Шимолий ва Шарқий Африкадаги йигирмадан ортиқ давлатнинг расмий тили ҳисобланади. Қуръони карим тили асосида замонавий араб адабий тили шаклланган. Барча араб давлатлари расмий муомалаларини шу тилда – замонавий адабий тилда олиб боради, оммавий ахборот воситалари – матбуот, радио, телевидение шу тилдан фойдаланади.Аммо арабларнинг кундалик ҳаётларида ишлатадиган сўзлашув тиллари араб адабий тилидан ва турли минтақалардаги арабларнинг тиллари бир-биридан фарқ қилади. Бу фарқ айрим ҳудудларда шу қадар каттаки, халқнинг саводсиз қисми ўз давлатининг расмий тилини базўр тушуниши, ҳатто тушунолмай қолиши ҳам мумкин.Бу мураккаб ижтимоий муаммонинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар асосан қуйидагилар:
1) Адабий тилнинг асоси бўлган Қуръони карим Ҳижоз арабларининг Қурайш исмли қабиласи тилида нозил бўлган. Айни замонда бошқа араб қабилалари ҳам бўлганки, уларнинг тиллари қурайшийларникидан фарқ қилган. Қурайшийларнинг ўша пайтдаги тили Қуръони карим оятларида муҳрланиб, асрлар давомида ўзгаришсиз сақлаб келинмоқда. Бошқа тиллар эса тиллар ривожининг умумий қонуниятларига кўра ривожланиб, ўзгариб боряпти. Оқибатда, ўртадаги фарқ муттасил ортиб бормоқда;
2) араблар келиб чиқиши жиҳатидан икки тоифага бўлинадилар:
1. العرب العاربة-асл араблар (масалан, Ҳижоз араблари)
2. العرب المستعربة- араблашган араблар, яъни Ислом киришидан аввал араб бўлмаган, мусулмон бўлганидан кейин вақт ўтиши билан асл миллатини унутиб, ўзини араб ҳисоблай бошлаган халқлар (масалан, Шимолий Африкада яшовчи араблар). «Араблашган араблар»нинг тилларига аввалги она тиллари таъсир кўрсатмай қолиши мумкин эмас эди, албатта. Тил ва шевалар ўртасидаги тафовутнинг анчагина қисми шу омил билан боғлиқ;
3) ХВ асрдан бошлаб араблар яшайдиган минтақаларнинг талайгина қисми Усмоний турклар тасарруфида бўлди. ХВИИИ асрдан ХХ асрнинг иккинчи яримларигача араб диёрларида Оврупонинг мустамлакачи давлатлари (Англия, Франсия, Германия, Италия каби) ўз ҳукмларини ўтказдилар. Бу ҳам тилда ўз аксини топмай қолмайди.
Убайдуллаева У. 403-гуруҳ