islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ҚАДР КЕЧАСИ ФАЗИЛАТИ

Дунё кечаларининг энг афзали рамазон кечаларидир. Шу кечалар ичида энг афзаллари – охирги ўн кунининг кечаларидир. Охирги ўн кечалари ичида ҳам энг афзаллари тоқ кечалари бўлиб, буларнинг ичида эса йигирма еттинчи кеча – яъни, қадр кечаси энг афзал кечадир.

Умримиз жуда ҳам тез ўтиб боряпти. Кечагина биз интиқиб кутган рамазон булутнинг ўтишидек тўхтамай ўтиб бораверади. Аввал биринчи ўн куни, кейин иккинчи ўн куни, кейин эса ҳал қилувчи палласи бўлмиш учинчи ўн куни ҳам бир биридан тез ўтиб кетади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло рамазон кунларини Қуръони каримда “бир ой” демасдан, “саноқли кунлар” деб баён қилган. Аслида бир ой экани, ундан бир кун ошиқ ҳам, кам ҳам эмаслиги ҳаммага маълум. Лекин Аллоҳ таоло рўза кунларини “бир ой” демасдан “саноқли кунлар” дейиши бу кунлар саноқлигина, нақадар тез ўтиб кетадиган кунлар эканини англатади.

Рамазон тунларининг энг улуғи қадр кечаси ҳисобланади. Бу кечанинг ибодати қарийб йигирма тўққиз ёки ўттиз минг кечадан афзалдир. Ҳа, ўттиз минг кечага тенг эмас, балки ўттиз минг кечадан ҳам афзалдир. Чунки Аллоҳ таоло бу ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир”.

Бу кеча ер билан малаъу-л-аъло боғланадиган кеча. Бу кеча Жаброил фаришта бошчилигида нурдан яратилган фаришталар тушиб, еру осмонни, масжидлар, уйлар ва кўчаларни тўлдириб юборишади. Буюклик ҳамда башарият ҳаётига таъсир ўтказишда бу кеча каби бирор кечани Ер ҳали кўрмаган ва кейин ҳам кўрмагай.

 Бу кеча рамазоннинг йигирма еттинчи кечаси экани уламолар ўртасида машҳур бўлган қавлдир. Чунки айрим ҳадисларга кўра қадр кечаси кўпроқ йигирма еттинчи кеча деб умид қилинади. Жумладан:

عن عائشة رضي الله عنها قالت: كَانَ رسولُ الله صلى الله عليه وسلم يُجَاوِرُ في العَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ ، ويقول: تَحرَّوا لَيْلَةَ القَدْرِ في العَشْرِ الأواخرِ منْ رَمَضانَ. رواه البخاري

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунларида эътикоф ўтирар эдилар ва: “Қадр кечасини рамазоннинг охирги ўн кунлигидан изланглар”, дердилар”. Имом Бухорий ривоят қилган.

Хусусан рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кечалари, яъни, йигирма бир, йигирма уч, йигирма беш, йигирма етти ва йигирма тўққизинчи кечалари борасида муборак ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْوِتْرِ مِنْ الْعَشْرِ الْأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ. رواه البخاري

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини рамазондаги охирги ўн кунликнинг тоқларидан изланглар”, дедилар”. Имом Бухорий ривоят қилган.

Қадр кечаси рамазоннинг йигирма еттинчи кечаси деб умид қилишимизга  эса қуйидаги ҳадис далолат қилади.

عن زِرِّ بْنِ حُبَيْشٍ يَقُولُ: سَأَلْتُ أُبَيَّ بْنَ كَعْبٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، فَقُلْتُ: إِنَّ أَخَاكَ ابْنَ مَسْعُودٍ يَقُولُ: مَنْ يَقُمْ الْحَوْلَ يُصِبْ لَيْلَةَ الْقَدْرِ. فَقَالَ: رَحِمَهُ اللَّهُ، أَرَادَ أَنْ لَا يَتَّكِلَ النَّاسُ. أَمَا إِنَّهُ قَدْ عَلِمَ أَنَّهَا فِي رَمَضَانَ، وَأَنَّهَا فِي الْعَشْرِ الْأَوَاخِرِ، وَأَنَّهَا لَيْلَةُ سَبْعٍ وَعِشْرِينَ. ثُمَّ حَلَفَ لَا يَسْتَثْنِي أَنَّهَا لَيْلَةُ سَبْعٍ وَعِشْرِينَ. فَقُلْتُ: بِأَيِّ شَيْءٍ تَقُولُ ذَلِكَ يَا أَبَا الْمُنْذِرِ؟ قَالَ: بِالْعَلَامَةِ أَوْ بِالْآيَةِ الَّتِي أَخْبَرَنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهَا تَطْلُعُ يَوْمَئِذٍ لَا شُعَاعَ لَهَا. رواه مسلم.

Зирр ибн Ҳубайш айтади: «Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан: «Биродарингиз Ибн Масъуд: «Ким йил бўйи қоим бўлса, Қадр кечасини албатта топади», деяпти», деб сўрадим. У: «Аллоҳ унга раҳм қилсин. У одамлар суяниб қолмасин деб шундай қилган. Аслида у қадр кечаси Рамазонда, охирги ўн кунликда, йигирма еттинчи кечада эканини биларди», деди. Кейин истисно* қилмай, унинг йигирма еттинчи кечада эканига қасам ичди. «Буни нимага асосланиб айтяпсиз, эй Абул Мунзир?» дедим. У: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга айтган аломат [ёки белги] асосида. Ўша куни у (қуёш) ёғдусиз чиқади», деди». Имом Муслим ривоят қилган.

Истисно қилмай қасам ичди, дегани – “иншоаллоҳ” демай, қасамини қатъий ичди деган маънони англатади.

Демак, имкони бор кишилар рамазоннинг ҳамма кечаларини, унга имкон бўлмаса, охирги ўн кечаларини, агар унга ҳам имкон қилолмаса, охирги ўн кунликнинг тоқ кечаларини, ҳеч бўлмаганда йигирма еттинчи кечасини ибодат билан билан бедор ўтказса, ўзи учун кўплаб яхшиликларни қўлга киритиб олади.

Аслида ҳисоб-китобни яхши билган киши бундай улуғ кечани асло қўлдан бой бериб қўймайди. Чунки бир кечанинг ибодати учун йигирма тўққиз минг ёки ўттиз минг кечани ибодат билан ўтказгандан ҳам кўпроқ савоб берилади. Катта-катта тижорат дўконлари вақти-вақти билан акция эълон қилиб, кўплаб нарсаларда катта чегирмалар қилади. Бундай фурсатни бой бериб қўймаслик учун кўпчилик кишилар мазкур дўконларга зудлик билан бориш ҳаракатида бўлишади. Бу чегирмалар баъзан 20% лик чегирмалар бўлса, баъзан 50% гача ҳам бўлади. Энди қадр кечасини тасаввур қилинг. Биргина кечанинг ибодати 20 ёки 30 фоизлик чегирма каби эмас, энг камида ҳам 29 000 ёки 30 000 баробардан кўра кўпроқ кўпайтириб бериладиган имтиёз.

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кечани ғанимат билар эдилар:

 عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا دَخَلَ الْعَشْرُ شَدَّ مِئْزَرَهُ وَأَحْيَا لَيْلَهُ وَأَيْقَظَ أَهْلَهُ. رواه البخاري.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:  “(Охирги) ўн кунлик кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам изорларини маҳкам боғлаб*, кечани тирилтирар (яъни бедор ўтказар) ва аҳлларини уйғотар эдилар”. Имом Бухорий ривоят қилган.

* “Изорларини маҳкам боғлаб” сўзидан – ибодатга астойдил бел боғлаганлари ёки аёлларидан четланганлари тушунилади.

Тунни тирилтириш – уни ибодат билан ўтказишдир. Демак, бундан маълум бўладики, ибодатсиз ўткан вақтлар ўлик вақтлар ҳисобланар экан.

Тунни ибодат билан бедор ўтказиш Аллоҳ таолони зикр қилиш, гуноҳларга тавба қилиш, таровиҳ ва таҳажжуд намозларини ўқиш, силаи раҳм қилиш, ота-онага яхшилик қилиш, уришиб қолган кишилар ўртасини яраштириш, ёмон амал ва ёмон ниятлардан сақланиш, имкон даражада хайр-эҳсон ва садақалар улашиш ва шу каби хайрли амалларга машғул бўлиш билан амалга ошади. Ҳар бир киши ўзи қодир бўлганича турли хил солиҳ амалларни кўпайтириб олиши лозим. Чунки бу фурсат ўта қадрли, ўта қиммат ва ғаниматли фурсат ҳисобланади.

Бандалар лайлату-л-қадрни қоим қилса, Аллоҳ таоло фаришталарга фахрланар экан: Қадр кечасини аниқ қилинмаган бўлсам ҳам бандаларим тахмин билан шунчалик ихлос ила ибодат қилишяпти, агар бу тунни аниқ қилиб қўйганимда қанчалар ибодат қилган бўлишар эди?!

Кечани қоим қилишда  хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан адо этилса, янада афзал бўлади.

Лайлатул қадр кечаси Аллоҳ таолодан асосан нимани сўрашимиз керак?

عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللَّهِ، أَرَأَيْتَ إنْ عَلِمْتُ أَيُّ لَيْلَةٍ لَيْلَةُ الْقَدْرِ مَا أَقُولُ فِيهَا؟ قَالَ: « قُولِي اللَّهُمَّ إنَّكَ عَفُوٌّ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ .

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Мен: “Ё Расулуллоҳ, айтингчи, агар мен Қадр кечаси қайси кеча эканини билсам, унда нима деб дуо қилай?”, дедим. У зот: “Аллоҳумма иннака ъафуввун туҳиббул ъафва фаъфу ъанний” (яъни, эй Аллоҳим, албатта Сен ўта афв қилувчисан, афв қилишни яхши кўрасан, мени афв қилгин”, деб дуо қилгин”, дедилар”. Имом Термизий ривоят қилган.

Азизлар! Амаллар охирига қараб баҳоланади. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Амаллар хотимасига кўрадир”, деганлар.

Ҳа, натижа ишларнинг бошланиши эмас, айнан ниҳояси билан юзага чиқади. Рамазоннинг аввалида ибодатларга ҳимматимиз баланд бўлади. Лекин Рамазон ўтиб борар экан, ибодатларда сустлашиб борамиз. Айниқса, рамазоннинг ярми ўтиб, масжидларда хатмлар охирлаб борар экан, жамоат ҳам камайиб, намозда ҳам, бошқа ишларимизда ҳам сустлашиб қоламиз. Бу ишимиз тўғри эмас. Охиригача ҳимматимизни туширмайлик.

Баъзиларимиз эса рамазонни аввалбошда яхши кутиб ололмаган, яхши бошлай олмаган бўлса, ҳеч бўлмаганда, яхши якунлаб, яхши кузатиб қўйишимиз керак.

Югуриш мусобақаларида марра кўриниши биланоқ спортчилар жон-жаҳди билан чопа бошлайди. Футбол ёки баскетбол ўйинларида ҳам бирор натижа кўрсатиш илинжида, айниқса, охирги дақиқаларда ўйинчилар шиддат билан ўйнашади.

Охират ютуғини қўлга киритиш учун ундан-да қаттиқроқ ҳаракат қилишимиз лозим бўлади. Рамазон охирлаб бормоқда. Охирги амаллар ўта аҳамиятли ва эътиборли ҳисобланади. Рамазон ойининг энг афзал кечалари охирги ўн кунларининг кечаларидир. Демак, маррага оз қолди. Агар нафсимиз бу кечаларда бўшашиб, дангасаликка йўл қўядиган бўлса, биз унга: “Эй нафсим! балки бу Рамазон сен учун охирги рамазондир”, деб айтайлик!

Зеро буюк Роббимиз шундай марҳамат қилган: “Мусобақа қилувчилар мана шу  (неъматлар) йўлида мусобақа қилсинлар!” (Мутоффифийн сураси, 26-оят).

Қудратуллоҳ СИДИҚМЕТОВ,

Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси

442510cookie-checkҚАДР КЕЧАСИ ФАЗИЛАТИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: