islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тарбия келажакка йўл

Тарбия ижтимоий ҳодиса эканлиги хусусида фикр юритганда, унинг аниқ мақсадга йўналтирилган ҳодиса эканлиги таъкидланади. Инсон камолотига таъсир этувчи омилларни таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, бу омиллар ичида тарбия муҳим ва етакчи ўринда турар экан. Ахлоқимиз биносининг гўзал ва чиройли бўлишида тарбиянинг таъсири каттадир.

Шарқона тарбия минг йиллар мобайнида исломий ахлоқ қоидалари асосида таркиб топиб боргани тарихдан маълум. Қуръони карим оятлари, Пайғамбар с.а.в нинг муборак ҳадислари, уламо ва ҳукамоларимизнинг китоблари тарбиямизнинг манбайи бўлиб хизмат қилган. Исломий тарбия мусулмонлар ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган. Исломий тарбия болани етти жиҳатдан тарбиялашни маслаҳат беради.

Булар: соғлиқ ва бадан тарбияси,ақлий тарбия, нафосат тарбияси, ахлоқий тарбия, виждоний ва нафсоний тарбия, диний ва руҳий тарбиядир. Расулуллоҳ с.а.в “Фарзандларингизни иззат-икром қилиш билан бирга, тарбиясини, одобини ҳам яхшиланглар!” деганлар. Шу билан бирга , “Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқ одобдан яхшироқ мерос қолдиролмайди” деб , тарбияда ота онанинг ролини белгилаб ўтганлар. Тарбиянинг вазифалари кенг ва кўп қирралидир. Таълимнинг асосий вазифаси ўқитувчиларни билим, кўникма ва малакалар билан қуроллантириш бўлса, тарбия ёш авлодда жамиятимизда қабул қилинган одоб –ахлоқ қоидаларига мос келадиган эътиқодни, ахлоқий малака ва кўникмаларни, эҳтиёж ва интилишларни таркиб топтиришдан иборат.

Тарбияшунос олим Абдулла Авлоний ўзининг “ Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида инсон камолотида тарбиянинг ўрнини алоҳида таъкидлаб, шундай деган эди: Жаноби Ҳақ инсонларнинг асл хилқатда истеъдод ва қобилиятли, яхши ила ёмонни, фойда ила зарарни, оқ ила қорани, айирадиган қилиб яратган.Лекин бу инсондаги қобилиятни камолга етказмоқ тарбия воситасида бўладир. Агар бола яхши тарбия топиб, бузуқ хулқдан сақланиб,гўзал хулқларга одатланиб, катта бўлса, бахтиёр бир инсон бўлиб чиқади. Агар тарбиясиз, ахлоқи бузилиб ўсса, насиҳатни қулоғига олмайдиган, ҳар хил бузуқ ишларни қиладиган нодон, жоҳил, бир расвойи одам бўлиб чиқади. Исломий тарбия барча мўмин мусулмонларни ниҳоятда хуш хулқли, ширин сўзли, олийжаноб бўлишга даъват этади.Тарбия қилув чилар табиб кабидирки, табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилгани каби тарбияни боланинг вужудидаги жаҳл маразига “яхши хулқ” деган давони ичидан, “поклик” деган давони устидан бериб, катта қилмоғи лозимдир. Ахлоқимиз биносининг гўзал ва чиройли бўлишига тарбиянинг зўр таъсири бордир. Бир ривоятда яхши тарбия кўрганнинг ўнта нишонаси санаб ўтилади.

1. Халқ тўғри деб топган нарсага нотўғри деб қарамаслик.

2. Ўз нафсига инсоф беришни сўраш.

3. Бошқалардан айб қидирмаслик.

4. Бировда бир ёмонлик содир бўлса, уни яхшиликка йўйиш.

5. Агар гуноҳкор узр сўраса, унинг узрини қабул қилиш.

6. Муҳожирлар ҳожатини чиқариш.

7. Эл ғамини ейиш.

8. ўз айбини тан олиш.

9. Эл билан очиқ юзли бўлиш.

10. Одамлар билан ширин муомалада бўлиш. Шарти исломияда ўз болаларини яхшилаб тарбия қилмоқ оталарга фарзи айн, ўз миллатининг етим қолган болаларини тарбия қилмоқ фарзи кифоядир, дейилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, Имон ва инсоф, сўз ва иш бирлиги, инсонпарварлик- янги қурилаётган жамиятнинг асосий хусусиятлари бўлиб қолади. Шундай экан, жамият ва халқ манфаати, унинг бахт- саодати учун курашиш масъулиятини ҳар бир фуқаро теран ҳис этиши ва унга амал қилиши лозим. Ёшларни тарбиялашда шарқона ва миллий ахлоқ- одоб нормалари асосида иш юритиш билан бирга жамиятга ҳурмат, мустақилликни мустаҳкамлаш, инсонларга инсоний муносабатда бўлиш каби фазилатларни сингдириш тақозо этилади. Бу вазифаларни амалгам ошириш ўқувчиларнинг жамиятга бўлган муносабатини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эгадир.

4-курс талабаси Қосимов А.

280030cookie-checkТарбия келажакка йўл

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: