Бундан беш йил аввал 2015 йил, 10 март куни.
Ислом оламида ўз мавқеига эга бўлган етук аллома, кўплаб шогирдлар етиштирган буюк олим, бутун умрини илмга бахшида этган ва илм улашишга бағишлаган, уммат ғамида яшаб ўтган, кўплаб асарлар ва илмий мерос қолдириб кетган фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини эсламасликнинг иложи йўқ, албатта. Шу куни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бу фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилдилар.
Шу ўринда ҳазратимизнинг ҳаёт йўллари билан қисқагина танишиб чиқсак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳижрий 1371 йил 21 ражаб, милодий 1952 йил 15 апрель куни Андижон вилоятининг Асака туманидаги Ниёзботир қишлоғида, Муҳаммад Юсуф домла хонадонида таваллуд топдилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ етук аллома, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, муршид, ўз замонасидаги Ислом оламининг йирик намояндаси, улкан арбоб, СССР Олий Кенгашининг халқ депутати, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг собиқ муфтийси, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси, кўплаб халқаро илмий муассасалар, диний ташкилотларнинг аъзоси, Мовароуннаҳр халқларининг диний раҳнамоси эдилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ бутун умрини “Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва Суннатни ўрганиб, амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, бағрикенглик ва биродарлик руҳини таратиш, диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш” шиори остида Аллоҳ таолонинг ҳақ динига, У Зотнинг маҳбуб Пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган рисолатни тарғиб қилишга бахшида қилиб ўтган саодатманд инсон эдилар.
– 1971 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ўқишга қабул қилиниб, 1975 йили биринчи қалдирғочлар сафида ўқишни муваффақиятли битирди.
– 1982 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректор муовини;
– 1984 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори вазифаларида ишлади.
– 1981–89 йиллар мобайнида тафсир, ҳадис, Қуръон илмлари, ақийда фанларидан дарс берди.
У киши 1989 йилда, жуда қийин ва мураккаб даврда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий бўлди. Бу давр исломий илмлар, диний қадрият ва анъаналар қайта тикланган давр сифатида тарихимизда алоҳида ўрин тутади.
Муфтийлик вазифасида фаолият юритаётган вақтларида кўплаб мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга эришганлар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам муфтий, ҳам собиқ Иттифоқ Олий кенгаши депутати сифатида ҳукуматга мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, улар учун зарур шароитлар яратиш каби масалалар кўтарилган махсус баённома тақдим этган.
Мустабид мафкура ҳукмрон бўлган ўша оғир замонда бундай ташаббус билан чиқиш, ҳеч шубҳасиз, катта жасорат эди. Бунинг натижасида шўро ҳукуматининг мусулмонларга нисбатан сиёсати ўзгарган, масжид ва мадрасалар очилган, ҳаж зиёратига борувчилар кўпайган. 1990 йилда Марказий Осиё республикаларидан 500 нафар мусулмон Тошкент шаҳри орқали ҳаж зиёратига боришга муваффақ бўлган эди. Агар ўша даврда бутун собиқ Иттифоқ бўйича ҳар йили бор-йўғи 20-30 киши ҳажга борганини ҳисобга олганда, бу жуда катта натижа бўлган.
У киши ислом оламида маълум ва машҳур бўлган “Мухтасари Виқоя”, “Кифоя”, “Мазҳаблар – бирлик рамзи”, “Мазҳабсизлик – ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъат” каби китобларни ўзбек тилида шарҳлаб, ўша мураккаб йилларда кўпдан-кўп беҳуда ихтилофларнинг олдини олишга катта ҳисса қўшган.
Шайх ҳазратлари диний-маърифий мавзуларда 100 дан зиёд китоблар ёзган. Ҳазратнинг ҳикматга тўла сўзлари, суҳбатлари, радио ва телевидение, матбуот саҳифаларидаги доимий чиқиши, кўплаб китоблари, жумладан, аудио-китоблари орқали юртимиздаги ҳар бир хонадонга кириб борган.
Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан 2019 йил рамазон ойи кириб келишига Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ номларида муҳташам масжидда қуриб битказилди. Ушбу муҳташам мажмуа барча мўмин-мусулмонларга Рамазон туҳфаси бўлди.
Дарҳақиқат, бугун устоз, фазилатли шайх ҳазратларини хотирлаб қалбимиз маҳзун бўлади. Бироқ биз билан замондош бўлган ҳазратнинг қисқа вақт оралиғида қилиб ўтган ишлари, барча мўъмину муслималарга ибрат ва намунадир. Устозни хотирлаб Тошкент ислом институти талабалари томонидан 10 дона Қуръони карим хатм қилинди ва бағишланди.
Шайх ҳазратларининг Юртимиз фуқароларининг илмий саъвияларини кўтариш учун, уммат учун қилган ишларидан Аллоҳ таолонинг Ўзи рози бўлсин, Ўз раҳматига олсин, хато-камчиликларини мағфират қилиб, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жамул-жам этсин!
Интернет материаллари асосида тайёрланди.
Маънавият, маърифат ва иқтидорли
ёшлар билан ишлаш бўлими
бошлиғи А.Олимов