islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳадисларни ўрганиш ва ўргатишдаги 13 қоида

Ҳинд заминида яшаган буюк муҳаддис, мужтаҳид Анваршоҳ Кашмирийнинг ҳадисларни ўрганиш ва ўргатишдаги беқиёс хизматлари бор. Аллома ҳадисларни шарҳлашда қандай йўллар, усуллар қўллаганини ўрганадиган бўлсак, алломанинг бу борада ўзига хос услуби ва хусусиятлари борлигини гувоҳи бўламиз. Бундай хусусиятларни у зотдан кейин ҳали бировда кўрилмаган. Қуйида уларнинг баъзисини зикр қиламиз:

1.Шайх ҳадиснинг рижоллари (санаддаги кишилар) борасида қисқа маълумот бериб кетганлар. Агар бобда уни келтиришга эҳтиёж туғилса ё уни зикр этишда бирор бошқа манфаат бор деб ҳисобласа, албатта уни батафсил келтирарди. Жарҳу  таъдил  (ровийларни айбли ё адолатли деб билиш илми)да гапни кўп чўзмаган.  Анваршоҳнинг ўзи бундай деган: “Мен рижоллар борасидаги нақлларни, ҳамда улар ҳақидаги деди-деди, миш-мишларни кўп келтирмадим. Чунки мен буни адолатли деб топишдаги асосий мезон деб ҳисобламайман. Айримлари гап мувофиқ кетаётганда сукут қилиниб ўтказиб юборилади. Ихтилоф чиққанда ё баҳсу мунозарага чорлаганда айбли деб топилади. Бу эса бирор нарсани ўзгартира олмайдиган, унга етарли бўлмаган, балки баҳсу мунозарага керак бўладиган ишдир”.

2.Кашмирий мазҳаб имомлари ўртасидаги ихтилофларнинг келиб чиқишига асос бўлган ишларни, хусусан, далил келтиришда кўп такрор-такрор келадиган масалаларни баён қилишга алоҳида эътибор қаратган. Бу борада кўнгилни хотиржам қиладиган даражада маълумот берган.

3.Аллома қадимги уламоларнинг гапларидан, хоссатан, аҳли илмларнинг кўпчилигига етиб келмаган сара маълумотларни нақл қилган.

4.Бирор бир китобни ё асарни зикр этса, ниҳоятда холислик билан қадрини туширмасдан ё мақтаб кўкка кўтармасдан унинг илмий даражаси, хусусиятларини айтиб ўтган. Бу билан толиби илмларга осонлик яратган ва тўғри, ҳақиқий илмга восита қилиб берган.

5.Аллома баҳсларни ва лафзларни такрор-такрор келтириб муаммоларга ечим топишга уринган.

6.Кашмирий гапни қисқа қилишга, изоҳларни кўпайтириб юбормасликка ҳаракат қилган. Натижада худди илмини яшираётган, зиқналик қилаётгандек бўлиб кўринади. Аслида бу у кишининг сўзлари фасоҳатли, чуқур маъноли эканидан дарак беради. Ҳатто шайхнинг айрим гапларини шарҳлаш, тушунтиришга бир рисола ёзишга эҳтиёж туғилади.

7.Анваршоҳ мавзуга тегишли бўлган гапларни зикр этиш билан қаноатланмаган, балки гоҳида шундай ишларни зикр қилганки, у билан мавзунинг орасида нозик боғлиқлик мавжуд. Буни баён этишга интилгани ва толиби илмларга манфаат бўлишини кўзлагани учун амалга оширган.

8.Баъзан айрим нарсаларни зикр этиб уни илмий танқид қилган ва шогирдларига илмий танқид йўлларини ўргатган, ҳамда уларга бу нарсанинг асосини билдириб қўйган. Сўнгра илм аҳлларининг гапларидаги хусусият, белгиларини уқтириб, бу ишда эҳтиёткорроқ бўлиш лозимлигини таъкидлаган. Буюк уламоларимиз қадру қиймати борасида ҳар томонлама пишиқ ўрганиб сўнг гапириш, албатта, матлуб бир ишдир.

9.Аҳком ҳадисларидаги мазҳаблар далил-ҳужжатларини хоҳ фойдасига бўлсин, хоҳ зарарига бўлсин,уларни тўлиқ қамраб олган.

10.Аллома олдига шарҳ китобларни қўйиб олиб, истаганини айтиб, истамаганини айтмай кетаётганга ўхшаб, “Саҳиҳ”нинг шарҳларидан энг сара нақлларни келтирарди.

11.Шарҳловчиларнинг гапларини қисқароқ қилгач, агар толиби илмлар мавзуни тўлиқроқ билишни хоҳлашса, ўша китобларга йўналтирарди.

12Аллома китобни шарҳлаш ва дарс бериш мобайнида кўпгина илмий муаммоларга дуч келарди. Мана шундай вазиятда ҳам уларни ечишда нозик ва қимматбаҳо маълумотларни зикр қиларди. Хусусан, калом масалаларига чуқур эътибор берган. Ўзи бу масалага Имом Бухорий ҳам йўлиққан. Айниқса, “Тавҳид китоби”да бу ҳолни очиқ кўришимиз мумкин. Аллома бундай масалаларда худди қадимги муҳаққиқ, мутакаллим  олимлардек йўл тутарди. Масалан: Бухорийнинг тавҳид борасидаги қарашлари қадим уламоларнинг тутган йўлидек бўлган. Кейинги ҳадисларни шарҳловчи уламолар мутааххир олимларнинг тавҳид борасидаги фикрларига ўрганиб қолгач, уларнинг ақлий қарашлари Имом Бухорийнинг қарашларига ноқислик қилиб қолди. Ана шунда Бухорийнинг гапларини у истамайдиган даражада таъвил қилишган. Шу сабабли Кашмирий бу мавзуга чуқурроқ киришган ва бу хусусда, аслида қандай йўл тутиш кераклигини баён қилган.

13.Анваршоҳ дарслари жараёнида ўнгу сўлига кўплаб ҳадис китобларини, хусусан ҳадис матнларини қўйиб қўярди. Агар “Саҳиҳ” борасида бирор муаммо чиқса, дарҳол китобларни очиб толиби илмларга ўқиб берар, юзага келган муаммони ечиб берарди. Агар мавзуга тегишли жойлари бўлса, уларни лафзлари билан зикр этарди.

Мана шулар ҳадисларни ўрганишдаги умумий хусусиятларнинг асосидир. Агар батафсил билишни хоҳласангиз алломанинг “Арфушшазий” китобларига, ундан ташқари ”Нафҳатуланбар фи ҳаяти Анвар”, “Амолий”, “Файзулборий” китобларига мурожаат қилишингиз мумкин[1].


[1] Сайид Шоҳид Росул Кокохел. Аллама  Муҳаммад  Анваршоҳ  Кашмирий  фий зовъи интажатиҳи ал адабияти вал илмийяти. – Покистон: Ҳоваланпур. 2009.–Б.202.

Тошкент ислом институти битирувчиси

Низомиддинов Ҳошимжон

40450cookie-checkҲадисларни ўрганиш ва ўргатишдаги 13 қоида

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: