Тасаввуф сўзи луғатда – ибодатли, парҳезкор бўлмоқ дегани. [1]
Истелоҳда – қалбни поклаб, Аллоҳ таолонинг хулқлари билан хулқланиш, Муҳаммад алайҳиссаломнинг сифатлари билан зийнатланиш ва охиратда жаннатга эришиш учун доим Аллоҳ таолога тавба-тазарруда бўлиш.[2]
Зеро тасаввуф исломнинг бир бўлагидир. Агар бир инсонда ислом дини бўлса-ю тасаввуф бўлмаса бу инсоннинг исломи комил бўлмайди. Тасаввуф илми у ислом динининг руҳидир. Инсоннинг жасади руҳсиз тасаввур қилинмаганидек динни ҳам тасаввуфсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу ўринда тасаввуф илмига ким асос солган деган савол пайдо бўлади. Тасаввуф илмига ким асос солган?
Тасаввуф илми ислом дини билан биргаликда Аллоҳ таоло томонидан Жаброил алайҳиссалом воситасида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилинган. Тасаввуф илмини ислом дини билан бирга ваҳй қилинганига далиллар:
Аллоҳ таоло Аноъм сурасида марҳамат қилади:
وَذَرُوا۟ ظَـٰهِرَ ٱلۡإِثۡمِ وَبَاطِنَهُۥۤۚ
”Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”(120-оят)[3]
Ояти каримага эътибор берадиган бўлсак, Аллоҳ таоло ташқи аъзоларимиз қиладиган гуноҳлардан қайтариш билан бирга қалбдан содир бўладиган махфий гуноҳларни ҳам тарк қилишга буюрди. Қалбдан содир бўладиган гуноҳлар билан эса тасаввуф илми шуғулланади. Бундан тасаввуф илми Қурон Карим билан собит бўлгани маълум бўлади. Хозин номи билан машҳур бўлган Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад ал-Бағдодий роҳимаҳуллоҳ бу оятнинг тафсирида: ”Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар қиладиган гуноҳлар, махфий гуноҳлардан қалблар қиладиган (ҳасад, ғазаб, адоват каби) гуноҳлар ирода қилинган”, деганлар[4].
، عَنْ أبي هريرة، قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَارِزًا يَوْمًا لِلنَّاسِ فَأَتَاهُ جِبْرِيلُ فَقَالَ: مَا الْإِيمَانُ؟ قَالَ:” الْإِيمَانُ أَنْ تُؤْمِنَ بِاللَّهِ، وَمَلَائِكَتِهِ، وَبِلِقَائِهِ، وَرُسُلِهِ، وَتُؤْمِنَ بِالْبَعْثِ “. قَالَ : مَا الْإِسْلَامُ ؟ قَالَ : ” الْإِسْلَامُ أَنْ تَعْبُدَ اللَّهَ، وَلَا تُشْرِكَ بِهِ، وَتُقِيمَ الصَّلَاةَ، وَتُؤَدِّيَ الزَّكَاةَ الْمَفْرُوضَةَ، وَتَصُومَ رَمَضَانَ “.قَالَ: مَا الْإِحْسَانُ ؟ قَالَ:” أَنْ تَعْبُدَ اللَّهَ كَأَنَّكَ تَرَاهُ، فَإِنْ لَمْ تَكُنْ تَرَاهُ فَإِنَّهُ يَرَاكَ “وفي آخِرِ قَولِهِ فَقَالَ:” هَذَا جِبْرِيلُ جَاءَ يُعَلِّمُ النَّاسَ دِينَهُمْ”
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни инсонларга кӯриниш бердилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом у зотнинг олдига келиб, “имон нима?” деб сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига имон келтириш ва қайта тирилишга имон келтириш”, дедилар. Жаброил алайҳиссалом ислом нима? деб сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Ислом Аллоҳга ибодат қилиш, Унга ширк келтирмаслик, намозни тўлиқ адо қилиш, фарз қилинган закотни бериш ва рамазонда рўза тутиш” дедилар. Жаброил алайҳиссалом: ”Эҳсон нима?” деб сўради. Набий соллаллоҳу алауҳи васаллам айтдилар: ”Эҳсон Аллоҳга сен Уни кўриб туганингдек ибодат қилишинг, агар сен Аллоҳга Уни кўриб турганингдек ибодат қилишга қодир бўлмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилишинг”, дедилар… Ҳадиснинг охирида эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: ”Бу Жаброил инсонларга динини ўргатиш учун келиб-кетди” дедилар[5]. Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқорида зикр қилинган нарсаларнинг барчасини дин деб номлаганларини эҳсон яаъни тасаввуф илмини исломнинг бир бўлаги эканлигига далил қилиб келтирадилар.
Асардан далил: Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: ”Биз тасаввуф илмига қийл ва қол (фиқҳ) йўлидан етмадик балки, тасаввуф илмига дунё ва унинг лаззатларини тарк қилиш билан эришдик”, деганлар. Бу зотнинг гаплари ҳам тасаввуф илмини салафлар давридан бор ва собит эканига далил бўлади[6].
Тасаввуф қачон алоҳида фан сифатида ажралиб чиқди?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар даврида ақоид, фиқҳ ва ҳадис фанлари алоҳида фан бўлиб ажралиб чиқмаганидек, тасаввуф илми ҳам алоҳида фан бўлиб ажраб чиқмаган. Барча илмлар умумий дин номи остида ўрганилган. Тобеъинлар даврига келиб, тасаввуф илмининг йўналишини белгилаш ва унинг алоҳида фан бўлишига катта ҳисса қўшган Увайс Қараний, Ҳасан Басрий, Саъид ибн Мусаййиб, Жаъфар Содиқ каби буйук зотлар етишиб чиқди. Табаъа тобеинлардан Фузайл ибн Иёз ва Иброҳим ибн Адҳам каби улуғ зотлар тасаввуф илмини янада ривожлантирди. Аста-секин тасаввуф илмида буюк-буюк устозлар етишиб чиқа бошлади. Ҳижрий бешинчи, олтинчи асрга келиб тасаввуф илми ривожланиш чўққисига чиқди ва нақшбандиййа, йассавиййа, шозилиййа, кубровиййа каби тариқат шайхларининг номлари билан номланди[7]. Ҳозиргача бу тасаввуф тариқатлари ӯз егалари томонидан таълим бериб келинмоқда. Агар фойда олган бӯлсангиз Аллоҳ таолодан, хато камчиликлар бӯлса каминадан деб билгайсиз.
ТИИ талабаси Шарипов Исроилжон
[1] Ал-Маъоний арабий
[2] Зулфиқор Аҳмад Нақишбандий Ат-Тасаввуф вас-сулук 18-бет. Байрут Нашриёти 2011.
[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Қурони Карим маънолар таржимаси
[4] Зулфиқор Аҳмад Нақишбандий Ат-Тасаввуф вас-сулук 5-бет. Байрут Нашриёти 2011
[5] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳул Бухорий.Доруссалом нашриёти Рийоз. 50-ҳадис.
[6] Зулфиқор Аҳмад Нақишбандий. 2011 Ат-Тасаввуф вас-сулук 8-9 бетлар Байрут Нашриёти.
[7]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Нақшбандия. Ҳилол нашриёти 2018 13-14-15-16 бетлар.