islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Отинойилик маъсулияти

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жойлардаги вакилларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари – отинойилар томонидан аҳоли ўртасида ижтимоий ва маънавий барқарорликни таъминлаш, жамиятда аёлларнинг тутган ўрни ва мавқеи, аёллар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш бўйича турли тадбирлар ўтказилмоқда.

Шу муносабат билан, жорий йилнинг 10 март куни Тошкент ислом институти талаба қизлари иштирокида “Отинойиларнинг жамиятдаги роли” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилояти бош имом-хатибининг аёл-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Н.Имомова ташриф буюрди.

Қарийиб 15 йиллик фаолиятига эга отинойи: “Шукрки, фаровон юртда, маърифатли эл орасида яшаяпмиз. Бундай шароитда жамиятга, ислоҳотларга, динга хизмат қилиш ота-боболаримизнинг орзуси бўлган”, дея гап бошлади. “Отин-аёл-қизлар муаллими, дин ва шариат билимдони, шунингдек аёллар ўртасидаги диний маросимларга бошчилик қиладиган, халқ орасида катта обрў-эътиборга сазовор бўлган кайвони аёлдир. Ҳатто “отин” сўзи маърифатпарвар аёлларни ҳурматлаб, исмига қўшиб айтилган. Улар Қуръони карим, тафсир, пайғамбарлар тарихи, фиқҳ ва миллий урф-одатларни яхши билган. Бугунги кунда отинойиларнинг вазифалари доираси жуда кенгайган. Улар нафақат диний билимлар эгаси, балки юртимизда таълим ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган улкан ислоҳотлар, жамиятимиз маънавий, диний ҳаётида кечаётган ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланиши лозимлигини таъкидлади. Анбар Отин, Жаҳон Отин Увайсий, Зебунисо, Нодирабегимлар зукко аёллар бўлишган. Улар дин, дунё, сиёсат ва маданият соҳасида маърифатли отинлар бўлиб, замонасининг аёл-қизларига фиқҳий, ижти-моий масалада йўл-йўриқ кўрсатишган.

Бугунги кунда жамият ҳаётига салбий таъсир кўрсатаётган, динимиз таълимотига зид бўлган фолбинлик, сеҳр-жоду, мушкулкушод, бибисешанба ва бошқа бидъат-хурофотларга барҳам бериш сиз талаба қизларнинг муҳим вазифаларидан эканлигин айтиб ўтдилар.

Жамиятнинг ярмидан кўпи аёл-қизлардир. Улар фарзандлар тарбияси билан бевосита шуғулланадилар. Отинойи номига муносиб бўлиш учун халқ ишончини оқлаши, маънавий ёрдамга муҳтож инсонларга ҳусни хулқда бўлиши, турли маросимларга борганда риё, манманлик ва таъмагирлик қилмаслиги керак. Отинойилар барчани ҳурмат қилиши, турли масалаларда маслакдош бўлиб иш олиб боришлари лозимдир. Ўз маҳалласи ва ҳар бир оилада барқарор маънавий-ахлоқий муҳитни таъминлаш чораларини кўриши керак.Сизлар келажакда мурожаат қилган оилаларга тўғри йўл кўрсатиб, бахтли оилалар сонини кўпайтирсангиз жамиятимиз, динимиз ва давлатимиз ривожига катта ҳисса қўшган бўласизлар. Бунинг учун ҳозирда сизлар яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда устиларингизда тинмай ишлаб, яхши ўқиб, маданиятли, маърифатли, имон-эътиқодли, ҳар томонлама бошқаларга ибрат, намуна бўлмоғингиз лозим.

Суҳбат қизғин савол-жавобларга айланиб кетди. Талаба қизлар бу улкан ва масъулиятлик вазифани астойдил бажариш билан жамият тараққиётига улкан ҳисса қўшишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйдилар.

Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова

124590cookie-checkОтинойилик маъсулияти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: