Ироқ давлати ҳукумати ва ЮНИСЕФ Халқаро болалар ташкилоти билан ҳамкорликда она Ватанига қайтарилган бу болалар Ироқ давлати ҳудудида оғир шароитда яшаётган эди.
“Меҳр-2” инсонпарварлик амалиёти доирасида юртимизга олиб келинган 39 ўғил ва 25 қиз боланинг орасида 14 нафар 3 ёшгача бўлган ҳамда 2 нафар ота-онасидан айрилган жажжи бола бор.
Гуманитар амалиёт ишчи гуруҳи томонидан айни пайтда турли халқаро террористик ташкилотларга аъзо бўлиб, ўзга давлатлар фуқаролари тинчлиги ва осойишталигига таҳдид солгани учун Ироқ давлатида 10-20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган ёки умрбод қамоқ жазосини ўтаётган ўзбекистонлик аёллар билан тегишли суҳбатлар ўтказилди ва фарзандларини Ўзбекистонга қайтариш бўйича уларнинг розилиги олинди.
Афсуски, тўғри йўлдан адашиб, бошқа давлатлар орқали “уруш ўчоқлари”га бориб, халқаро террористик ташкилотлар сафига қўшилган ота-оналар фарзандлари руҳий ва жисмоний қийинчиликларга дуч келган.
Эндиликда бу болалар барча қулайликларга эга соғломлаштириш муассасасига жойлаштирилади. Мутахассислар уларга ҳар томонлама тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатади. Болалар учун иссиқ овқат ташкил этилиб, янги кийим-кечак билан таъминланади.
Уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш, ҳомийлар ва васийларга бириктириш, боғча, мактабга жойлаштириш масалалари ҳам ҳал этилади.
Давлатимиз раҳбарининг бағрикенглик сиёсати асосида амалга оширилаётган “Меҳр” инсонпарварлик амалиёти давом этади ва ҳеч бир Ўзбекистон фуқароси ҳимоясиз қолмайди.
“Меҳр-2” инсонпарварлик операцияси вакилининг ЎзА мухбирига берган маълумотларига кўра, Ўзбекистонга олиб келинган болаларнинг ота-оналари Ироқ давлатига террорчилик гуруҳлари ва таъқиқланган ташкилотлар таркибида бўлганликлари сабабли 10-20 йилга, айримлари эса умрбод озодликдан маҳрум этилган.