islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тошкент ислом институтида битирувчи курс талабаларига “Араб тили” фанидан якуний аттестация бўлиб ўтди

Юртимизда барча соҳалар қатори диний соҳада ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилиб, диний таълим тизимини такомиллаштириш, уларнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Тошкент ислом институтининг ҳар ўқув йили якунида “Исломшунос, имом-хатиб ва араб тилини ўқитиш мутахассислигининг Малака талаблари” асосида диний таълим муассасаси битирувчиларнинг мутахассислик фанлардан олган билимларини мониторингини ўтказиш йўлга қўйилган.

Битирувчиларга қўйилган “малака талаблари” асосида 4 йил мобайнида мутахассислик фанлардан ўзлаштирган билим ва кўникмалари мониторинг қилиниб, баҳоланади. Бу йил ҳам мазкур анъанага мувофиқ, жами 13 та “Фиқҳ”, “Усули фиқҳ”, “Замонавий масалаларнинг фиқҳий асослари”, “Ақоид”, “Илмул фароиз”, “Ҳадис”, “Мусталаҳул ҳадис”, “Ислом тарихи”, “Қуръон қироати ва тажвид”, “Тафсир”, “Улумул Қуръон”, “Араб тили” ва “Балоғат” каби мутахассислик фанлари бўйича бўлиб ўтди.

Бундан ташқари битирувчи курс талабаларидан чет тили “Араб тили”, ҳамда “Маънавият асослари ва Диншунослик” фанларидан Якуний аттестациялар бўлиб ўтади. Шунга асосан бугун 2018-2019 ўқув йилининг ўқув режадаги фанлардан муваффақиятли ўтган битирувчи курс талабаларига “Араб тили” фанидан якуний аттестация бўлиб ўтди.

Тошкент ислом институтининг кадрлар тайёрлашдаги асосий мақсади Ислом дини асосларини ўзлаштирган, инсонпарварлик ва Ватанга садоқат руҳида тарбия топган, юксак маънавий фазилатларга эга бўлган, соф Исломий эътиқод билан йўғрилган олий маълумотли исломшунос, имом-хатиб ва араб тили ўқитувчиларини тайёрлашдан иборатдир.

Қолаверса, диёримиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг Ислом назарияси, фалсафаси, маданияти ривожига қўшган беқиёс ҳиссаларини ўрганиш ва номларини абадийлаштириш, жумладан, улуғ мутафаккир ва муҳаддислар, азиз авлиёлар, буюк ватандошларимиз – Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотурудий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий, Хожа Аҳмад Яссавий, Маҳмуд Замахшарий каби кўплаб аждодларимиз қолдирган илмий меросни чуқур ўрганиш, уни жамлаб, халқимизга, энг аввало, ёш авлодга етказиш. Энг асосийси муқаддас динимизни, Қуръони карим оятларини, ҳадисларни чуқур ва кенг ўрганиб, уларни таҳлил қила оладиган, юқори малакали ва етук диний кадрлар ва соҳа мутахассисларини етиштириб чиқариб, халқимизнинг муқаддас динимиз борасидаги эҳтиёжларини тўла қондириш мақсад қилиб қўйилган.

Институт таълим режасига кўра талабаларга ижтимоий-гуманитар фанлар ва хорижий тилларни ҳам ўргатиш назарда тутилган. Дарслар ўзбек, рус, инглиз ва араб тилларида олиб борилади.

Институтда таълим сифатини ошириш ва малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида 2018 йилдан бошлаб “Диний фанлар” кафедраси негизида “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” ҳамда “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедралари ташкил этилди.

Хусусан, бугунги кунда Тошкент ислом институтида бешта кафедра ўз фаолиятини олиб бормоқда. Булар: 

– Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси;
– Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси;
– Таҳфизул-Қуръон кафедраси;
– Тиллар кафедраси;
– Ижтимоий фанлар кафедрасидир.

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси “Калом илми”, “Фиқҳ”, “Усулул фиқҳ”, “Илмул фароиз”, “Тасаввуф”, “Замонавий масалаларнинг фиқҳий асослари” каби фанларини ўз таркибига олган бўлса, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси “Ҳадис”, “Мусталаҳул-ҳадис”, “Ислом тарихи ва сийрат”, “Фаннул-хатоба”, каби фанларини ўз таркибига олган.“

Таҳфизул-Қуръон” кафедраси Республикада Қуръони каримни тўлиқ ёдлатишга ихтисослашган ягона билим даргоҳидир. Бу кафедрада талабалар Қуръонни тўлиқ ёд олиш имконига эга бўлишади.

Ҳозирда ушбу илм даргоҳида 70 дан ошиқ талаба таълим олаётган бўлса, уларнинг аксарияти Қуръон каримни тўлиқ ёд олишди. Уларнинг орасида Республика ва халқаро миқёсдаги қорилар мусобақаларида қатнашиб совриндор бўлган талабалар ҳам борлиги диққатга сазовордир. Талабаларимиз юртимизда ўтказилиб келинаётган қорилар мусобақаларида қатнашиб, нуфузли ўринларни олишлари билан бирга турли хорижий мамлакатларда ўтказиладиган халқаро Қуръон мусобақаларида ҳам муносиб иштирок этиб келишмоқда. Айни пайтда институтимиз 4-курс талабаси Ҳайитбоев Муҳаммадали шу йилнинг 19-27 май кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида VII Халқаро Қуръони карим мусобақасида иштирок этиш учун Туркияга жўнаб кетган.

“Тиллар” кафедраси. Кафедра aрaб, инглиз, рус, ўзбек, форс тилларини, балоғат, хаттотлик ҳамда форс қўлёзмаларини ўқиш ва тавсифлаш фанларини ўз таркибига олади.

Талабаларнинг бўш вақтларини унумли ўтказиш мақсадида араб тили, форс тили, балоғат, хаттотлик, нутқ маданияти каби фанлардан тўгараклар ташкил этилган. Институтимизда ҳар йили талабалар ўртасида араб тили фани бўйича мусобақа ўтказиб келинади. Ушбу мусобақа ғолиблари ва фаол қатнашчилари Ўзбекистон мусулмонлар идораси раҳбарияти ва институт маъмурияти томонидан мақтов ёрлиқлари ва қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирлаб борилади.

Қувонарлиси шуки 14-16 май кунлари Ўзбек тили ва адабиёти университетида ўтказилган Олий таълим муассасалари талабалари ўртасидаги Республика фан алимпиадасида “Араб тили” фани бўйича институтимиз 4-курс талабаси Нурбоев Ҳурмуҳаммад Холматжонович, 1-ўринни эгаллаб, Олий таълим вазирининг 1-даржали дипломи ҳамда уч миллион (3 000 000) сўмлик пул мукофоти сертификати билан тақдирланди.

Шунингдек, “Ижтимоий фанлар” кафедраси. Бу кафедра 2001 йилдан ўз фаолиятини бошлаган. Кафедранинг асосий мақсади диний ҳамда дунёвий фанларни уйғунликда ўргатиш, илмий – назарий ёндашиш тамойилларига асосланиб, ҳар томонлама етук кадрларни тайёрлаш. Ўтган давр мобайнида кафедра ўндан ортиқ ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича таълимни ташкил этиш ва илмий-тадқиқот ишларини бажариши билан институтда ўз ўрнига эга. Ҳар йили ижтимоий ва табиий фанлар бўйича дарс машғулотларига Республикамизнинг нуфузли таълим муассасаларининг етук ўқитувчи ва профессорлари жалб қилинади.

Тошкент ислом институти
Маънавият, маърифат ва иқтидорли
талабалар билан ишлаш бўлими
бошлиғи Ў.СОБИРОВ

84110cookie-checkТошкент ислом институтида битирувчи курс талабаларига “Араб тили” фанидан якуний аттестация бўлиб ўтди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: