Соҳиби узр баданидан узлуксиз таҳорат синдирувчи нарса чиқиб турган кишидир. Масалан бавлни тута олмаслик, ич кетиши, узлуксиз ел келиб туриши, кўздаги касал сабаб ундан ранги ўзгарган, йирингли оқиб туриши, қулоқ ёки кўкрак ёки киндикдан қон оқиб туриши каби ҳолатлар киради. Киши соҳиби узр саналиши учун бир фарз намозининг вақти мобайнида таҳоратни бузадиган нарсадан холи бўлиб, таҳорат қилиб, намоз ўқиб оладиган вақт топа олмаслиги керак. Бу дегани унинг таҳоратини бузиб турадиган узри ўрта ҳисобда 6 ё 7 дақиқа ҳам тўхтамаслиги керак. Чунки 6 ё 7 дақиқада таҳорат қилиш ва камида тўрт ракат намоз ўқиш учун улгурса бўлади. Ислом шариати енгилликка асосланганлиги сабабидан узрли кишиларга ҳар намоз вақти учун таҳорат қилиш ва шу таҳорати билан бир намоз вақти ичида хоҳлаганича фарз, нафл намозларини ўқийверишига рухсат берган. Бунга Набиий соллаллоҳу алайҳи васаллам қони тўхтамаётган мустаҳоза аёлга: “Ҳар бир намоз вақти учун таҳорат қил”, деганларини далил қилиб келтириш мумкин. Соҳиби узрлар ҳақида гап кетганда энг аввало мустаҳоза аёл ҳақида айтиб ўтиш ўринли. Чунки бошқа узр соҳиблари мустаҳоза аёлга қиёсланади. Мустаҳоза аёл – ҳайзнинг ўнинчи кунидан кейин ҳам, нифоснинг қирқинчи кунидан кейин ҳам қон кўриб, қони тўхтамаётган аёлдир. Ҳайзнинг энг кам муддати бўлмиш уч кундан кам қон кўрган аёл ҳам, ҳомиладор бўлсада қон кўраётган аёл ҳам мустаҳоза саналади. Аёлнинг мустаҳоза саналиши ва унга тегишли ҳукмлар фиқҳ китобларида батафсил ёритилган. Мустаҳоза аёлни соҳиби узрлар қаторига киритиш ҳам киритмаслик ҳам мумкин. Демак, доим қон келиб турадиган аёлларнинг қони узлуксиз бўлса, ҳеч тўхтамаса улар узр соҳиблари қаторига кирадилар. Юқорида айтиб ўтганимиздек уларнинг узрлари бир намоз вақти ичида ақалли 6 ё 7 дақиқа ҳам тўхтамайдиган бўлади. Агар кун давомида оз-оз келиб турса, орада 10 ё 15 дақиқа бўлса ҳам тўхтаса улар узр соҳиби ҳисобланмайдилар ва ҳар намоз вақти учун эмас, ҳар бир намоз учун таҳорат оладилар. Намоз асносида қон келиб қолса қайта таҳорат қиладилар.
Узрли киши узри келиб турган вақтда таҳорат қилгач, яна узри келиб қолса таҳорати бузилмайди. Худди шундай узри тўхтаган вақтда таҳорат қилиб кейин узри келиб қолса ҳам таҳорати бузилмайди. Лекин узр келгани сабабли таҳорат қилса, сўнг таҳорат бузувчи бошқа нарса чиқса таҳорати бузулади. Масалан, бир кишини доимий бурни қонаб туради ва 7 дақиқа ҳам тўхтамайди. Шу сабабли у соҳиби узрлардан эди. Бир намоз вақти учун бир таҳорат қилиб ўша таҳорати билан истаганича намоз ўқир эди. Бурни қонайдиган киши таҳорат қилди, сўнг ундан бавл ёки ел чиқди таҳорати бузилади. Чунки унинг узри бурнининг қонаши эди. Ел чиқиши ёки бавл чиқиши унинг узри саналмайди ва шу сабабли таҳорати бузилади.
Агар бир кишини узри бурнининг бир тарафидан қон оқиши бўлса, у таҳорат қилса сўнг бурнининг бошқа тарафи қонаса узридан бошқа бетаҳоратлик етгани сабаб таҳорати ўша заҳоти бузилади.
Узрли кишининг таҳорати намоз вақти чиқиши билан бузилади. Масалан узри тўхтамай турган бир киши пешинни охирги вақтида таҳорат олган бўлса, сўнг аср вақти кирса таҳорати бузилади. Аммо агар узри тўхтаб турган бўлса намоз вақти чиқса ҳам таҳорати бузилмайди, чунки уни таҳоратини бузувчи нарса содир бўлмади.
Ҳамма яхши билиб олиши шарт бўлган энг муҳим учта масала бор.
Биринчиси − ҳар бир узрнинг бошланиш шарти. (Яъни бир инсоннинг соҳиби узрлар қаторига кириш шарти бор)
Иккинчиси− ҳар бир узрнинг давом этиш шарти. (Яъни бир инсоннинг соҳиби узрлар қаторида қолиши шарти бор)
Учинчиси− ҳар бир узрнинг тугаш шарти. (Яъни бир инсоннинг соҳиби узрлар қаторидан чиқиши шарти бор)
Соҳиби узрлар қаторига кириш учун унинг узри тўлиқ фарз намоз вақтини узлуксиз даражада қамраб олиши керак. Яъни пешиндан асргача бўлган вақтда узри умуман тўхтамай таҳорат қилиб намоз ўқиб олишга етадиган миқдорчалик ҳам пок бўлиб тура олмаслиги шарт. Узр соҳибиниг узри бир фарз намозининг тўлиқ вақтини қамраб олиши керак деб қайдлашдан мақсад, ҳайит ва зуҳо намозлари каби фарз бўлмаган намозларни чиқариб ташлашдир. Демак соҳиб узр саналиш учун фарз намози вақти аҳамиятли.
Инсоннинг соҳиби узрлар қаторида қолиб туриши шарти – ҳар намоз вақтида бир марта бўлса ҳам узри келишидир. Соҳиби узрлар қаторига кириб бўлган кишининг ҳануз узр соҳиби саналиши учун унинг узри тўлиқ намоз вақтида келиши шарт қилинмайди. Пешиндан асргача бўлган вақтда бир марта бўлса ҳам ҳам келса, у ҳамон соҳиби узрлардан экани маълум бўлади.
Инсоннинг соҳиби узрлар қаторидан чиқиш шарти – унинг узри тўлиқ бир намоз вақтида тўхташидир. Яъни пешиндан асргача бўлган вақтда умуман бир марта ҳам узри келмаслигидир. Бир намоз вақтида бирор марта ҳам узри келмас демак у шаръий узрлилар қаторидан чиқиб кетади.
Бир киши тишини пешин намози киришидан бироз олдин олдирса тиш қонаши тўхташини намознинг охирги вақтигача кутади. Агар тўхтамаса таҳорат қилиб намознинг охирги вақтларида ўқийди. Пешин намозини охирги вақтларида ўқиганидан сўнг пешин намозининг вақти чиқиб кетишидан олдин тиш қонаши тўхтаб қолса, демак бу киши узр соҳиби эмаслиги маълум бўлиб қолади. Ўқиган намозини қайтадан иаҳорат билан ўқиши лозим бўлади. Қайта таҳорат қилиб келганида пешин вақти тугаб қолса ҳам бу кишидан намоз соқит бўлмайди, қазосини ўқийди. Тиши қонаётган кишининг қони пешин намозининг вақти тугасада тўхтамаса энди ўқиган намозини қайта ўқимайди. Чунки унинг ҳақиқий соҳиби узр эканлиги маълум бўлди, унинг узри тўлиқ фарз намози вақтини қамраб олди.
Соҳиби узрларга тегишли яна бир қанча масалалар бўлиб, қуйида улар ҳақида сўз юритамиз.
Агар бир кишининг оёғи жароҳатланган бўлиб, намоз асносида тик турса қон оқиб, ўтирса оқмайдиган ҳолатда бўлса намозини ўтириб ўқийди.
Агар кишининг бавл томчилаш узри бўлса, тик турганда томиб, ўтирганида тўхтаса, намозни ўтириб ўқийди.
Агар кишининг жароҳатидаги қон тик турса ҳам ўтирса ҳам оқадиган бўлса, фақат ётиб олганда тўхтайдиган бўлса, тик туриб намозини ўқийди.
Соҳиби узрдан чиқаётган нарсалар барчаси нажас саналади. Ушбу нажосатлар унинг кийимларига тегса, дирҳам миқдоридан кўп бўлса, уни тозалаш шарт бўлади. Намозга киришишдан олдин кийимини поклайди. Сарахсий (ра) айтадилар: Агар намоз асносида кийим нажас бўлиб қолса кийимни поклаб қайта ўқийди. Бу иш икки марта такрорланса, қайта покламай намозини ўқийверади. Муқотил (ра) ҳар намоз учун бир марта кийим алмаштириши етарли дейдилар. Ел чиқиб турадиган соҳиби узр киши бавл чиқиб турадиган соҳиби узр кишига намозда иқтидо қила олмайди. Чунки ел чиқадиган кишидан кўра бавл чиқиб турадиган кишининг ҳолати ёмонроқ. Чунки унинг кийимида ҳам нажосат бор. Бу вазиятда имом икки узр соҳиби, унга эргашувчи эса битта узр соҳибидир. Худди шунингдек бавл томчилаб турадиган узри бор киши ел чиқиб турадиган ва жароҳатидан қон томиб турадиган кишига иқтидо қила олмайди. Бу вазиятда ҳам имомнинг иккита, эргашувчининг эса битта узри бор. Иқтидодаги қоида эса имомнинг ҳолати муътамнинг ҳолатидан яхшироқ бўлиши кераклигини тақозо қилади. Соҳиби узр кишиларнинг таҳоратлари намоз вақти чиқиши билан бузилади. Бу қавл Абу Ҳанифа (ра) ва Муҳаммад (ра) га оид. Абу Юсуф (ра) намоз вақтининг кириши ҳам, чиқиши ҳам уларнинг таҳоратини бузади дейдилар. Зуфар (ра) эса намоз вақтининг кириши уларнинг таҳоратини бузади дейдилар. Имомлар ўртасидаги ушбу ихтилофнинг фарқини қуйидаги масаладагина тушуниш мумкин. Айтайлик, соҳиби узр киши бомдод намози вақти кирганида таҳорат қилди, сўнг қуёш чиқди. Бу вазиятда учта имомизга кўра узр соҳибининг таҳорати бузилди. Чунки бомдод намозининг вақти чиқди. Зуфар (ра) га кўра эса унинг таҳорати бузилмади. Чунки пешин вақти кирмади.
Соҳиби узр қуёш чиқиб бомод намозининг вақти тугаб бўлганидан сўнг таҳорат қилса Абу Ҳанифа (ра) ва Муҳаммад (ра) га кўра унинг таҳорати бузилмайди. Чунки у киши пешин намози вақтига кирди. Қуёш чиққанидан сўнг чиқиб кетаётган намоз вақти топилмади, аксинча пешин вақти кирди. Абу Юсуф (ра) унинг таҳорати синди дейдилар. Чунки у кишига кўра вақтнинг кириши ҳам чиқиши ҳам соҳиби узрнинг таҳоратини синдиради.
Зуфар (ра) га кўра ҳам унигг таҳорати бузилади. Чунки у кишининг қоидаларига кўра намоз вақтининг кириши соҳиби узрнинг таҳоратини синдиради.
4-курс талабаси Файзиева Зулайхо