Жамиятда тотувлик ва барқарорликни таъминлашда, шунингдек ёшлар ўртасида таълим ва диний маърифатни тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистондаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ҳамда Ислом цивилизацияси маркази ва Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Динлар ва маданиятларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигида ҳамда тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашда таълим ва диний маърифатнинг ўрни” мавзусида халқаро конференцияси ташкил этилди.
Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров мазкур халқаро конференцияда “Талабаларда динлараро ва маданиятлараро бағрикенглик тамойилларини шакллантириш масалалари” мавзусида маъруза билан иштирок этди.
Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси, Мусулмонлар идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, мамлакатимиздаги дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, диний конфессиялар вакиллари, эксперт олимлар, миллий маданий марказлар раҳбарлари ва журналистлар қатнашди.
Дунёда ишонч ва ўзаро бир-бирини тушуниш тақчиллиги сезилаётган, қарама-қаршиликлар ва можаролар кузатилаётган бугунги шароитда ўзаро ишонч, адолат ва ҳамжиҳатликка талаб глобал миқёсда тобора ортиб бормоқда.
Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммитида сўзлаган нутқида “…Ҳозирги кунда геосиёсий рақобат, мафкуравий зиддият ва баҳслардан холи бўлган очиқ ва конструктив мулоқот фавқулодда зарур” эканлиги таъкидланди.
ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг Самарқанд декларациясида – ташкилотга аъзо давлатлар ШҲТ маконида цивилизациялараро мулоқот, яхши қўшничилик ва дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга ҳисса қўшиб, маданий, илмий-техникавий, таълим, гуманитар ва туризм соҳаларидаги ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, маданий хилма-хилликни кўпайтиришга ёрдам бериш, минтақанинг маданий ва табиий меросини ўрганиш ҳамда муҳофаза этишда ҳамкорлик қилишларига алоҳида урғу берилган.
Айтиш жоизки, 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистондаги ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари, демократия, ёшлар масаласи, халқаро хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик, экология каби қатор глобал муаммолар билан бир қаторда диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, бу борада БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурдилар.
Ушбу ташаббус БМТга аъзо 193 та мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланди ва 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессияси 51 йиғилишида A/Res/73/128-рақамли “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси якдиллик билан қабул қилинган. Шунингдек жорий йилнинг 16–20 май кунлари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтган “Декларациялар мулоқоти” мавзусидаги халқаро форумда Бухоро декларацияси (2022 йил 19 май, Бухоро) қабул қилинган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бухоро декларацияси тамойиллари ва ёндашувларини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Баёноти қабул қилинган. Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари орқали халқаро форум иштирокчи давлатларининг парламентларига Бухоро декларациясида ўз ифодасини топган асосий тамойил ва ёндашувларни қўллаб-қувватлаш бўйича баёнотлар қабул қилиш ташаббуслари илгари сурилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасида “Умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш концепцияси”ни амалга ошириш йўли билан ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онги, тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқдда.
Анжуманда Ўзбекистоннинг ташқи дунё билан кўп томонлама дипломатиясида цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ёшлар онгига ушбу эзгу ғояларни сингдириш масалалари муҳокама қилинди.
ТИИ матбуот хизмати