islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ислом – мурувват дини

Ислом сўзи тинчлик, саломатлик, хотиржамлик маъноларини англатиб, замирида барча инсоний фазилатларни ифода этувчи сўздир. Ислом эзгулик, саховат, бағрикенглик ва илм дини ҳисобланади. У ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ҳаққа мойил, бағрикенг дин ила юборилдим”, деб марҳамат қилганлар.

Ислом дини инсонларни доимо бирдамлик, бир-бирига мурувватли бўлиш, минг йиллар давомида шаклланган ирқчилик, маҳаллийчилик каби салбий феъл-атворга қарши курашга ундаб келган. Тарихда илк бора бизнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барча пайғамбарларнинг оға-ини экани, уларнинг умматлари ҳам бир-бирига бегона эмаслигини айтганлар. Яҳудий ва Насронийларни мусулмонлар билан бир юртда, ҳар ким ўз динига эркин эътиқод қилиб, бир-бирига озор бермай яшашини жорий қилганлар. Умматларига улар билан тинчликда ва яхши муносабатда бўлишни қайта-қайта уқтирганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг юзлаб оятларида Ислом биродарлик, бағрикенглик дини экани ҳақидаги маъноларни нозил қилди. Хусусан, “Кафирун” сураси 6 оятида ; “Сизларга ўзингизнинг динингиз, менга ўзимнинг диним”, дея жавоб беришни ўргатди.

Пайғамбаримиз аҳли китоблар, зиммийлар билан доимо ҳусни муомалада бўлганлар. Уларга мактублар ёзар, касалини сўрар, ҳолидан хабардор бўлардилар. Бир куни у зот мусулмонлар, мушрик ва мажусийлар бор бўлган мажлис ёнидан ўтаётиб, унинг аҳлига салом бердилар, тоифачалик, динлараро тафовутга қарамай, биз умматларига бағрикенглик намунаси, одоб ўрнагини кўрсатдилар.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Яҳудий бўладими, насроний бўладими, мажусий бўладими, салом берса, алик олинг. Чунки Аллоҳ: “Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг”, деган.

Ислом дини зўравонлик, кишилар устида зулм қилиш, динга зўрлаб киритиш каби ишларни қаттиқ қоралайди. Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 256 оятида : “Динда зўрлаш йўқ”, деб қатъий сўзни айтган, одамларни ҳатто динга киритиш учун бўлса-да, бошқага зўравонлик қилишдан қатъий қайтарган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким аҳли зиммага озор берса, Қиёмат кунида мен унинг хусуматчисиман”, деб умматларини одам фарзандига озор беришини ман этганлар.

Ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг бир хизматчиси қўй сўйиб, терисини шилаётган эди. Шунда у киши хизматчига: “Эй бола, қўйни сўйиб бўлгандан кейин (тарқатишни) яҳудий қўшнимиздан бошлагин”, деди. Шунда ўша ердагилардан бири: “Яҳудийдан?! Аллоҳ сени яхшилардан қилсин”, деди. Абдуллоҳ: “Албатта, мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшнининг ҳаққи ҳақидаги васиятларини эшитганман. Ҳатто уни меросхўр қилиб қўярмиканлар, деб ўйлаб қолганмиз”, – деди.”

Ҳа, Исломнинг ўз умматига борадиган таълими ва талаби мана шу – бағрикенг бўлиш, фақат ва фақат тинчлик йўлида бирлашишдир. Бу маъно Ўзбекистоннинг “Бағрикенглик декларацияси”да ҳам кўрсатиб ўтилган бўлиб, унда: – “Бағрикенглик бўлмаса, тинчлик бўлмайди. Тинчликсиз эса тараққиёт бўлмайди”, дейилади.

Бағрикенглик хоҳ динда бўлсин, хоҳ дунёвий муомалот масалаларида бўлсин, инсониятга доимо яхшилик келтирган, унинг муваффақиятига хизмат қилган. Тарихга қарайдиган бўлсак, кечиримли бўлиш, бағрикенглик билан муомалада бўлиш инсониятга фақат манфаат келтирган.

 

Тошкент ислом институти талабаси

Ислом Аъзам

419010cookie-checkИслом – мурувват дини

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: