islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳазратимдан қолган асарлар…

Жудолик диёри эрур бу дунё,
Дилни емирмоқда ширин ҳасратлар.
Бу дунёдан бир зот кетдилар, аммо
У зотдан қолди-ку чексиз хизматлар!

Айтдилар қанчалаб ваъз-у хитоблар,
Ёздилар турфа хил, юзлаб китоблар,
Буларни чин мухлис топди излаблар,
Буларни топганда ошди ҳайратлар.

Тафсири ҳилоллар турар нурафшон,
Ҳадис ва ҳаёт бирла умрлар шодон,
Қуръон илмлари, ақоид ва иймон,
Ҳислатли бўлсин биздаги ҳикматлар!

Чин Ислом мусаффолиги йўлида,
Тасниф этилгандир Олтин силсила,
Доимо мўминнинг бўлсин кўнглида
Яхшилик ҳамда силаи раҳматлар!

Фароғат қасри – бахтиёр оила,
Унинг фарзандидир ҳар соғлом бола,
Ҳамда кексаларни эъзозлаш ила
Тугал бўлажакдир шунда роҳатлар!

Мўминнинг қалқон, нажот ва меърожи,
Эътиқодидир зулматда сирожи,
Мўмин умр сафари – бошда гултожи,
У учундир бари тотли неъматлар!

Ақийда-Таҳовий шарҳи талхийси,
Сунний ақийдалар бунда нафиси,
Усулул фиқҳ-у мусталаҳ ҳадиси,
Расулуллоҳ бирла ўтар соатлар!

Тасаввуф ҳақида тасаввур қилинг,
Зуҳд-у ҳаё бирла доимо бўлинг,
Амаллар ниятга боғлиқдир, билинг,
Шу бирла тугалдир бизнинг тоатлар!

Очиқ-ойдин эрур ҳалол ва ҳаром,
Соф табиат дини – динимиз Ислом,
Одоблар хазинаси – гўзал инъом,
Шоядки, тақводор бўлса ҳолатлар!

Ихтилофларга бор ечим, сабаблар,
Жуда кўпдир фиқҳий мазҳаб, китоблар,
Мазҳаблар бирлик рамзидир, жаноблар,
Шулар камин тўлдирур очиқ хатлар!

Қарз, бозорни ўйлаб, бўлсангиз гаранг,
Тезлик ила сиз зикр аҳлидан сўранг.
Сеҳр-у фолбинликдан асаблар таранг,
Йўқ бўлсин мазҳабсизликдай бидъатлар!

Қалбимиз тўғрилар руҳий тарбия,
Амалларга эса етар кифоя,
Ёлғон-у исрофга ясар ниҳоя
Ҳаёт мағзидир – динда насиҳатлар!

Ислом тарихига солсангиз назар,
Динни доим фозил, олимлар безар,
Самарқанд тўлиб сара уламолар
Чиқсин яна имоми ҳидоятлар!

Васатия бизнинг ҳаёт йўлимиз,
Удир мукаммал саодат йўлимиз,
Ижтимоий одоблар асл ўрнимиз,
Шундадир бари асли саодатлар!

Ўқинг, биродарим, тинмайин ўқинг,
Ҳазрат китобларин барчасин ўқинг,
Уларни ўқибон оламга боқинг:
Сиздан аригайдир ташвиш-у дардлар!

205 гуруҳ талабаси Қобулов Оятуллоҳ Фарходжон ўғли

124700cookie-checkҲазратимдан қолган асарлар…

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: