islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва муносиб нишонлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлаш, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага ҳисса қўшган уруш ва меҳнат фахрийларига ҳамда Ватан равнақи, тараққиёти ва унинг ҳимояси учун курашган буюк аждодларимизга алоҳида эътибор ва чуқур эҳтиром кўрсатиш, шунингдек мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари хотирасини улуғлаш юртимизда олийжаноб қадриятга айланган.

Халқимизнинг Ватан ҳимояси йўлидаги юксак мардлик ва қаҳрамонликлари барча авлодлар учун намуна ва ибрат мактаби вазифасини бажариб келмоқда. Хусусан, Иккинчи жаҳон урушига ўзбекистонликларнинг 2 миллионга яқини сафарбар этилиб, шундан 538 минг нафардан ортиғи жанг майдонларида қаҳрамонларча ҳалок бўлган, 158 минг нафардан ортиғи бедарак йўқолган, мустақиллик йилларида 200 нафарга яқин ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари мамлакатимизнинг тинчлиги ва осойишталиги йўлида ўз жонини фидо қилганлар.

Биз тинчлик ва мустақиллик учун ўз жонини аямаган ота-боболаримиз ва мард ўғлонларимизнинг улкан жасорати, матонати ҳамда фидойиликларини юрагимизда абадий сақлаймиз.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига пухта тайёргарлик кўриш, уни юксак даражада ўтказиш, Ўзбекистон халқининг тарихий қаҳрамонлиги, фидокорона меҳнатини улуғлаш, ёш авлодни она Ватанга садоқатли, бугунги тинч, осойишта ҳаётни асраб-авайлашга қодир инсонлар этиб тарбиялаш мақсадида:

1. Кенг жамоатчилик вакилларининг юртимизда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини (кейинги ўринларда – Хотира ва қадрлаш куни) “Ватан равнақи, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди” шиори остида ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар:

9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 1-иловага мувофиқ;

9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ишчи гуруҳ (А. Арипов):

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, халқимиз тинчлиги, мамлакатимиз равнақи йўлида жасорат ва фидойилик кўрсатган юртдошларимизни хотирлаш, айни вақтда ҳаёт бўлган меҳнат фахрийлари ва кексаларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга қаратилган тадбирлар юқори савияда ўтказилишини ташкил этсин;

ушбу тоифадаги шахсларнинг яшаш жойига давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари, ҳарбий қисмлар командирлари, давлат ва жамоат арбоблари, фахрийлар, фан, маданият ва санъат намояндалари, ёшлар, шу жумладан, “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати аъзоларининг ташрифларини, улар кўрсатган мардлик ва жасоратнинг аҳамиятини тарғиб қилишга қаратилган маънавий-маърифий тадбирларни ташкил қилсин;

ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг яшаш жойларини таъмирлаш, ободонлаштириш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин;

Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчиси ва унинг оқибатида ногирон бўлган шахслар, фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилишини таъминласин;

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва унинг оқибатида ногирон бўлган шахсларга ҳамда 1941–1945 йиллардаги уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан бир йўла тўланадиган пул мукофоти тантанали равишда топширилишини ташкиллаштирсин;

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва унинг оқибатида ногирон бўлган шахсларга, фронт орти меҳнат фахрийларига “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” юбилей медалларини тантанали равишда топширсин;

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва унинг оқибатида ногирон бўлган шахсларнинг ҳар бирига тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда уларни парвариш қилиш мақсадида тиббиёт мутахассисларини белгиланган тартибда шартнома асосида бириктирган ҳолда доимий равишда патронаж хизматини йўлга қўйсин;

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийларига уларнинг хоҳишларига кўра республика ҳудудидаги санаторийларга бир нафар кузатувчиси билан бир марталик бепул йўлланмалар тақдим этилишини таъминласин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Маданият вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Спорт вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, шаҳар ва туманларда Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича комплекс тадбирларни амалга оширсин;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларидаги “Ватанпарвар” боғлари ва бошқа белгиланган жойларда давлат ва жамоат арбоблари, фахрийлар, фан, маданият ва санъат намояндалари, ёшлар, “Темурбеклар мактаби” ва Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий-академик лицейлар ўқувчилари, шу жумладан, “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати аъзолари иштирокида “уч авлод учрашувлари”ни ташкил этсин;

кўчалар ва майдонлар Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган кўргазмали тарғибот ва ташвиқот воситалари билан безатилишини таъминласин.

5. Белгилансинки, Хотира ва қадрлаш куни тадбирларини ўтказиш ҳамда турли ҳудудларда истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийлари вакилларини ушбу тадбирларга жалб қилиш билан боғлиқ барча харажатлар:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – тегишли маҳаллий бюджетлар ҳамда ҳомийлик хайриялари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан;

Тошкент шаҳрида – Тошкент шаҳри ҳокимлиги захира маблағлари, ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан;

миллий ва замонавий спорт турлари бўйича хотира турнирлари ҳамда “Мен ғолиб” югуриш марафонлари – Дастурда белгиланган масъул ижрочи вазирлик, идоралар ва ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан қопланади.

6. Мудофаа вазирлиги Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда “Янги Ўзбекистон” боғида 2025 йил 9 май куни соат 21.00 да Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам салюти ва мушакбозлигини ташкил қилсин.

7. Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тантанали тадбирлар ўтказиладиган ҳамда байрам салюти ва мушакбозлиги ташкил этиладиган жойларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрсин.

8. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёев

438050cookie-checkИккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва муносиб нишонлаш тўғрисида

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: