islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Асрга татигулик умр

ХIХ асрда яшаб самарали ижод қилган буюк аллома Абулҳасанот Муҳаммад Абдулҳай ибн Муҳаммад Абдуҳалим Ансорий Лакнавий ал-Ҳиндий Ҳанафий 1264/1447-йил зулқаъда ойининг йигирма олтинчисида Ҳиндистоннинг Банда шаҳрида уламолар оиласида дунёга келган. Отаси мавлоно Муҳаммад Абдулҳалим ўз асрининг йирик олимларидан бўлиб, бир қанча машҳур китоблар муаллифидир. Алломанинг насаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абу Айюб Ансорийга бориб тақалади.

Абдулҳай Лакнавийнинг болалик чоғларидан зеҳни ўткир, ёдлаш қуввати кучли эди. Ўн ёшида Қуръони каримни мукаммал ёдлаб, одатга кўра таровеҳ намозида имомликка ўтди. Каломуллоҳни ёдлаш асносида форсий китоблар, ҳаттотлик, иншо ва бошқа зарурий илмларни ўрганди.

Сўнгра сарф, наҳв, маъоний, баён, мантиқ, ҳикмат, тиб, фиқҳ, усулул фиқҳ, илмул калом, ҳадис, тафсир ва бошқа кўплаб шариат илмларини мукаммал ўзлаштирди. Шунингдек, ҳисоб, риёзат, астрономия, тиб, аъруз илмларидан ҳам сабоқ олди. Натижада у барча илмларда юксак даражаларга эга бўлди.

Абдулҳай Лакнавийнинг устозлари жуда кўп бўлиб, улардан Аҳмад ибн Зайн Дихлан Маккий, Шайх Муҳаддис Абдулғаний ибн Абу Саид Деҳлавий, Шайх Али ал-Ҳаририй Малик Башилий Маданийларни эслаб ўтишимиз мумкин.

Аллома икки бор Аллоҳнинг байтини тавоф этиш ва Набий соллаллоҳу алйҳи васалламнинг равзаи шарифларини зиёрат қилишга мушарраф бўлди.

Алломанинг илмий йўлини давом эттирувчи шогирдларидан Аллома муҳаддис шайх Муҳаммад Абдулбоқиял-Маданий (1364-ҳижрий санада вафот этган), Аллома Муҳаммад Ҳафизуллоҳ ал-Бандавий (1342-ҳижрий санада вафот этган), Шайх Абулбақо Абдулҳаким ибн шайх Мулла Абдурроб ибн Малик ул-Уламо, Баҳрул-улум аллома Абдул Али ал-Лакнавийларни санаб ўтиш мумкин.

Аллома 18 ёшидан китоблар ёза бошлаган. У 39 йиллик қисқа умри давомида 120 га яқин асарлар таълиф этган. Улардан 7 таси сарф ва наҳв, 12 таси мантиқ, 17 таси мунозара, 70 дан ортиғи фиқҳ, сийрат ва ҳадис илмларига оид.

Шайх Абдулҳай Лакнавий Ҳанафий мазҳабининг асоси бўлган “Жомеъул кабир” ва “Жомеъус сағир” асарларини кенг ва муфассал равишда шарҳлаб берган. Алломанинг “Табақотул Ҳанафия”, “Фавоидул баҳийя фи тарожими Ҳанафийя” асарлари ушбу мазҳаб уламоларининг даражаларини ва мўътамад манбаларини ўрганишда асосий қўлланмалардан бирига айланган.

Абдулҳай Лакнавийнинг “Нафъул-муфтий вас саил бижамъи мутафарриқоти масаил” асари турли масалаларни ўз ичига олган фойдали манбадир. Ушбу асарда ибодатларнинг афзали бўлмиш намоз, шунингдек, мусулмон киши бажариши жоиз бўлган ва жоиз бўлмаган амалларга оид масалалар ёритилган. Муаллиф ушбу асарда Ҳайдарободда истиқомат қилган вақтида ўзидан сўралган саволларни ва уларнинг жавобларини жамлаган. Муаллиф асарни 1287-ҳижрий йилнинг зулҳижжа ойида таълиф этган.

“Нафъул-муфтий” асари савол-жавоб усулида ёзилган. Муаллиф ушбу савол-жавобларни бобларга ажратган ва мўътабар матн китоблари тартибида келтирган. Асар 4 китоб ва унинг таркибига кирувчи 35  бобдан иборат.

“Нафъул-муфтий” асари ҳанафий мазҳабида муҳим манбалардан ҳисобланиб, унда мазҳабдаги энг афзал кўрилган қарашлар ва фатволар жамланган. Мана шу жиҳатдан асар ҳанафий мазҳабида муҳим аҳамият касб этади.

“Нафъул-муфтий” асари алоҳида амалий аҳамиятга ҳам эга. Ҳанафий фиқҳидаги таҳорат, ғусл, намоз, эр-хотин, ота-оналар, болаларнинг ўзаро ҳуқуқ ва бурчлари, бола тарбияси, қариндошларнинг ўзаро муносабатлари каби масалаларнинг ўзига хос жиҳатларини ўрганиш ва унинг ижобий ютуқларидан амалиётда фойдаланиш мумкин.

“Нафъул-муфтий” асарини ўрганиш натижасида ҳанафий фиқҳи, ҳуқуқшунослик мактаблари яратилишига сабаб бўлган фиқҳий услублари, уламолар ва уларнинг асарлари ҳақида муфассал маълумотларга эга бўлинади, ҳанафий фақиҳларининг бу соҳадаги Беназир илмий хизматлари ва қолдирган илмий мерослари билан танишиш имконини беради. “Нафъул-муфтий” асари фиқҳ китобларида тарқоқ ҳолда бўлган кучли қарашларни бир шаклда тасниф этиш ва тартибга келтириш, натижада барчага Ҳанафий фиқҳини осонлаштириб, мусулмонларнинг бирлигини сақлаш мақасадида кўзга кўринган, забардаст уламолар томонидан ёзилган асарлар асосида таълиф этилган. Асарни ўқиб, ўрганиш натижасида муаллиф қанчалик илғор салоҳият эгаси эканини ва ўз замонасининг буюк уламоси бўлганига гувоҳ бўламиз. Зеро, асарда ниҳоятда долзарб ва мунозарали масалаларни ёритишда ҳанафий мазҳабига оид 100 дан ортиқ манбалардан, мазҳаб уламоларининг энг саҳиҳ фатво ва сўзларидан фойдаланилган.

Шайх Абдулҳай Лакнавий 1304/1887-йил робиул аввал ойининг охирги кечасида вафот этган.

Буюк аллома Абул Ҳасонот Абдулҳай Лакнавий ҳаёт йўли ва илмий ижоди, илм талабидаги саъй-ҳаракатлари, таҳсил олиш жараёни, ибодати, зуҳд ва тақвоси, эътоқоди мустаҳкам ва суннатни маҳкам ушлаши, ҳамиша яхшиликка чорлаб бидъатларга қарши курашиши каби хислатлари билан барча учун бетакрор ибрат мактабидир.

Тошкент ислом институти битирувчиси
Т.Исамуҳамедова

72870cookie-checkАсрга татигулик умр

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: