Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ноябрь – Фиқҳ, усулул фиқҳ, фароиз фанлари ойлиги” муносабати билан аёл-қиз талабалар учун “Аёлларга хос ҳолатларнинг тиббий жиҳатлари” мавзусида суҳбат ташкиллаштирилди. Олий тоифали акушер гинеколог Муҳаббат Саатова қиз болаларнинг соғлом вояга етиши, уларни оналикка тайёрлаш, ҳайз ва нифос ҳолатлари, ҳайз даврининг меъёри ва унинг бузилишига таъсир қилувчи омиллар ҳақида сўзлади. Суҳбат интерфаол услубда бўлиб ўтди. Суҳбат сўнгида устозлар ва талаба қизлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Ҳайз – балоғатга етган қиз болада ва бола туғиш ёшидаги аёлларда ҳар 26-29 кунда, баъзан 21-24 кунда (қисқа цикл) содир бўладиган биологик жараён. Ҳайз циклида, асосан, тухумдон ва бачадонда ўзгариш рўй бериб, бачадондан маълум миқдорда қон кетади. Ҳайз кўриш марказий нерв тизими (бош мия пўстлоғи, гипоталамус, гипофиз) томонидан бошқарилади. Нормал ҳолатдаги ҳайз циклининг асосий характеристикаси: ҳайзлар орасидаги давр – 21-30 кун; ҳайз давомийлиги 3-7 кун; ҳайз пайтида ажраладиган қон ҳажми 50-150 мл. Ҳайз кўришни бошлаган ёш қизларда 6 йилгача ҳайз цикли номунтазам бўлиши мумкин. Бу ҳолат нормал ҳисобланади.
Аёл организмининг нормал функционал ҳолати турмуш тарзининг бекаму кўст бўлишига, қизларни ёшлигидан бошлаб тўғри тарбиялаш ва парвариш қилишга боғлиқ. Бу гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, организмни чиниқтириш, яхши овқатланиш, меҳнат ва дам олишни тўғри йўлга қўйиш, жисмоний машқларни бажариш, инфекцион касалликлардан сақланиш, агар касаллик рўй бергудек бўлса, ўз вақтида даволатишдан иборат. Шуни назарда тутиш керакки, қиз бола организми ҳайз кўргунча унга аста-секин тайёрланиб боради, бунда организмнинг бир-бири билан боғлиқ бўлган аъзо ва тизимлари (ички секреция безлари, юрак-томир, нерв тизими ва ҳ. к.) иштирок этади, бу мураккаб жараённинг ҳаммаси ҳайз циклининг меъёрий кечишида муҳим роль ўйнайди.
Ҳайз кўриш циклининг ўзгариши организмда бирор-бир касаллик борлигидан далолат беради. Аёллар танасидаги гормонал бузилишлар ҳайз цикли меъёрларини бузади
Ҳайз циклини бузилганлиги белгилари: Ҳайз циклининг номунтазамлиги; 6 ойдан ортиқ ҳайзнинг бўлмаслиги; навбатдаги ҳайзнинг бир неча кундан бир неча ойларгача сурилиши; кўп ҳайз кўриш (150 мл дан ортиқ), лахта-лахта (қуйқали) ва оғриқли бўлиши; кам ҳайз кўриш, 3 кунгача суркалиб келиши; қовуқ сохасидаги ҳайзгача ва ҳайз пайтидаги даврда оғриқлар; кайфиятни сезиларли ўзгариши (предменструал синдром).
ТИИ “Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси”
ўқитувчиси Зойирова Ҳафиза