Маълум бир муддат Лазгин домладан араб тилидан сабоқ олган эдим. Бу тахминан 1975 йил апрель ойидан 1976 йил май ойигача давом этди. Лазгин домланинг берган сабоқлари менинг ёдимдан ҳеч қачон чиқмайди. Сабаби Ҳазрат Алишер Навоий айтганларидек:
Ҳақ йўлида ким санга,
Бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак осон эмас,
Ҳаққин адо юз ганж ила.
Лазгин домла ҳаётидан баъзи бир лавҳаларни келтириб ўтамиз*: «Уларнинг тўлиқ исми шарифлари Сирожиддин ибн Исо Али (Сирожиддин Доғистоний) бўлиб, 1896 йил Доғистон ўлкасининг Хуна масканида таваллуд топганлар. Уларнинг оталари нақшбандия тариқати пешволаридан ҳисобланганлар. Лазгин домла олти ёшга тўлгач, тоғалари Исмоил мударрис қўлида савод чиқариб, сўнг тоғаси қурдирган Кумух мадрасасида таълим оладилар. Ўша пайтларда Кумух мадрасаси Кавказнинг маданий ва илмий маркази эди. Бу ерда Лазгин домла Абдулҳамид Кумухийдан тафсир ва ҳадисдан дарс оладидар. Ўн икки ёшга тўлгач, «Қофия», «Шарҳи Мулла Жомий» китобларини ёд олганлар, сарф ва наҳвда уламолар мунозарада қатнаша оладиган даражага етганлар. Шундан сўнг, устозлари уни Доғистонлик савдогар ҳомийлигида Мисрга юборадилар. Бу пайтда Лазгин домла ўн олти ёшда бўлганлар. Савдогарнинг Искандариялик дўкондор таниши домлани машҳур мударрисга олиб боради. Таътил вақти бўлгани сабабли мударрис Лазгин домлага китоб тутқазиб, бир ой мухлат беради. Бир ойдан сўнг эса мударрис Лазгин домлани имтиҳондан ўтказиб, Қоҳирага, ўз устози ҳузурига юборади. Шу тариқа Лазгин домла Қоҳирада етти йил қоладилар. Ўз юртларига қайтгач, мадрасада мударрислик лавозимида ўн йил ишладилар.
Қатағон авжига чиққач, 30-йиллар охирида Лазгин домла Доғистонни тарк этиб, 1937 йили Ўзбекистонга келадилар ва умрбод шу ерда қолдилар. Улар Ўзбекистонда Лазгин домла номи билан машҳур бўлганлар. Жиззах ва Самарқандда уларни Қарачай домла дейишган. Лазгин домла бу тўғрида шундай деганлар: «Мен Ўзбекистонга келганимдан хурсандман, бунинг учун Аллоҳга шукрлар қиламан. Ўзбекистонда мен ғариб бўлмадим, дўстлар даврасида яшадим».
Лазгин домла юртимиз уламолари ҳақида: «Мен Ўзбекистон уламолари орасидаги иттифоқдан шодман, бу иттифоқ давом этар экан, улар олий мартабаларга эришадилар», – деган эдилар. Ўша маҳал Лазгин домла ҳали Тошкентда муқим ўрнашмаган ва маълум муддат Бишкекда яшаганлар. Бишкекдан қайтгач, дўстлари кўмагида Бешёғоч бозорида мисгарлик дўкони очадилар. Кичкина бу устахона токчаларига обдаста, самовар, примус каби тузатилиши лозим бўлган ашёлар териб қўйилган. Устахонанинг бир дарчаси бўлиб, ташқарига таёқча билан очиб қўйилган. Ана шу дарчанинг ости ўзига хос «мадраса» эди. Лазгин домла болаларни шу пештахта остида яширинча ўқитганлар. Ўзлари устачилик билан банд кезлари болалар пештахта остида дарс ўқишган. II жаҳон уруши йилларида шу устахонада истиқомат қилганлар. Урушдан сўнг Лазгин домла Тошкент шаҳар Самарқанд дарвоза маҳалласи «Ромашка» кўчасида кичик бир ҳовлига кўчиб яшаганлар. Уларнинг ҳузурига турли институт ўқитувчилари, аспирантлар, илмий ходимлар ҳам сабоқ олгани келиб туришган».
Шу кўчада мен амаким Маъмуржон Қорабоев хонадонида беш йил талабалик давримда яшаганман.
Сирожиддин Алилов (Лазгин домла) 1981 йил 27 май куни Тошкентда вафот этганлар. Жанозани Шайх Юсуфхонтўра Шокиров ўқиганлар, Тошкентдаги Захариқ қабристонига дафн этилганлар. Домланинг вафотлари муносабати билан Шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон ҳазратлари қуйидаги марсияни ёзганлар:
Во дариғо, кетдилар дорулбақога домламиз,
Ташлабон илму адаб толиблариға домламиз.
Чекдилар қанди ҳаёт даврида озору жафо,
Сабр айлаб, ҳеч кима қилмай шикоят домламиз.
Бу табаррук зотни қадрини билолмай қолибон,
Эндиликда ёд этиб иззатга лойиқ домламиз.
Дин сирожи эрди, аммо ўзини лазгин тутиб,
Ҳарна билган илмини зоҳир этган домламиз.
Ҳотифий қилди башорат бул азиз устозгагим,
Йўл очиб жаннат сари олий мақомга домламиз.
Шукру лиллаҳ, ҳол сўраб ёнида бўлди бул Футуҳ,
Айтар эрди борҳо: Ёрим – Аллоҳ! – домламиз.
Обиджон Қорабоев,
Тошкент ислом институти «Ижтимоий фанлар» кафедраси
доценти, физика-математика фанлари номзоди
“Янгийўл” газетаси, 2018 йил 6 апрель, №14-сон
Манба: *Ҳайдархон Йўлдошхўжаев, Иродахон Қаюмова. Ўзбекистон уламолари. Тошкент: Мовароуннахр, 2015. 156-157 б.