islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Рибо ва унинг замонавий кўринишлари

Пул. Фиқҳий манбаларда закотнинг миқдорини белгилаш ва шу каби пул билан боғлиқ масалаларда тилла ва кумушнинг мезон килиб олиниши кўрсатилган. Чунки иккиси пул вазифасини бажарган ва рибо масалалари ҳам уларни бир-бирига алмаштириш қоидаларига қаратилган. Ҳозирда тилла ва кумуш муомаладан чиқан ва уларнинг вазифасини қоғоз пуллар тўлалигича бажармоқда. Шу сабабли ҳозирда кўпгина баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган қоғоз пуллар масаласини ўрганиб чиқамиз.

“Пул” нарсага эга бўлиш учун харидор томонидан сарфланадиган нарса”.

“Айн” ёки “мабиъ” савдо келишувида пулнинг муқобилида турадиган нарса[1]

Нақд пуллар тизимининг ривожланиши. Маълумки, башарият ҳаётининг бошланғич босқичида одамлар нарсаларни айрибошлаш йўлини тутганлар. Лекин бу машаққатли услуб бўлиб, ундан умумий йўл сифатида фойдаланиш қийин эди, чунки ҳамма замон ва маконга тўғри келмас эди.

Кейинчалик “нақд савдо моллари низоми” (Commoditymoney system) деб аталадиган бошқа бир низом йўлга қўйилди. Унда одамлар ўзаро айрибошлайдиган савдо молларидан кўпроқ ишлатиладиганини нақд пул сифатида қабул қилишади. Ўзаро молиявий ишларида шуни ўртага қўйишади. Бунинг учун истеъмоли кўп бўлган савдо молларидан баъзиларини танлаб олишади. Савдода пул ўрнига одамлар кўпроқ эҳтиёж сезадиган маҳсулотлар, мисол учун, озуқа бўладиган дон, туз, тери ва шу каби нарсаларнинг ишлатилиши йўлга қўйилган.

Лекин айрибошлаш жараёнида мазкур савдо молларини ишлатишда уларни кўтариб юриш ва шу каби қийинчиликлар келиб чиқди. Инсоният тараққий этиб, эҳтиёжлар зиёда бўлиб, айрибошлаш кўпайганидан кейин, одамлар кўтариб юриш осон бўладиган бирон нарсани танлаб олишга эҳтиёж сездилар. Шу билан бирга, ўша нарса ишончли бўлиши керак эди.

Учинчи босқичда одамлар айрибошлашда қиймат сифатида тилла ва кумушни истеъмол қила бошладилар. Чунки тилла ва кумуш аслида қийматга эга нарсалар бўлиб, улардан зебу зийнат ва идиш-товоқлар ясалар эди. Шу билан бирга, уни кўтариб юриш ва сақлаб қўйиш осон эди. Ушбу икки маъдан кейинчалик қиймат ўлчовига айланди ва одамлар ҳамма юртларда шунга суянадиган бўлишди. Ушбу пул низоми “маъданий пуллар низоми” (Metalic Money System) деб аталади. Вақт ўтиши билан бу низомга кўп ўзгартиришлар киритилди[2].

Албатта, қоғоз пуллар бир хил ҳолатни бошдан кечирмаган, балки бир неча босқичлардан ўтган. Шак-шубҳа йўқки, қоғоз пуллар бир пайтлар дайн – бировнинг зиммасидаги молиявий мажбуриятнинг ҳужжати сифатида ишлатилган. Шунинг учун ҳам кўп уламолар қоғоз пулларни қарзнинг фактураси деб қабул қилишган. Уларни мол деб тушунишмаган. Аллома Саййид Аҳмадбек Ҳусайний ўзининг “Баҳжа ал-муштоқ фи баён ҳукм закот ал-авроқ” китобида қуйидагиларни ёзади:

“Шунинг учун агар “банкнот” сўзининг моҳиятини баҳс қиладиган бўлсак, уни французча истилоҳда, француз тилидаги энг кенг ва машҳур Ларус (Larousse) қомусида банк варақаларига қуйидагича таъриф берилган: “Банк варағи пул бирлиги бўлиб, уни кўтариб юрган одам бировга узатса, қиймати тиллада берилиши керак ва одамлар маъдан пул орқали қандай муомала қилсалар, ўша варақ билан ҳам шундай муомала юритадилар. Фақат фарқ шундаки, одамлар ишонишлари учун варақнинг кафолати бўлиши керак”.

“Уни кўтариб юрган одам бировга узатса, қиймати тиллада берилиши керак”, деган гапдан маълум бўладики, шубҳасиз, бу пуллар дайннинг фактураси ҳисобланади.

“Маъдан пул орқали қандай муомала қилсалар, ўша варақ билан ҳам шундай муомала юритадилар”, деган гапдан “одамлар бу варақни тилла-кумушнинг ўрнига оладилар”, деган мано чиқмайди. Мулоҳаза шуки, қоғоз пулларнинг қиймати уни кўтариб келган шахсга тўланади дегани, холос. Чунки қоғоз пулларнинг қийматини тўлаш кафолатга олинган. Демак, қоғоз пулларнинг барчаси дайннинг фактураси ҳисобланади”.

Шунингдек, Ҳиндистоннинг кўпчилик уламолари ўтган асрда ушбу қоғоз пуллар дайннинг васиқалари экани ҳақида фатво чиқарганлар. Уни бериш билан закот адо бўлмайди. Фақир уни сарф қилсагина закот адо этилган бўлади. Мазкур қоғоз пуллар билан тилла ёки кумуш сотиб олиш ҳам жоиз эмас.

Лекин баъзи уламолар мазкур қоғоз пулларни мол деб ҳисоблашган ва унинг урфий қиймати бор деб билишган. Бу тўғрида аллома Аҳмад Соатий раҳматуллоҳи алайҳи батафсил сўз юритган. Бу киши имом Аҳмаднинг машҳур “Муснад” китобини тартибга солиб, шарҳ қилган. Мазкур китобнинг “Китоб аз-закот” бўлимида шундай дейилади:

“Менинг ҳақ деб билишимча, Аллоҳнинг дини деб эътироф қилишимча, закотда қоғоз пулнинг ҳукми худди кумуш ва тилланинг ҳукмидадир. Чунки қоғоз пулда худди икки нақд – тилла ва кумушда муомала қилингандек, муомала қилинади. Яъни киши қоғоз пулга сотиб олинган молни сарф қилиши ва ўзининг фойдасига ишлатиб, хоҳлаган вақтида ҳожатини битириши мумкин. Кимнинг қоғоз пуллардан нисобга етган моли бўлса ва бу мол унинг ҳузурида тўлиқ бир йил турса, закот бериши вожиб бўлади”[3].

Худди шу фикрни ҳиндистонлик бошқа уламолар ҳам қўллаб-қувватлашган. “Атр ал-ҳидоя” ва “Хулоса ат-тафосир”нинг муаллифи, Абдулҳай Лакнавийнинг шогирди, кўпгина исломий илмларда қалам тебратган олим, шайх Фатҳ Муҳаммад Лакнавий шулар жумласидандир. Бу кишининг ўғиллари муфтий Саъийд Аҳмад Лакнавий “Атр ал-ҳидоя” китобининг охирида устозининг фикрларини шарҳлаб, шундай дейди:

“Имом Абдулҳай Лакнавий ҳам юқоридаги фикрга мувофиқ фикр билдирган. У киши айтган фикрларнинг хулосаси шуки, қоғоз пулларнинг икки жиҳати бор:

  1. Мазкур қоғоз пуллар билан олди-сотди, ижара ва бошқа молиявий ақдларда худди тилла, кумуш ёки қийматга эга бўлган нарсалар каби муомала қилинади. Балки давлатлар ҳамма одамларни мазкур қоғоз пулларни қабул қилишга, қарзларни тўлашга, хуқуқларни адо этишга мажбурлаган. Бугунги куннинг қонунига биноан, қарздор мазкур қоғоз пулларни қарзини узиш учун берса, қарз эгаси олмайман, дейиши мумкин эмас. Шу жиҳатдан қараганда, мазкур қоғоз пуллар урфий қийматга эгадир.

2.Албатта, қоғоз пуллар ҳукумат тарафидан чиқарилган васиқадир. Агар қоғоз пул ҳалокатга учрайдиган бўлса, ўрнига бошқасини беришни ҳукумат ўзига лозим қилиб олган. Шу жиҳатдан қарайдиган бўлсак, қоғоз пуллар урфий тилла ва кумуш пулларнинг тескариси бўлиб кўринади. Чунки ўша урфий пуллар – тилла ва кумуш ҳалокатга учраса, ҳукумат тўлаб бермайди. Қоғоз пуллар дайннинг санадига ёки молиявий васиқаларга ўхшаган нарсадир.

Иккинчи жиҳатга чуқурроқ назар соладиган бўлсак, бу жиҳат қоғоз пулларнинг қийматини ботил қилмайди. Чунки ҳукумат аслида мана шу қоғоз пулларни урфий қийматга эга нарса сифатида чиқармоқчи бўлган эди. Шунинг учун ҳам дайнларни адо этиш борасида одамларни уларни қабул қилишга мажбурлаган. Лекин аввалги тилла ва кумуш пуллар ҳамда рамзий пуллар молдан иборат эди, уларнинг эътиборга олинадиган қиймати бор эди. Тилла ва кумуш пуллар ҳамда рамзий пулларнинг мол деб ҳисобланиши учун буни ҳукумат эълон қилишига ҳожат йўқ. Уларни рамзий қийматга айлантиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Чунки рамзий пуллар ўзи гоҳида тилла, кумушдан, баъзи вақтларда бошқа маъданлардан, мисол учун, мисдан ёки темирдан ясалади. Қоғоз пуллардан бошқа пул бирликларининг ҳаммаси пул бўлишидан ташқари ўзи ҳам мол ҳисобланади. Агар ҳукумат буларнинг пуллигини ботил қилиб, қийматини йўқотса ҳам, маъдан сифатида қиймати тураверади.

Аммо қоғоз пуллар аслида мол эмас. Унинг мол бўлиб, қийматга эга бўлиши ҳукуматнинг қарори билан бўлган. Агар ҳукумат унинг қийматини бекор қиладиган бўлса, моллик қуввати ҳам бекор бўлиб қолади. Қоғоз пулларга нисбатан одамларнинг ишончи қолмайди. Маъданлардан тайёрланган қимматбаҳо пулларга эса ишонч ҳеч қачон йўқолмайди. Шунинг учун ҳукуматлар қоғоз пуллар ҳалокатга учраса, уларнинг қийматини тўлаб беришни ўзига лозим қилиб олган. У қимматбаҳо бўлгани учун эмас, балки ҳукумат уларни пул деб эътибор қилгани учун, қолаверса, одамларнинг пулга нисбатан ишончи йўқолмаслиги учун шундай қарор қабул қилган. Шунинг учун ҳам қоғоз пулнинг қиймати сақланади, одамлар у билан муомала қилаверади ва кишилар ўртасида эътибори йўқолмайди.

Ўша қоғоз пулларнинг васиқа бўлиши унинг қийматини ботил қилмайди. Чунки қоғоз пуллар ўз қийматини ҳукумат томонидан адо этилишини билдириб туради. Бироқ бу кафолат одамлар ўртасидаги муомалага таъсир этмайди. Агар ҳукумат ана шу пулларни урфий қийматга айлантиришни истамаганида, одамларни уни қабул қиласан, деб мажбур қилмас эди. Мана шу жиҳатдан қоғоз пуллар ишончга сазовор бўлган, балки бошқа қимматбаҳо нарсаларга бўлган ишончдан кўра қоғоз пулларга бўлган ишонч юқори бўлиб кетган. Чунки бошқа қимматбаҳо нарсалар ҳалокатга учраса, ҳукумат уларнинг ўрнига ҳеч нарса бермайди. Лекин қоғоз пуллар ҳатто йиртилиб қолса ҳам, ҳукумат уни алмаштириб беради”[4].

Муҳаммад Тақий ал-Усмоний: “Агар биз ушбу икки фикр ўртасида ҳукм чиқарадиган бўлсак, мен ўйлайманки, иккала фикр ҳам ўз замонасига нисбатан тўғри ҳисобланади. Юқорида пулларнинг тарихига назар солиб, қоғоз пуллар бизнинг замонимизга қадар қанча ўзгаришларни бошидан кечирганлигини айтиб ўтдик. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, қоғоз пуллар ўзининг илк босқичида қарзларнинг санади бўлган”, дейдилар[5].

ТИИ 4-курс талабаси Умматов Жамолиддин

[1] Абдулҳамид Маҳмуд Таҳмоз. Ал-фиқҳ ал-ҳанафий. Дор ал-қолам. Дамашқ 2009. 4-жуз 24- бет.

[2] Муҳаммад Тақий ал-Усмоний. Буҳус фи қазоя фиқҳийя муосира. Мактабат воҳидия. Деҳли 1995. 145-146-бетлар.

[3] Муҳаммад Тақий ал-Усмоний. Буҳус фи қазоя фиқҳийя муосира. Мактаба воҳидия. Деҳли 1995. 153-154-бетлар.

[4] Муҳаммад Тақий ал-Усмоний. Буҳус фи қазоя фиқҳийя муосира. Мактаба воҳидия. Деҳли 1995. 154-155-бетлар.

[5] Муҳаммад Тақий ал-Усмоний. Буҳус фи қазоя фиқҳийя муосира. Мактаба воҳидия. Деҳли 1995. 155-156-бетлар.

311690cookie-checkРибо ва унинг замонавий кўринишлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: