Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан ҳазрати Жаброил алайҳиссалом воситаларида Пайғамбаримиз с.а.в.га нозил қилинди ва бу илоҳий калом шу маконда яшаётган кишиларнинг тилида аниқ ва равон иборалар билан баён қилинсада, кишилар уни мукаммал тушунишга қодир бўлмадилар ва устозга муҳтожлик сездилар. Ўша замонларда Қуръони каримнинг маъносини тушунтириш, яъни тафсир қилишда асосий ва илк муфассир Пайғамбаримиз с.а.в. эдилар[1]. У зот с.а.в. атрофидаги заковатли инсонларга Аллоҳ таоло Ўз каломининг мазмунини билдирганча тушунтирар ва тушуниш усулларини ҳам ўргатар эдилар.
Қуръоннинг маъноларини Пайғамбаримиз с.а.в. муфассал ва мукаммал тушунганлар. Чунки У зотга Қуръонни ёдлатиш ва маъноларини тушунтириш кафолатини Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олганлиги ҳақида каломида шундай деб марҳамат қилади:
إِنَّ عَلَيْنَا جَمْعَهُ وَقُرْآَنَهُ (17 ) فَإِذَا قَرَأْنَاهُ فَاتَّبِعْ قُرْآَنَ (18 ) ثُمَّ إِنَّ عَلَيْنَا بَيَانَهُ (19 )
“Зеро, уни (Сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингиздаги) қироати ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилида) уни ўқисак, Сиз ҳам уни ўқишга эргашинг! Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам, албатта, Бизнинг зиммамиздадир”[2] (Қиёмат сураси 17‑19‑оятлар).
Қуръон араб тилида нозил бўлгани учун унинг зоҳирий маъноларини саҳобаи киромлар ҳам тушунганлар. Аммо муфассал ботиний маъноларини фақат араб тилини билиш билан англаш мумкин эмас, уни англаш учун мунозаралар, баҳслар, ҳатто баъзи мушкулотларни тушунишда Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.га мурожаат қилганлар. Агар янада кенгроқ тушунтирадиган бўлсак, Қуръони карим маъноларини тушунишда саҳобаи киромларнинг фикрлаш даражалари ҳам, ўз тиллари ҳикматларини ажрата билиш қобилиятлари ҳам бир-бирлариникидан фарқ қилган.
Ибн Қутайба бу ҳақда шундай дейди: “Саҳобалар ғариб калималар, муташобиҳ оятларнинг маъноларини мукаммал билмаганлар, балки уларнинг орасида бир-бирларидан фазилатда, фаҳму фаросатда ортиқроқлари бўлган”[3].
Демак, саҳобаи киромлар Аллоҳ таоло нозил қилган оятларни ўзларича тушунганлар, тушунмаган жойларини бошқа улуғроқ саҳобалардан сўраб билганлар ёки ўз эҳтиёжларига мувофиқ тушунтириб бериш учун Пайғамбаримиз с.а.в.га мурожаат қилиб турганлар. У зот с.а.в. оятларнинг ҳикматларини, улардан ҳосил бўладиган тушунчаларни баён қилиб берганлар.
Бу ҳақда Ибн Халдун: “Набий с.а.в. саҳобаларига мужмал оятларни баён қилиб, носих ва мансух оятларни ажратиб ўргатар эдилар. Саҳобалар ҳам улардан оятлар сабаби нузулларини ўрганар эдилар” – дейди.
Расулуллоҳ с.а.в.га нозил қилинган Қуръони каримни инсонларга етказиш ва уларга маъноларини баён қилиб бериш пайғамбарлик вазифаларидан бири бўлиб, бу ҳақда Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 44-оятида очиқ зикр қилган:
بِالْبَيِّنَاتِ وَالزُّبُرِ وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ (44 )
Яъни, (Биз пайғамбарларни) ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик[4].
Саҳобаларнинг орасида Қуръонни тафсир қилиш билан шуҳрат топганлар озчиликни ташкил қилади. Имом Суютий “ал-Итқон” номли китобида муфассир саҳобаларнинг номларини санаб ўтган. Аввалги ўнталикка тўрт халифа (Абу Бакр, Умар, Усмон, Али), Ибн Масъуд, Ибн Аббос, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абу Мусо Ашъарий ва Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумлар киритилган. Улардан кейин Анас ибн Молик, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Оиша розияллоҳу анҳумлар қайд этилган. Аммо кейингилардан тафсир соҳасида жуда кам ривоят бор. Уларнинг бу соҳадаги шуҳрати аввалги ўнталикка баробар келмайди. Аввалги ўнталикка кирган саҳобаларнинг баъзиларидан кўпроқ, бошқаларидан озроқ тафсир нақл қилинган бўлсада, улар халқ орасида Қуръонни яхши билиш ва яхши тафсир қилишлари билан шуҳрат топганлар. Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумлар халифалик ишлари билан кўпроқ банд бўлганлар, вафотлари ҳам нисбатан тез бўлганлиги, у даврда олим ва муфассир саҳобалар кўп бўлиб, мусулмонларнинг илмга бўлган эҳтиёжи улар билан қондирилиб турилганлиги сабабидан, халифалардан жуда кам тафсир нақл қилинган. Аммо Али ибн Абу Толибдан жуда кўп тафсир нақл қилинган. Бунинг сабаби эса, у зотнинг халифалик ишидан кўп вақт фориғ бўлганлари, бошқа халифалардан умрлари узоқ бўлганлиги, турли миллат кишилари ҳам Исломни қабул қилган бўлиб, бу даврда Қуръон тафсирига эҳтиёж катта бўлганлиги сабабли бўлиши мумкин. Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳумлардан ҳам жуда кўп тафсир ривоят қилинган. Айниқса, Абдуллоҳ ибн Аббос р.а.ни Расулуллоҳ (с.а.в.) “Қуръоннинг таржимони”, деб атардилар[5]. Ўнталикдан қолганлари (Зайд ибн Собит, Абу Мусо ал‑Ашъарий ва Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумлар)нинг моҳир муфассир эканликлари мусулмонларга маълум бўлсада, улардан кўп ривоят қолмаган[6].
Саҳобаи киромлардан ривоят қилинган тафсирларни муфассирлар томонидан қабул қилиниш даражасида уламоларнинг фикрлари турличадир. Имом Ҳоким “Мустадрак” номли китобида: Ваҳийга шоҳид бўлган саҳобийнинг тафсирига марфуъ (олий) ҳукми берилади. Гўёки у саҳобий бевосита Пайғамбаримиз с.а.в.дан ривоят қилгандек-дейди. Кейин мазкур китобда Икки Шайх (Имом Бухорий ва Имом Муслим)нинг фикрини ҳам келтиради: Толиби ҳадис шуни билсинки, ваҳий ва оятнинг тушишига шоҳид бўлган саҳобийнинг тафсири муснад ҳадисдир.
Аммо Ибн Салоҳ Имом Нававий ва бошқа олимларнинг қайд этишларича, бундай ҳукм оятларнинг сабаби нузулига, раъй (шахсий фикри) билан тафсир қилиш мумкин бўлмаган оятларга жоиздир[7].
Саҳобанинг тафсири агар асбоби нузулга алоқадор бўлиб, уни раъй билан тушунтириш мумкин бўлмаса, унга марфуъ ҳукми берилади. Агар раъй билан тушунтириш мумкин бўлса ва Пайғамбар с.а.в.га санад етмаса, ундай оятлар тафсирига мавқуф ҳукми берилади. Марфуъ ҳукми берилган тафсирни рад этиш умуман мумкин эмас, балки муфассир уни олади ва ундан бошқасига ўтмайди.
Мавқуф ҳукми берилган тафсир ҳақида уламоларнинг турли қарашлари мавжуд бўлиб, баъзи олимлар айтади: “Саҳобада мавқуф бўлган тафсирни олиш вожиб эмас, чунки, саҳоба санадни Пайғамбаримиз с.а.в.га етказмадими, демак тафсир ўзининг ижтиҳоди экан. Мужтаҳид эса ижтиҳодда тўғри топиши ҳам мумкин, хато қилиши ҳам мумкин. Саҳобалар ҳам ижтиҳод масаласида бошқа мужтаҳидлар кабидирлар”.
Баъзи алломалар эса: “Саҳобада мавқуф бўлган тафсирни олиш вожибдир. Чунки, саҳобанинг Пайғамбар с.а.в.дан эшитганлик эҳтимоли мавжуд. Агар саҳоба ўз раъйи билан тафсир қилган бўлса ҳам, унинг раъйи саҳоба бўлмаган киши раъйидан афзалроқдир. Саҳоба Аллоҳнинг каломини бошқа одамлардан яхшироқ билади. Чунки, у Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.нинг суҳбатларини топган, У зот с.а.в.нинг хулқлари билан безанган, ўша замон тил шевасини яхши билган, ўша замонга хос бўлган ҳолатларни яхши тушунган, соғлом фикрли, камоли илм соҳиби бўлган кишидир. Хусусан саҳобийларнинг тўрт халифа, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Абдуллоҳ ибн Масъуд сингари уламолари, улуғларининг ижтиҳод билан қилган тафсирларини олмаслик мумкин эмасдир”[8].
Ҳофиз Ибн Касир ўз тафсирининг муқаддимасида: “Агар бирор оятнинг тафсирини Қуръондан ёки Суннатдан топмасак, саҳобаларнинг тафсирига мурожаат қиламиз, чунки, улар оят нозил бўлган вақтдаги ҳолатларга ва унга далолат қиладиган воқеаларга гувоҳ бўлган кишилардир. Уларнинг фаросатлари ўткир, илмлари соғлом, амаллари солиҳ кишилардир. Хусусан, улар орасида тўрт имом, рошид халифалар, ҳидоят топган имомлар, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу сингари уламолари, улуғлари бор”- деган[9].
ТИИ Модуль таълим шакли
талабаси Ибрагимов Олим
[1] Алимов У. “Тафсири Ирфон Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”. “SHARQ” нашриёт‑ матбаа акциядорлик компанияси, Бош таҳририяти, 2012 . –Б.379. –Ж.30.
[2] Мансур А. “Қуръони карим маъноларининг таржимаси”. – Т. “Тошкент ислом университети” нашриёт‑ матбаа бирлашмаси, 2004 .
[3]Обидов Р. “Қуръон, тафсир ва муфассирлар”. – Т .: “Мовароуннаҳр”, 2003 . –Б. 28-30
[4] Мансур А. “Қуръони карим маъноларининг таржимаси”. – Т. “Тошкент ислом университети” нашриёт‑ матбаа бирлашмаси, 2004 .
[5] Муфтий Усмонхон А. “Тафсири Ирфон Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”. “SHARQ” нашриёт‑ матбаа акциядорлик компанияси, Бош таҳририяти, 2012 . –Б 379. –Ж.30.
[6] Доктор Муҳаммад Ҳусайн аз‑Заҳаби. “Ат‑Тафсир ва ал‑муфассирун” Дорул ҳадис Қоҳира. 2005 . 1‑ж. –Б 59‑60.
[7] Обидов Р. “Қуръон, тафсир ва муфассирлар”. – Т.: “Мовароуннаҳр”, 2003. –Б 49.
[8] Обидов Р. “Қуръон, тафсир ва муфассирлар”. – Т.: “Мовароуннаҳр”, 2003 . –Б. 30-51.
[9] Исмоил Ибн Касир. “Тафсир ал‑Қуръон ал‑Азим”. Дорул маърифаҳ Байрут, 1989 . 1‑ж, 4‑с.