Сўз мулкининг султони, ғазалнавис олим Алишер Навоий хазратларини биз назмга моҳирликлари билан таниймиз. Ҳақиқатдан ҳам, ҳар қандай мавзуни гўзал ташбеҳлар, истиора-ю, киноялар билан ёритишни ҳар қандай сўз устаси ҳам уддасидан чиқа олмайди. Буни исботи ўлароқ, хазратнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги муножотларни қисқача баён қиламиз.
“Муножот” (مناجاة) сўзи араб тилидан олинган, ўзаги эса ناجى бўлиб, “секингина ошкор қилмоқ”, “юракдан суҳбат қурмоқ”, “ҳеч кимга билдирмай алоқада бўлиб турмоқ” маъноларини билдиради. Муножот- مناجاة сўзи эса, “махфий суҳбат” маъносини билдиради.
Истилоҳда Аллоҳга арзи ҳол қилиб, нажот, мадад сўрашдир.
Шунга кўра Навоийнинг ҳар бир муножотларининг сўнггида арзи ҳол қилиб, нажот, ёрдам сўраш бор.
Биринчи муножотда шоир Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зотий сифатларини, гўзал ташбеҳлар билан ўхшатганларини кўрамиз.
Ей Сангга мабдаъда абаддек азал,
Зоти қадиминг абадий ламъ язал.
Не бўлуб аввалда бидоят Санга,
Не келиб охирда ниҳоят Санга.
Аввал Ўзунг, охиру мобайн Ўзунг,
Борчаға Холиқ, бориға айн Ўзунг.
Махлуқотларнинг ҳодис- йўқдан бор қилинганини баёни:
Не сочибон кун юзи барги суман,
Не кечанинг турраси мушки Хўтан
Не очибон кўкда шафақ лолалар,
Не ёғиб анжумдин анга жолалар.
Не еру не ер юзида бир киши,
Не кўку не ғайри ситам ер иши.
Бирлик эдию ададе йўқ эди.
Бирдан ўзга аҳаде йўқ эди.
Аллоҳ таоло инсонни гўзал суратда, илмли қилиб яратгани ҳақида шундай дейдилар:
Ганжинг аро нақд фаровон эди,
Лек боридин ғараз инсон эди.
Турфа камолингға доғи комил ул,
Сирри ниҳонингға доғи ҳомил ул.
“Каррамано” келди маноқиб анга,
“Аҳсани тақвийм” муносиб анга.
Маърифатинг ким қила олмай сифат,
Қилдинг ани орифи ул- маърифат.
Илмиға ҳар зотни хайл айладинг,
Зотиға оламни туфайл айладинг.
Ҳар бир муножотнинг сўнггида эса, хазрат Навоий Аллоҳ таолога ниятларини сўраб дуо қилиб ёлворадилар:
Айла Навоийни бурун одамий,
Ким бўла олғай бу ҳарам маҳрами.
Ончаки розингға амин қил ани,
Ҳарне қилурсен яна сен бил ани.
Иккинчи муножотда оламнинг яратилиши ҳақида сўз кетади:
Мунчаки афлок сабуксанг эрур,
Ё кураи хок куҳанланг эрур.
Сендин алар жунбишу ороми ҳам,
Ўйлаки, ижоди ҳам, эъдоми ҳам.
Гунбади мино била тоқи сипеҳр,
Ким анга шамъ анжум эрур, шамса- меҳр.
Давомида, қиёмат соати келганда оламнинг остин-устун бўлиб кетиши шундай ўхшатилган:
Ер тутубон авжу фалак таҳ тушуб,
Гаҳ бу чиқиб юқори, ул гаҳ тушуб.
Ўт қилибон баҳрда ғаввослиқ,
Тоғ этибон чарх узра раққослиқ.
Чарх мисосида булутдек ғирев,
Девзада ўйлаки кўрганда дев.
Тоғу фалакларда тароқо-тароқ,
Борча тароқида аён алфироқ.
Биргина Холиқ зот боқий қолиб, махлуқларнинг барчаси фано бўлиши ҳақида:
Тенгри қолиб боқию дайёр йўқ,
Ёр муаббад бўлуб ағёр йўқ.
Арзу фалак йўқидину боридин,
Борчанинг ихфосию изҳоридн.
Иккинчи муножотнинг сўнггида, Навоий охират диёрига кетар чоғида Аллоҳдан иймонини ҳамроҳ қилишини сўраб илтижо қиладилар:
Ё Раб, агар етсамўшул кунга жазм,
Ёки бурун айласам ул ёнға азм.
Ул нафас иймон манга ҳамроҳ қил,
Кўнглум аро маҳви сиваллоҳ қил.
Раҳмати омингни нисор эт манга,
Лутфи амийминг манга ёр эт манга.
Учинчи муножотда ҳам олам йўқдан бор қилинганини баёни давом этади.
Қатрағача қулзуми заххордин,
Заррағача шамсаи заркордин.
Они мунга, муни анга банд этиб,
Бир-бирига борчани пайванд этиб.
Воситалар бўлди аён тў-батў,
Бир-бирига боғланибон мў-бамў.
То тикилиб ушбу бийик боргоҳ,
Бўлди муҳайё бу улуғ коргоҳ.
Ҳисоб-китоб кунида инсонларнинг ҳоли оғир кечади. Ҳамма ўзи ҳақида қайғуриб бошдан оёққача терга ботади.
Не кун ўшул оҳу надомат куни,
Оҳу надомат не, қиёмат куни.
Аввалу охир эли зору асир,
Ҳар бир ўз аҳволиға тортиб нафир.
Бу чекиб ўз дарди учун вой-вой,
Йиғлаб ул ўз меҳнатиға ҳой-ҳой.
Қайси фиғонким жазаи маҳшар ул,
Қайси йиғиким фазаи акбар ул.
Номалар эл оллиға паррон бўлуб,
Кўрмагидин эл юраги қон бўлуб,
Борчаси исён била бадхўйлуқ,
Бадхўйлуқ йўқки, сияҳрўйлуқ.
Қизға ано боқмай, ўғулға ато,
Борчасининг оғзида “Воҳасрато!”
Муножот сўнггида Аллоҳ таолони қиёмат куни Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларини Ўзининг мағфирати ва раҳматига шерик қилишини айтиб, шу шафоат ва раҳмат-у мағфиратга Навоий ўзларини ҳам дохил қилишини илтижо қилиб сўрайдилар:
Умматидин келса бир ул навъ хайл,
Ким бориға бўлса жазо чоҳу вайл.
Умрида келмай биридин бир амал,
Ғайри хатоеки, топиб дин халал.
Жонлари андуҳ ўтидин ғам аро,
Юзлари исён тутунидин қаро.
Истаса ул қавм халосини ҳам,
Кўзига учрат мен осийни ҳам.
Тўртинчи муножот- сўнгги муножот бўлиб, унда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг чексиз лутфу-карам соҳиби экани айтилади:
Ей караминг оллида кўҳи гуноҳ,
Елга учуб ўйлаки бир парри коҳ.
Жумла жаҳон аҳли хато қилсалар,
Журм билан нома қаро қилсалар.
Номани оқ айламак осон Санга,
Ким йўқ ўшул амрда нуқсон Санга.
Лутф қуёшиға чу бердинг зуҳур,
Меҳр ила қилдинг бори зулматни нур.
Ё Раб, урарда караминг баҳри жўш,
Чексалар ул хайл фиғону хурўш.
Гарчи гунаҳнинг ҳаду поёни йўқ,
Айламасанг раҳм ҳам имкони йўқ.
Чун чекибон лутф саропардасин,
Кечсанг алар кардау нокардасин.
Муножот сўнггида хазрат Аллоҳ таолонинг лутфу карамини сўрайдилар. Бу бандасига Жаннат ҳам, неъматлар ҳам, ҳурлар ҳам керак эмаслигини, фақатгина, Ўзининг жамолини исташини айтадилар. Бу орифлар истаги-ўтинчидир.
Бўлса наво бирла бори муҳтарам,
Айлама маҳрум Навоийни ҳам.
Ермас анга ҳур ила Жаннат ҳавас,
Сен анга бўлғилки, анга ушбу бас.
Аллоҳ барчаларимизни Ўзининг ҳусну жамоли билан сийланадиган бандаларидан қилсин!
Муаллиф бежизга аввал муножотни ёзмади. Унда Аллоҳ таолонинг зотий ва субутий сифатлари ҳақида, оламнинг ва махлуқотларнинг яратилиши, қадар, қиёмат соати, қайта тирилиш ва ҳисоб-китоб, бир сўз билан айтганда ақоид баён қилинган. Булар шунчаки тўрт муножот эмас. Бу муножотлар билан муаллиф бошлаган иши масъулиятли ва муҳим бўлгани сабабли Аллоҳдан мадад сўраган, Унга илтижо қилган, қалбидаги нидосини баён қилган. Ажаб эмаски, Аллоҳ таоло у зотларни мана шу ўтинчлари, ожиз бандага хос нидолари сабабидан бу кунгача тилларда ва ёдларда тирик қолдирган. Шунинг учундирки, дунёнинг ҳар бир қисмидаги олимлар бу инсоннинг ҳаётига қизиқади, уни ўрганишга ҳаракат қилади, лекин булар билан шарҳлар ҳам фикрлар ҳам, хулосалар ҳам ниҳоялаб қолмайди. Аллоҳ таолони ва Пайғамбарини улуғлаган банда қандай қилиб азиз бўлмасин?! Улар бу эътиқод ва тарихни кейинги авлодга омонат ўлароқ етказишган. Хазрат Навоий сўзга ҳақиқатда моҳир эканларини Ислом эътиқодини байтларда гўзал ўхшатишлар билан акс эттирганларида кўришимиз мумкин.
403-гуруҳ талабаси
Назруллаева Мухлиса