1123 йилда Фарғонанинг Риштон шаҳрида туғилган Бурҳонуддин Марғиноний ўзининг асарлари билан мусулмон дунёсида шуҳрат қозонган машҳур фақиҳ ва таниқли олимдир.
Янги туғилган чақалоққа Али ибн Абу Бакр исми берилди. У Марғилон, Бухоро, Самарқанд ва Мавроуннаҳрнинг бошқа шаҳарларида бошланғич диний таълимни олди. Унинг биринчи устози, уни болалик давридан катта меҳр ва муҳаббат билан тарбия қилган, юксак билим соҳиби, отаси Абу Бакр ибн Абдулжалил ибн Халил эди. Ёш Али бир вақтнинг ўзида таниқли олимлардан ҳам дарс олди. Араб тилини чуқур ўрганиб, Қуръони каримни ёд олди.
Кейинчалик, фиқҳга қизиқиши уйғониб, ҳаётининг асосий қисмини шу илмга бағишлади. Саъйи ҳаракатлари самараси улароқ у мусулмон дунёсига ноёб асарлар тақдим қилиб “Шайхул Ислом” ва “Имом” номлари билан танилди.
Олим ўз устозларига ҳурмати ва миннатдорчилигини намоён этиб 40 тадан зиёд уламоларга бағишланган “Шайхлар ҳақида китоб” ни ёзди.
Марғиноний “Фиқҳ” йўналиши бўйича “Бидаятул Мубтадий”, “Кифаятул мунтаҳий”, “Нашрул мазҳаб” , “Китабул мазид”, “Маносикул ҳаж”, “Мазид фи фуруъул ҳанафий”, “Китабул тажнис вал мазид” каби китоблар таълиф этди.
Бурҳониддин Марғиноний 13 йил давомида ёзган энг машҳур асари “Бидаятул мубтади”нинг бошида: “Ёшлигимда барча масалаларни ўзида қамраб олган фиқҳий тўпламни қўлга киритишни орзу қилардим. Бир сафар Ироқда бўлганимда, “Мухтасарул Қудурий” (Абулҳасан ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Қудурий) фиқҳига бағишланган ноёб асарга эга бўлдим. Илгари мен ўша даврнинг машҳур олими Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг “Жомеъус сағир” фиқҳий китобига қизиқиб қолгандим. Кейин мен бу икки асарни бирлаштириб “Бидаятул мубтадий” деб номланган асарни яратмоқчи бўлдим”. Имом бу китобга шарҳ ёзиб, 8 та жилддан иборат “Кифоятул мунтаҳий”ни ёзиб тугатди. Кейинчалик, Самарқандда 1178 йилда 57 та китобдан ташкил топган ва бўлимларга ажратилган 4 жилдли “Ҳидоя” асарини яратди.
Ўрта аср Шарқининг буюк фақиҳи “Ҳидоя”сининг ҳар бир китобини ислом қонунчилигининг маълум бир соҳаси тавсифига бағишлаган. Олим, маълум бир ҳуқуқий меъйёрни қўллаб-қувватлайдиган манбаа сифатида Пайғамбар алайҳиссалом, саҳобалар ва бошқа фақиҳларнинг, жумладан мавроуннаҳрлик сафдошларидан далиллар келтиради.
Шундай қилиб, “Ҳидоя” китоби ибодат (намоз, рўза, закот, ҳаж), никоҳ, оилавий муносабатлар ва ажрим, ҳадлар, савдо-содиқ каби масалаларга бағишланган. Шу билан бирга, у вақф, мулкдор ва фуқаролик ҳақ-ҳуқуқларини бан қилган. Асарда ҳуқуқбузарликка, далиллар билан ишлаш, суд-ҳуқуқ тизими, жиноят турларига, гувоҳлар ва сохта гувоҳларнинг шаҳодатига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, асар пул муносабатлари, боғдорчилик, деҳқончилик, ерга эгалик қилиш, мерос мулклари билан боғлиқ муаммоларни қамраб олади.
“Ҳидоя”, бошқа фиқҳий манбалардан мантиқий ва мавзулар бўйича тартиблангани билан фарқ қилади.
Бу ноёб ҳуқуқий қонунлар аждодимиз Имом Марғиноний вафот этганидан кейин ҳам минг йил давомида ўз аҳамиятини йўқотмаган. Унинг иши олимлар томонидан чуқур ўрганилган ва кўплаб маротаба шарҳлар ёзилган, чунки унда жуда муҳим ва долзарб муайян ҳаётий масалалар ҳал этилган бўлиб, ҳозиргача амалий қўлланма сифатида фойдаланилмоқда.
Бурҳониддин Марғинонийнинг бу асари, асосан, юртимизда, кейинроқ эса Шарқ ва Ғарбда кенг тарқалган. Форс, инглиз, рус ва бошқа тилларга таржима қилиниб, Ислом фиқҳи бўйича кўплаб китобларнинг вужудга келишида манба бўлиб хизмат қилди.
Мазкур асарнинг қўлда ёзилган нусхалари ҳозирги пайтда жаҳоннинг кўплаб илмий фондларида сақланмоқда. Бу асар ўша давр ҳуқуқшунослиги ва бой тарихга эга бўлган илмий меросимизни ўрганиш учун маълумотнома вазифасини ўтайди.
Олим Самарқандда яшаган ва ижод қилган. Кўпгина тадқиқотчилар, Имомнинг Самарқанддаги (400 та Муҳаммад исмли фақиҳлар дафн этилган) “Турбатул Муҳаммадийин” қабристони яқинида дафн этилганлиги ҳақида хабар беради. Халқ орасида, Бурҳониддин Марғинонийнинг исми Муҳаммад бўлмагани учун жасадлари “Турбатул Муҳаммадийин” (Муҳаммадлар ҳоки) қабристонига қўйилмай, йўлнинг нарги томонига кўмилган, деган гап юради. Лекин тадқиқодчи олим Комилхон Каттаевнинг илмий изланишларига кўра, Марғиноний қабрининг Самарқанднинг Хатирчисида эканлиги билан боғлиқ маълумот фақат тахминдан иборатдир. Комилхон Каттаев “Чокардиза” қабристонидан 100 метрча узоқликдаги ҳовлида туғилиб ўсган ва илмий фаолиятининг асосий қисмини шу масканни ўрганишга бағишлаган. Шунга қарамай, мавзени яхши биламан, дейишдан ҳамма вақт тийилганини таъкидлайди. Тадқиқодчининг бобоси Нақшбандия тариқатининг сўнгги муршидларидан бири Каттахонтўра Даҳбедий (1868-1969 йиллар) Чокардизадаги Имом Мотуридий ва Марғинонийларнинг қабрини XIX аср охирида зиёрат қилган. XX аср бошида ушбу қабрлар устига уйлар қурилганлигини ўз кўзи билан кўрган экан. Лекин Каттахонтўра Даҳбедий ўлимидан олдин қабрлар ўрнида қурилган ҳовлини кўрсатган, холос. Ўша давр самарқандлик олиму зарифлар ҳам бу қабрларнинг аниқ жойини қурилишлар сабаб эсдан чиқаришган.
Ҳозирги Марғилон шаҳрида имомнинг рамзий мақбара ёдгорлиги бунёд этилган.
Бурҳонуддин Марғинонийнинг ҳаёти ва ижодига Ўзбекистонда алоҳида эътибор қаратилган. Унинг асарлари, улар ичида кўтарилган масалаларнинг аҳамияти ва мавзуларини юристлар, шарқшунослар, тарихчилар, филологлар ва ёзувчилар ўрганмоқдалар. 2000 йилда олимнинг ватани Риштон шаҳрида 910 йиллик юбилейи кенг нишонланди. Унда хорижий давлатларнинг илмий доира вакиллари иштирок этдилар. Ушбу тадбирда “Бурҳониддин Марғиноний ва унинг жаҳон илм-фани ва маданиятидаги ўрни” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди.
Манба: https://www.uzbekistan.de/ru/nachrichten
Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев