islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Исломда аёлларнинг ўрни

Муқаддас динимиз Исломда аёлларнинг ўрни ҳақида сўз юритишдан олдин Исломдан олдин аёлларнинг ҳурмати  қай даражада бўлгани ҳақида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро шунда Ислом аёллар қадр-қимматини қанчалар юқори кўтарганини англашимиз осонроқ бўлади.

Исломдан олдин аёлларнинг ҳуқуқлари поймол қилиниши билан бир қаторда инсонлик даражасидан ҳам маҳрум қилинган эди. Қайси бир оилада қиз бола туғилиб қолса, ўша оила мотам тутар ва кейинчалик ор-номус ва иқтисодий қийинчиликларга сабаб бўлмасин деб, гоҳо тириклайин кўмиб юборилар. Қўлига қурол кўтариб ёки от чоптириб душмандан ҳимоя қилмаган қўлидан бирор иш келмайдиган аёлларга мерос бериладими, деб, меросдан маҳрум қилинар. Мабодо эри вафот этиб қолса, ким биринчи бўлиб унинг устига ўз кийимини ташласа ўшанинг мулки бўлиб қолар ва хоҳласа ўзи уйланар ёки унинг маҳрига эгалик қилиб бошқага турмушга бериб юборар ёки хоҳласа чўри қилиб олиб қолар эди.Қисқа қилиб айтганда улар бир буюм сифатида қаралган. Аёлларнинг бундай хўрланишлари нафақат Исломдан олдинги Араб жазирасида балки унга қўшни бўлган бошқа Форс ва Рим каби тараққий этган жамиятларда ҳам мавжуд эди.

Дарҳақиқат Ислом келиб аёлнинг комил инсон ва мустақил шахс сифатида қадр-қимматни кўтарди ҳамда унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлади.Мулкка эга бўлиш, ўзи эга бўлган нарсаларни эркинлик билан тасарруф қилиш, таълим олиш, ўзи хоҳлаган кишига турмушга чиқиш ёки хоҳламаган кишисидан ажраш ҳаққини ҳамда эътиқод, ва фикр эркинлигини берди. Ислом юқорида айтиб ўтганимиздек баъзи тузумлардаги аёлларни хўрлаш ва камситиш, уларни эркаклардан паст даражага қўйиб, барча ҳуқуқларидан маҳрум қиладиган ҳолатларни инкор этди, бундай ноҳақликка чек қўйди. Аёлга табиий ҳаққини ва ҳурриятини бериб, илк дафъа аёлнинг жамиятдаги мавқеини юксалтирди. Эркак жамиятда қандай мавқеъга эга бўлса, аёл ҳам худди шундай мавқеъ касб этишиниҳамда аёл кишининг ҳаётидаги ўрни эркакнинг ўрнига мувофиқ ва тўлдирувчи эканини эълон қилди. Исломда аёллар нафақат илм, фан ва маданият соҳасида улкан ютуқларга эришганлар балки сиёсат майдонида ҳам сўз эркинлиги ҳуқуқига эга бўлганлар. Бир куни Умар розияллоҳу анҳу кўпчилик олдида никоҳланиш борасида аёлларнинг маҳрини чеклаш мақсадида насиҳат қилди. Шунда бир аёл туриб: “Эй Умар Аллоҳ чекламаган маҳрни сен чеклаб қўймоқчимисан”, деб эътироз қилди. Ушбу ҳақиқат олдида Умар розияллоҳу анҳу ўз хатосини эътироф этишдан бошқа чораси қолмаган эди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Дарҳақиқат,(Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик…” (Исро 70) деб таъкидлайди. Шу ўринда ана шу азиз ва мукаррам бўлган Одам фарзандлари ичига аёл ҳам киришини билиб қўйиш кифоя қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Видолашув ҳажи” хутбасида “Эй инсонлар! Аёллар борасида Аллоҳдан қўрқинглар дея инсонларга аёлларнинг ҳаққи борасида ниҳоятда эҳтиёт бўлишга чақирган эдилар.

Маълумки, Аллоҳ таоло башарият отаси Одамни яратиб, у сукунат ва лаззат топиши учун жуфти Ҳавони ҳам яратди. Уларнинг ўрталарига муҳаббат ва раҳматни солди. Инсоният силсиласини давом еттириш учун аёлга оналик бахтини, имконини берди. Янги туғилган қиз фарзандларга отанинг жаннатга киришига сабабчи бўладиган меҳрибон қизалоқ деб қараладиган бўлди. Бирор бир ҳолатда ҳам қаровсиз қолдирмайдиган ака-укаларнинг жигаргўша опа-сингилларига айландилар. Оилада аёл эрнинг иймони ва гўзал хулқини мукаммаллигининг ифода этувчи суюкли жуфти ҳалол бўлди.

Шу сабабдан ҳам аёл аввало, Она сифатида қадрланиб, жаннат унинг оёғи остида экани эслатилади. Қуръони каримнинг бир нечта оятларида онани эъзозлашга, унинг ҳаққини адо этишга буюрилган. Бежизга “Менинг гўзал суҳбатимга энг муносиб инсон ким?” деб сўрган саҳобийга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам уч маротаба “Онанг” деб жавоб бермаганлар.

Имом Абу Довуд “Сунан”ларида ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким учта қизни ёки уч сингилни вояга етказиб, тарбиялаб, яхшилик қилиб, уларни турмушга берса, бас у одам учун жаннат (бордир)”, деб марҳамат қилганлар. Демак қиз ва опа-сингилларимизнинг қадри шу қадарки, уларнинг таълим-тарбияси ва одоб-ахлоқига масъул бўлган кишини жаннатий бўлишига сабаб бўлмоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам оилада эр ўз жуфти ҳалолига чиройли муносабатда бўлишга буюриш билан бир қаторда, албатта, ўзлари ўрнак эдилар. У зот: “Яхшиларингиз аҳлига яхши бўлганидир. Мен аҳлим учун сизларнинг энг яхшиларингизман”, дея намуна бўлганлар.

Бир сўз билан айтганда аёл хеч бир ҳолатида эътиборсиз ёки таъминотсиз қолиб кетмайди. Зеро, қиз турмушга чиққунга қадар отанинг қарамоғида, сўнг эрнинг ҳимоясида, опа-сингил ака-уканинг ғамхўрлигида, она эса ўғил фарзанднинг кафтида эъзозда бўлади.

Оилада эркак киши аёл устидан раҳбар бўлиб, аёл унинг итоатида бўлиши оила мустаҳкамлиги, тинчлиги ва бирдамлигининг кафолати бўлиши билан бирга эркак устига кўпроқ масъулият юкланишидан бошқа нарса эмас.

Юқорида Ислом қадрлаган аёлнинг оилада она, қиз (фарзанд), опа-сингил, жуфти ҳалол эътиборидан қадрини зикр қилиб ўтдик. Аёлнинг жамият олдидаги қадри, шубҳасиз бундан кам эмас.Ислом биринчи бўлиб, аёл киши ҳам худди эркак кишидек тўлақонли инсонлигини эълон қилди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

У (Аллоҳ) сизларни бир жондан яратиб, ундан унинг жуфтини унга (уйланиб) таскин топиши учун пайдо қилган зотдир”. (Аъроф 189)

Ушбу ояти карима орқали эркак ва аёл одамликда, инсонликда яратилиш жиҳатидан тенг эканини кўрамиз. Демак динимизнинг таълимотига кўра аёл ва эркак бир бутуннинг икки парчаси кабидир. Бир-бирларини тўлдирадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак сўзларида аёл ва эркак ўртасидаги тенгликни баён қилиб: Аёллар эркакларнинг(тўлдирувчи) парчасидир, деб марҳамат қилганлар. Бошқа бир ҳадисларида: Аёл-эркак барча инсонлар тароқ тишлари каби бир-бирларига тенгдирлар, деб таъкидлаганлар. Улар орасида фазл ўлчови Аллоҳга тақво қилиш ва савобли ишларни амалга ошириш билан белгиланади. Айни шу эътибордан ҳам аёл шаръий таклиф ва буйруқларни бажаришда, ўзига хос шаръий узрлардан бошқа вақтда, худди эркаклар сингари бирдек масъул ва бирдек савобга эгадирлар. Аллоҳ таоло бу тўғрида шундай марҳамат қилган:

Ким у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл – мўминлик ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай” (Нисо, 124)

Ислом жамиятда аёлга инсоният тараққиётида ижобий ва фаол қатнашиши учун ўрин берган. Бунинг учун аввало унинг ўзига таълим олиш, маданий савиясини ошириш ва илмий ишлар билан машғул бўлиш ҳаққини берди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир”, деб илм олишнинг фарзлиги борасида аёлларни эркаклар билан бир ўринда зикр қилдилар. Бундай чақириқнинг жавоби ўлароқ Ислом жамиятида кўплаб олима аёлларни тақдим этди. Улар ҳам ўз ўрнида Абу Ҳанифа, Имом Бухорий, Замахшарий, Марғилоний, Навоий, ибн Сино, Амир Темур, Бобур каби олиму саркардаларни тарбия қилдилар.Зеро, “Ҳар бир буюк шахс ортида аёл туради”, деган сўз айни ҳақиқатдир.

Бу тўғрида мутафаккир шайх Саъдий Шерозий шундай дейди: “Илм – аёл учун зийнат. Ақлини нодонликдан халос этган ҳар бир аёл номус, иззат, аёллик қадрини тушуниб етади. Бундай аёл хеч бир ишда адашмайди. Илмсиз аёл эса бола тарбиялашда турли хатоларга йўл қўяди”.

Ислом аёл кишини жамиятда Ватани, халқи,оиласи, дини учун фойдаси етадиган ва аёллик хилқатига хос, заифалигига мос бўлган иш ва вазифаларда хизмат қилишига тўсқинлик қилмайди. Балки, бундай ишларга тарғиб қилиб, жамиятнинг фаол аъзоси бўлишга ундайди. Оиша онамиз “Аёлларингизни уйларга қамаб қўйманглар улар таълим беринглар ва тикиш-бичиш каби хунарларни ўргатинглар” деган сўзлари орқали аёлларни жамияти учун фойдали бўлган илм-ҳунар ўрганишларига чақирган. Ҳанафий уламолардан ибн Ҳумам “Агар аёлнинг хотинларга хос фарзи кифоя ишда ҳунари бўлса, унинг эри (ишга) чиқишидан ман қила олмайди” деган. Шу ўринда фозила аёлларнинг жамият учун керакли фарзандларни яхшилаб тарбиялаб ўстириши, оиласи мустаҳкамлигини сақлаши ҳам уларнинг жамият олдидаги вазифалари эканини унитмаслик лозим. Аёл миллат тарбиячиси экан, унинг маънавияти келажак тараққиётини ҳал қилувчи ёшларни вояга етказиш ва уларни комил инсон даражасига кўтаришда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, миллатни она яратади ва она тарбиялайди. Оқилалик, покизалик мисоли бўлган оналар юртимиз маънавиятининг асосини, маданиятимиз мазмунини ҳам ташкил қилади.

Муқаддас динимиз аёлларга уларнинг шаънига хос бўлмаган вазифалар юклаш билан уни беҳурмат қилишга, обрўсини тўкишга, фисқ йўлида ундан фойдаланишга, арзон иш кучи сифатида эзишга йўл қўймайди. Уларнинг аёллик латофати ва оналик қобилиятига салбий таъсир қиладиган ҳолатларга олиб келишга изн бермайди. Балки, бу катта жиноят, улкан гуноҳ ва жамиятнинг таназзулга юз тутишига сабаб деб қаралади.

ТИИ “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири

Фарҳод Жўраев 

422540cookie-checkИсломда аёлларнинг ўрни

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: